Ҳайдовчилар камераларни илиқ кутиб олди

камералар Фото муаллифлик ҳуқуқи Anhor.uz

Тошкент шаҳрида 15 мартдан бошлаб йўлдаги қоидабузарликларни қайд қилувчи камералар иш бошлади. Пойтахтлик ҳайдовчилар видео камералар йўлларни тартибга сола бошлаётганини илиқ қарши олган. Масъулларнинг айтишича, 36 соат давомида 10 мингдан ортиқ қоидабузарлик қайд қилинган.

Ҳайдовчиларга жарима ёзилган квитанциялар кела бошлаган. Умуман камералар ишга тушгани Тошкент йўлларида яққол сезилган.

"Одамлар қизилда ўтиб кетиб қолмайлик, белгиланган чизиқ устига чиқиб қолмайлик деб светофор олдида ўта эҳтиёткорлик билан ҳайдашаяпти. Натижада йўлларда бироз тирбандлик юзага келган. Лекин ҳеч ким бир-бирини шошилтирмаяпти", - дейди Би-би-си билан суҳбатда тошкентлик ҳайдовчи.

Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчилар ўртасида 3 кундан бери берилаётган ва муҳокама қилинаётган савол - бу ишга тушган видео камералар ҳақида бўлмоқда.

Мурожаатларнинг аксарияти "қоида бузганликларини қаердан билса бўлади", мавзуси атрофида.

"Қоида бузганимни камера ёзиб олганини қандай қилсам бўлади, илтимос тезда жавоб ёзинг", - дейди Facebook иштирокчиларидан бири.

Кимдир машинаси қайд қилинган манзилда яшамаслиги сабаб жарима квитанцияси бошқа жойга кетишини ва қоида бузганларнинг умумий базаси бор, йўқлигини сўрайди.

Қоидабуззарлик қайд этилган квитанциялар уч куннинг ичида почта орқали машина қайд қилинган манзилга етиб боради.

Тошкентнинг 115 та чорраҳасига ўрнатилган камералар биринчи босқичда икки турдаги қоидабузарликни қайд этиши маълум қилинган. Светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетиш ва рухсат берилган тезликни ошириш.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги масъулларининг айтишича, қоидабузарликни қайд қилиш ва жарима юбориш ишларининг ҳаммаси компьютерлашган ҳолда амалга оширилади ва унда инсон омили роль ўйнамайди

"Квитанциялар автомобиллар ҳайдовчиларига автоматлаштирилган тартибда почта орқали юборилади. Инсон омили, яъни тузатишлар, қўшимчалар бўлмайди", - деган Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси «Компьютер маркази» бўлими бошлиғи подполковник Шуҳрат Муратов брифинг чоғида.

Масъулга кўра, чорраҳаларни камералар билан қамраб олиш босқичма-босқич амалга оширилади. Лойиҳанинг синов босқичи уч-тўрт ой давом этади, кейин эса иккинчи босқич бошланади. Унда мобиль телефонидан фойдаланиш, хавфсизлик камарини тақмаслик каби қоидабузарликлар ҳам қайд этилади. Бу нарсалар ходимлар томонидан қайд этилади.

Камералар ишга тушиши билан ижтимоий тармоқларда бу ҳолатни кулгу остига олувчи видеоролик ва расмлар чиққан.

Кўп ҳолларда хориж киноларига ҳаваскорларнинг овоз берганини кўриш мумкин. Улардан бирида камералар ишга тушгани билан йўлларнинг сифатсизлиги ва белги чизиқларнинг кўринмаслиги ҳажв остига олинган.

"Камералар ишга тушди. Энди барча турдаги солиқларни бекор қилсак ҳам қолган пулга йўлларимиз тилладан бўлади", - дейди Twitter фойдаланувчиси.

Яна бир фойдаланувчи камералар ишга тушишини ҳайдовчилар ижобий қарши олганини ёзган.

"Одамни ҳурсанд қилаётган жиҳат - аҳоли йўлдаги камералар ишга тушишини ижобий қабул қилди. Ҳеч ким ҳеч кимни сўкмади, биров бирор нимадан норози бўлмади. Умумий савия, ҳайдовчилик маданияти, ўзаро ҳурмат сал бўлсада ошган, деган умид уйғонди", - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг