Мирзиёев Президент ҳукмронлигини камайтирмоқдами?

  • 17 Март 2017
Президент девони жойлашган Оқсарой музейга айлантирилиши айтилган Фото муаллифлик ҳуқуқи Sputnik
Image caption Президент девони жойлашган Оқсарой музейга айлантирилиши айтилган

Мутахассисларга кўра, Президент девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармон фундаментал ўзгаришларга йўналтирилмаган. Бироқ амалда Президент масъулиятини камайтириш ва ваколатларни имкон қадар кенг бўлиб бериш йўлида сезиларли ишлар қилинаётганини кўриш мумкин.

Мирзиёев 1 март куни Президент девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида фармонга имзо чекди. Бир неча кун ўтиб интернет тармоқларидаги қонун ҳужжатлари базасини юритувчи lex.uz сайтида пайдо бўлди.

Фармонда Президент девони тузилмасидаги хизматлар номма-ном келтирилган.

Президент девони тузилмаси тўғрисида Ўзбекистонда 2011 йилга келиб фармон қабул қилинган. Бироқ ушбу ҳужжат интернет орқали жамотчиликка ошкор қилинмаган.

Ўзбекистондаги энг қудратли идора

Маълум муддат Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов матбуот хизматини бошқарган Шароф Убайдуллаев Президент девони Марказий Қўмитанинг давомчиси бўлган қудратли ташкилот бўлганлигини айтади. Ушбу хизмат тузилмалари ва фаолияти халққа кўп ҳам очиқланавермаган.

"Илгари Президент девони ўша эски Марказий комитетнинг деярли давомчиси эди. Марказий комитет ҳам барча ишлаб чиқариш ва раҳбарликнинг ҳамма қирраси билан шуғулланарди".

Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, Президент девони Каримов даврида ҳам ҳозир ҳам Ўзбекистондаги энг қудратли орган сифатида фаолият юритади.

"Ўзбекистон конституцияга кўра, Ўзбекистондаги энг қудратли давлат органи - бу президентлик институти. Президентлик институти - учга тақсимланган ҳокимиятни мувофиқлаштирувчи ва ижроия ҳокимиятни тўғридан тўғри бошқарувчи қудратли давлат органи. Президентлик институтини на суд тизими ва на қонунчилик палатаси импичмент орқали тийиб туриш имкониятига эга эмас. Ўзбекистонда президентлик институти қудратини ифода этувчи биринчи давлат органи Президент девони ҳисобланади", - дейди Раббимов.

Каримов матбуот хизматини бошқарган Шароф Убайдуллаевга кўра, 1 март куни қабул қилинган фармоннинг тагида Президент девонини мазмунан қайта қуриш ётибди.

"Президент девонининг ҳам Қишлоқ хўжалик бўлимига ўхшаган, иқтисодиёт бўлими бор эди. Ишлаб чиқаришга бевосита боғлиқ бўлган бўлимлари бор эди. Ишлаб чиқаришни назорат қилиб туришни канда қилмаган эди. Янги фармонда ишлаб чиқариш, иқтисодий масалаларга олдингидек аралашиш масалалари четлаб ўтилган", - дейди Убайдуллаев.

Журналистга кўра, девон Вазирлар маҳкамасини такрорлар эди. Вазирлар маҳкамасидаги ҳамма бўлимлар Президент девони назоратида турарди, параллел бошқарувнинг бир кўриниши бўлган.

Шавкат Мирзиёев узоқ йиллар Вазирлар маҳкамасини бошқаргани ва бу параллел бошқарувдан азият чекиб келгани учун, Президент девонида бу масалаларга барҳам беришга қарор қилган бўлиши мумкинлиги айтилади.

Бироқ ушбу фикрга бошқа мутахассислар қўшилишмайди. Уларга кўра, янги фармонда Президент девони ваколатларини камайтириш борасида сўз бораётгани йўқ. Шунчаки унинг ичида қайта тақсимланиш ҳолати бор.

"Янги фармонда Президент девони ваколатлари камайиши ҳақида гап сўз бўлаётгани йўқ. Фақатгина унинг ичидаги сектор, бўлимларнинг ваколатлари қайта тақсимланаяпти, холос. Баъзи сектор кучайяпти, баъзи йўналиш ва хизматларнинг ваколати иккига бўлиняпти. Фундаментал жиддий ўзгариш бўлаётгани йўқ", - дейди Камолиддин Раббимов.

Президент девони халққа очила бошлади

Ўзбекистонда ҳокимият алмашганидан сўнг янги Президент Шавкат Мирзиёев ўз сиёсатини халқ билан мулоқот устида шакллантиришини эълон қилди.

Бу нарса йиллар давомида муаммолар гирдобида қолиб, дардини кимга айтишини билмаётган одамлар учун умид чироқларини ёқди. Муаммолар ечилиши борасида сезиларли ўзгаришлар кўринмаётган бўлса-да, ҳукуматнинг халқни эшитишга қилаётган сайъи-ҳаракатлари ижобий баҳоланмоқда.

Бу ўзгаришлар нуқси қудратли орган бўлмиш Президент девонига ҳам ураётгани айтилади.

"Одатда катта ўзгаришлар бир лаҳзада бўлмайди. Иккинчидан Президент девонининг услуби Президент дунёқараши билан узвий боғлиқ бўлади. Каримов даврида Президент девони жуда ҳам кучли бир қўрғон, қалъа эди ва ўйлайманки, Шавкат Мирзиёев келиши билан Президент девонининг халққа, жамиятга очиқлик даражаси анча ошди. Ҳар бир вазирлик ва ҳар бир давлат маслаҳатчисига тўғридан тўғри жамият билан ишлаш ва ўзининг ваколати доирасида муаммоларни ҳал қилиш масъулияти вазифаси юкланди", - дейди Камолиддин Раббимов.

Кузатувчилар, Мирзиёевнинг бошқарув услубида ваколатларни бир шахс зиммасида эмас, балки барча раҳбарлар масъулияти сифатида бўлиб ташлаш ҳаракати яққол сезилаётганини айтишади.

Ўзбекистон марказий телеканалларида халқ аксини кўрмаган ва овозини эшитмаган вазирлар интервью бера бошлади. Турли вазирлардан тортиб вилоят ҳокимларигача чет эл сафарларига чиқиб, мустақил равишда келишувлар ва учрашувлар ўтказа бошлади.

Бунга Россияга сафар қилган Тошкент ва Самарқанд вилоят ҳокимларини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tatarstan.ru
Image caption Самарқанд вилоят ҳокими Татаристонга ўз мулозимларини ҳам олиб борган

Самарқанд вилояти ҳокими ҳатто Татаристон Президенти Рустам Миннихонов билан учрашган. Кузатувчилар бундай ҳолатлар Президент Каримов даврида учрамаганини айтишади. Ҳаттоки ўша вақти Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев акси ҳам телевидение орқали алоҳида кўрсатилмасликка ҳаракат қилинган.

"Мирзиёевнинг ишга ёндашувидаги, ўзининг обрўйини сақлаш, манфаатини ҳимоя қилишдаги асосий нуқта - ваколатларни, вазифаларни имкон қадар кенгроқ бўлиб бериш ва бу соҳанинг маъсулияти имкон қадар Президенга тушмасдан соҳа раҳбарларига зиммасига юклаяпти. Каримов даврида амалдорлар кўринмасди. Аммо Мирзиёев ҳар бир раҳбар ўз аравасини ўзи тортсин деган тушунчани сингдиришга ҳаракат қилаяпти", - дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Бироқ кузатувчилар кўра, Президент девони тўғрисидаги фармонда оммавий ахборот воситалари билан шуғулланувчи хизматнинг сақлаб қолингани ушбу ўзгаришлар қийин ва узоқ вақт давом этишидан дарак беради.

"Оммавий ахборот воситалари билан шуғулланувчи конкрет бўлим мавжудлиги - бу эски марказқўмнинг, эски партиявий йўлнинг давоми бўлиб намоён бўлаяпти. Бу мутлақо тўғри эмас. Оммавий ахборот воситалари ва унинг кадрлари, фаолияти, йўналиши ва мундарижаси билан ҳам Президент аппаратидаги амалдорлар шуғулланмаслиги керак. Мулозимларнинг иши эмас бу. Оммавий ахборот воситалари халқники, халққа хизмат қилади. Матбуот мустақил бўлиши керак. Унинг фаолиятини биринчи навбатда халқ назорат қилиши керак", - дейди Шароф Убайдуллаев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ