Мирзиёевнинг 100 куни: 'Товуқ иқтисоди' Ўзбекистонни қаерга олиб боради?

Самарқандда товуқ сотиб ўтирган аёллар Фото муаллифлик ҳуқуқи AlEX ULKO

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўлақонли қудратдаги 100 кунлик фаолияти ҳам Ўзбекистон ичкарисида ва ҳам ташқарида умидларни уйғотди.

Президент Каримовнинг бошқаруви йилларида кўп айтиб келинган эркин демократик жамият, бозор иқтисодиётини барпо этиш йўлидаги ҳаракатлар мана энди бошланади, деган умид.

Аммо мустақил Ўзбекистон тарихида бир неча марта йиллар инсон манфаатлари йили деб номлангани, катта-катта минбарлардан гапирилгани билан 25 йил мобайнида давлат ўз фуқароларига ғамхўр давлат бўлиб келгани йўқ, бу давлатга хизмат қилиб келган тизимни 100 кунда ўзгартириш ҳам осон иш эмаслиги аёнлашди.

Айни пайтда иқтисоднинг йилдан-йилга ўсиб бораётгани, оддий ўзбекистонликларнинг ҳаёт даражаси юқорилаб бораётгани ҳақидаги сохта статистик рақамлардан воз кечишга қарор қилинди.

Президент ёрдамга муҳтож бир инсонга на туман, вилоят ҳокимлиги, на вазирлик, на банк ва бошқа идора таъмасиз ёрдам берадиган тартиб Ўзбекистонда шаклланиб улгурганини тан олди.

Ўзбекистон ва ўзбекистонликларни яхши биладиган кўп инсонлар бир гапни мудом айтишади: "Ўзбек халқи меҳнаткаш, қақраган чўлни соя-салқин боғу-роғга айлантиришдек узоқ йиллик машаққатдан қочмайдиган, ишнинг кўзини биладиган, тадбиркор халқ. Бу халққа ёрдам бермасангиз берманг, аммо ишига тўсиқ қўйиб халақит бермасангиз, ўзини ҳам боқади, давлатни ҳам".

Мирзиёевни яхши биладиганларнинг фикрича, Тошкентдаги бир туман ҳокимлигидан бош вазирликкача бўлган бошқарув йўлини босиб ўтган Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақиқатни жуда яхши билади.

У деҳқон ерда ишлаб бола-чақасини боқолмайдиган, шаҳар яшовчиси эса савдо ёки бизнес билан шуғулланиб 3-4 сўм орттиролмайдиган бўлиб қолганидан, шу боисдан ҳам миллионлаб ўзбекистонлик Россия, Қозоғистон, Корея, Европа ёки Америкага иш излаб кетишга мажбур бўлганидан яхши хабардор.

Шунинг учун ҳам ҳокимиятга келганидан кейин Президент Мирзиёев давлат оддий одамнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашмоғи лозим, деган ёндашувни танлаган ва чиқараётган фармон ва қарорлари ана шу мақсадга қаратилгани кўринади.

10-20 йил давомида аксар ўзбекистонликлар "банк эшигига яқинлашиб бўлмайди" деган қарашда эдилар, охирги ойларда эса банк ходимлари уйма-уй юриб банк кредитларини таклиф қила бошлаганлар.

Оддий одамларда "мен ҳам кредит олиб, мол боқишим, лимонарий қуришим мумкин" деган умид пайдо бўлгани айтилади.

"Ҳар бир хонадон 100 тадан товуқ боқишга мажбур"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

21 январь куни Қорақалпоғистонга сафари пайти Президент Мирзиёев кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўлида паррандачилик билан шуғулланишни тавсия этди.

"Республика бўйича, айниқса, Қорақалпоғистонда қишлоқда яшовчи ҳар бир хонадон 100 тадан товуқ боқишга мажбур. 100 та товуқ энг камида кунига 50 та тухум беради. 10 тасини ўзи еб, ҳар куни 40 тадан тухум сотса, кам таъминланган оила бўлмайди. Бу эртанги иқтисодиётимизнинг барқарорлиги", деб айтди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг қатор вилоятларда оилаларга жўжалар тарқатилди.

Бу амалларда Шўролар замонидагидек маъмурий-бошқарув усулини кўрганлар ҳам бўлди.

Аммо Президент Мирзиёевнинг товуқбоқарлик ташаббуси одамларни қашшоқликдан қутқара оладими, деган савол ўртага чиқди.

Ўзбекистон шароитида товуқ боқиш, тухум савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг сўзларига кўра, катагида 100 товуғи бор одам ҳар куни ҳам 50 та тухум олиши осон эмас экан.

Маҳаллий мулозимлар оилаларга кредит эвазига 30-40 жўжа ёки товуқ тарқатмоқдалар, ҳали бу кредитларни қайтариш ҳам керак.

Товуқларни боқиш учун дон топиш ҳам осон эмас, иссиқ кунда товуқлар касалликка чалинмаслиги чорасини кўрмоқ лозим.

Бир кунда товуқли бўлиб қолган инсонларнинг ҳаммаси ҳам товуқбоқарликнинг бу "нозик жиҳат"ларидан яхши хабардорлар деб бўлмайди.

Шунингдек, Мирзиёев ташаббусини СССР раҳбари Хрушчевнинг маккажўхори сиёсатига қиёслаётганлар ҳам бор.

"Товуқ боқинглар, дегани кичик бизнесни ривожлантиринглар, дегани"

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

"Бу президентнинг(Мирзиёевнинг Таҳр) товуқ тўғрисида айтганига бир томонлама баҳо бериш", деб ҳисоблайди иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.

"Агар умумий баҳо бериш керак бўлса, президентнинг 2017-2021 йилга қабул қилган стратегик тадбирларини қараб кўриш керак. Шу тадбирларда илм-фандан бошлаб бугунги кундаги жаҳон талабларига тўғри келадиган ишлаб чиқаришни ҳам ривожлантириш, пул-кредит, банк тизимини ҳам ривожлантириш, ишлаб чиқаришда янги-янги технологияларни кўтариш, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш кўзда тутилган. Шуларнинг ҳаммасини бирга қўйиб чиқадиган бўлсак, товуқ боқиш - кичик бизнесни ривожлантиришнинг бир кўриниши", дейди Сапарбой Жубаев.

"Товуқ боқинглар, дегани кичик бизнесни ривожлантиринглар, дегани. (Президент Мирзиёев) Қорақалпоғистоннинг ўзида икки-учта ишлаб чиқариш корхонасида учрашди. Уларга енгилликлар берди. У ерда янги технологиялар, янги заводларни бориб кўрди. Масалан, Мўйноқда туризмни ривожлантириш режалаштирилаяпти. Бу қизиқ туюлади, "одам ҳам чўлга сайёҳликка борадими" деб ўйлайсиз. Балки ўшани бориб кўргиси келадиганлар ҳам бордир", дейди иқтисодий таҳлилчи.

"Нима учун у, товуқ боқинглар, деди? Чунки ўзининг кичкина бизнеси билан шуғулланган одам маҳаллага бориб "мен пулга муҳтожман" деб навбатга туриб ялинмайди. Шунда давлат бюджетидан кам таъминланган оилаларга мўлжалланган харажат камаяди. Бу одамларнинг ўзлари ҳаракат қилсинлар, деган мақсадда қилинаяпти", дейди Сапарбой Жубаев.

Бу ўринда халқимизнинг минг йиллик мақолини айтиб кутиш ўринлидир: жўжани кузда санайдилар.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев билан суҳбат.