#100кун: 'Мирзиёев Каримовдан кўпроқ Назарбоевга ўхшайди'

  • 19 Март 2017
Фото муаллифлик ҳуқуқи ICG
Image caption Мирзиёевга Каримовдан оғир мерос қолган.

Брюсселда жойлашган Халқаро инқироз гуруҳининг айтишича, 100 кун Каримовнинг ўлимидан сайловларгача ўтган вақт оралиғида пайдо бўлган барча муҳим саволларга жавоб топиш учун етарли эмас.

Яъни Мирзиёевнинг ваъдалари шунчаки сайлов кампаниясидаги тактикамиди ёки мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларини ечишга қаратилган самимий ёндошувми?

Гуруҳ чиқарган ҳисоботда айтилишича, Мирзиёевнинг муваққат президент сифатидаги дастлабки қадамлари ҳукуматдаги ўзгаришлар орқали ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга қаратилди.

2002-2012 йилларда бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган Абдулла Арипов 14 сентябр куни айни лавозимга қайтарилди.

Қасамёд маросимидан сўнг эса Мирзиёев парламентнинг ҳар икки палатаси маъқуллаши билан Ариповни бош вазирликка тайинлади.

Ўз вақтида эҳтимолий рақиб сифатида кўрилган Рустам Азимов эса (Халқаро инқироз гуруҳи Азимовнинг Оксфорда таҳсил кўрганини айтган-таҳр) макроиқтисодий ривожланиш ва хорижий сармоялар бўйича бош вазир ўринбосари лавозимини сақлаб қолди, аммо Молия вазирлигини собиқ иқтисодиёт вазири (2006-2009) Ботир Хўжаевга олдириб қўйди.

Шу тариқа Мирзиёев Азимовга ким хўжайин эканини кўрсатиб қўйди.

Президент шунингдек, 16 январ куни ўтган ҳукумат мажлисида Азимов 11 йил давомида бошқариб келган Молия вазирлиги аппаратини кескин танқид қилди ва уни ўз-ўзига танқид билани ёндашиш ҳақида огоҳлантирди.

Иноятов билан муносабатлар

Ҳисобот муаллифларининг ишонишича, Рустам Азимовнинг четлатиши МХХнинг қудратли раҳбари Рустам Иноятовнинг маъқуллаши билан амалга ошган.

Уларга кўра, Мирзиёевнинг Иноятов билан яқиндан ишлаётгани унинг ўзига ишончидан дарак беради.

72 ёшли Иноятовнинг соғлиги ёмон экани айтилади.

Унинг муовини Шуҳрат Ғуломов эса қуйироқ лавозимга, МХХ Сурхондарё вилоят бошқармасига ўтказилган.

Image caption Мирзиёевнинг Иноятов билан муносабатлари мураккаб деб ишонилади.

Халқаро инқироз гуруҳига кўра, МХХ даги муҳим одамлар ва алал-оқибат, Иноятовнинг ўзини ҳам ўз одамлари билан алмаштириш Мирзиёевга том маънода ўзининг мутлақ ҳокимиятини ўрнатиш имконини беради.

Аммо хабарларга кўра, Иноятов истаса, ҳали ҳам Мирзиёевга муамо чиқариш қудратига эга.

Кўпгина иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, ўзбек амалдорларини қора бозордаги даромадлардан маҳрум қилувчи валюта сиёсатини эркинлаштириш чораларининг қаршиликка учраётгани сабаби шунда деб тахмин қилинади.

Жиноий олам

Ҳисоботда айтилишича, минтақавий раҳбарлар ва МХХ генералларидан кейин Мирзиёев қўлга олиши ёки нейтраллаштириши зарур бўлган соҳа жиноий оламдир.

Ҳисобот муаллифларига кўра, мамлакатдаги фоҳишабозлик, гиёҳванд моддалар, пул ювиш ва иддао қилинишича, ҳукуматдаги лавозимларни сотиш билан шуғулланадиган ўзбек жиноий гуруҳлари Россия ёки Украинадаги ўзларига ўхшаган гуруҳлар билан чамбарчас боғлиқ.

Мирзиёев ўзининг 13 йиллик бошқаруви давридан ҳаммани ва нарсани билади.

Унинг ўзи Президент сифатида ҳукумат аъзоларига "Менинг фожиам шундаки, мен ҳаммангизни биламан", деб айтди.

Мирзиёевнинг ўзи ҳам бу "фожиа"га ҳаммуаллифлигини эслатган Халқаро инқироз гуруҳига кўра, унинг ушбу баёноти ўз ҳокимиятини ўрнатиши баробарида эски ҳамкасбларидан узоқлашаётганини англатади.

Машҳурлик

Ҳисобот муаллифларининг ишонишларича, одамларнинг дардларига қулоқ солиши ва амалдорларни очиқча танқид қилиши халқ орасида Мирзиёевни машҳур қилди.

"Мирзиёев Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни биладиган одам, у шароитни яхшилашга қодир", дея 55 яшар ўқитувчининг сўзларидан иқтибос келтирган Халқаро инқироз гуруҳи.

Ўзбекистондан қайтган ғарблик журналист эса "Мирзиёев Каримовдан кўпроқ Назарбоевга ўхшайди" деб айтган.

Аммо Ўзбекистонда коррупцияга қарши гапириш ҳануз хавфли.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Akorda.kz
Image caption Шу ҳафта сўнггида Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан боради.

Буни тадбиркор Олим Сулаймоновнинг тақдири яққол кўрсатган.

YouTube орқали Президентга арз қилган тадбиркорнинг мурожаати бутун ишбилармонларнинг арзу додини ўзида ифодалаганди.

Аммо Сулаймоновнинг 15 февраль куни фирибгарлик ва туҳмат айблари билан ҳибсга олиниши ҳукумат ўзига қарши танқидларга қанчалик чидамли экани борасида саволларни пайдо қилган.

Каримовнинг аянчли мероси

Кенг тарқалган порахўрлик ва давлат мулкини талон-тарож қилиш йирик шаҳарларда бу йил ҳам газ ва электр тақчиллигини келтириб чиқаришда давом этди.

Каримов туғилган Самарқанд шаҳри январ ойида зулмат ичида қолди.

Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби, инфратузилма вайрон бўлган ва тикланиши ҳамда замонавийлаштирилиши керак.

Халқаро инқироз гуруҳи Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг ҳамма икир-чикиридан хабардорлиги, молиявий ислоҳотлардан тортиб соғлиқни сақлаш ва таълимгача, қурилишдан тортиб коррупция ва жиноятчиликка қарши курашга қадар барча соҳаларда фаоллигини эътироф этган.

Ўзбекистоннинг барча даражадаги давлат хизматчилари ҳозир Президент қўяётган талаблардан босим остида.

Гуруҳ ҳисоботида айтилишича, вазирлик ва қўмиталар билан ишлаётган ғарблик расмийлар уларнинг одатдагидан анчайин асабий эканликлари сезилишини айтганлар.

Халқаро инқироз гуруҳи чоп этган ҳисоботнинг қисқа мундарижаси "Мирзиёевнинг 100 куни" туркумидан лавҳаларимизни бошлаб беради.

Сизнингча, Президент 100 кунда нималарга эришди?

Фикр ва мулоҳазаларингизни ижтимоий тармоқларда биз билан баҳам кўришингиз мумкин.

Электрон манзилимиз: uzbek@bbc.co.uk

Ҳафта давомида айни мавзуга бағишланган дастурларимизни кузатиб боринг ва уларда иштирок этинг.