Россия: Усмонов бешта бойдан биттаси

Алишер Усмонов Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Бу каби хулосага Американинг нуфузли 'Forbes' журнали келган.

Журнал ўзининг янги рейтингида асли ўзбекистонлик миллиардерни бугун Россиянинг энг бой бешта одамидан биттаси, деб топган.

Жаҳоннинг энг бойвачча миллиардерлари орасида Алишер Усмонов бу гал 66-ўринни эгаллаган.

'Forbes' ўзбек миллиардери бугунги бойлиги умумий қийматини $15 миллиард АҚШ долларидан сал ортиқроққа баҳолаган.

Журнал янги рейтингида "Новатэка" ва "Сибур" ширкатлари ҳамсоҳиби Леонид Михельсон Россияда бойларнинг бойи бўлиб чиққан.

'Forbes'нинг ҳисоб-китобида бу миллиардернинг бугунги бойлиги жаъми миқдори 18.4 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Алексей Мордашов($17.5 млрд) ва Владимир Лисин ($16.1 млрд)лар эса, қанчалик бой эканликлари бобида юқори учликни тўлдирган қолган россиялик икки миллиардер бўлишган.

Жаноб Усмонов, йилларки, турли халқаро нуфузли нашрлар таснифида Россия, Британия ва дунёдаги энг бой одамлардан бири саналиб келинади.

Миллиардер мобил алоқа, медиа ва интернет соҳасидан ташқари Англиянинг етакчи футбол жамоаларидан бири - "Арсенал"нинг ҳам анчагина фоиз ҳиссаларига эгалик қилади.

Алишер Усмонов сўнгги йилларда Россиянинг энг бой одамлари рўйхатида биринчиликни эгаллаб келаётганди.

Аммо миллиардер 'Forbes' таснифида биринчиликни бундан икки йил бурун "Интеррос" ширкати раҳбари Владимир Потанинга бой берганди.

Журнал 2015 йилнинг бошида Алишер Усмоновнинг умумий бойлиги қийматини 14.4 миллиард долларга баҳолаганди.

Усмонов, Ўзбекистон ва дунё бойлари

Ўтган йил октябрида Алишер Усмонов Россия солиқ резидентлигидан чиққан.

Бунга миллиардернинг бир йил давомида мамлакатда 183 кундан кам бўлгани расман сабаб қилиб келтирилган.

Британиянинг ҳам энг бадавлат шасхларидан бўлган Усмонов ўтган йил биринчи марта Швейцариянинг ўнта энг бой одамлар рўйхатига киритилган.

Швейцариянинг 'Bilan' журнали Усмоновнинг бойлигини 12-13 миллиард швейцар франки ёки 11,8-12,8 миллиард доллар деб баҳолаганди.

Ўтган йил охирида Алишер Усмонов Ўзбекистонга қайтишни "исташи" ва "режалаётгани"ни айтган.

Алишер Усмонов Ўзбекистон ва унинг раҳбариятига ёрдам беришга ҳар доим тайёрлигини изҳор қилган.

'Forbes' нинг янги рейтингида дунёнинг шунча бойлари орасидан илғорликни яна америкалик тадбиркор, "Microsoft" ширкатининг асосчиларидан бири Билл Гейтс илиб кетган.

Журнал бу миллиардернинг жаъми бойлигини бу йил $86.8 миллиард долларга баҳолаган.

Бугунги дунё бойларининг юқори учлигига $77.1 миллиард доллар сармояси билан испаниялик миллиардер Амансио Ортега ва $74.1 миллиард пули билан америкалик бошқа бир тадбиркор Уоррен Баффет киришга муваффақ бўлишган.

Аммо россиялик бирор бир миллиардер янги рўйхатда юқори ўнликдан жой топа олмаган.

Дунёнинг ўнта энг бой одами аксариятининг америкалик экани маълум бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio