‘Миллат фаровонлиги – энг катта бахт, деб ўйлардим’

Ўзбеклар Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Тошкентдан мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилором Исҳоқова Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида "энг бахтлиси", деб топилган янги халқаро ҳисоботга худди ана шундай муносабат билдирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти буюртмаси асосида тайёрланган 'World Happiness Report' кеча - душанба куни эълон қилинган.

Янги ҳисоботда дунёнинг 155 давлатидаги бахтлилик ва ёки бахтиёрлик даражасига баҳо бериб чиқилган.

Ўзбекистон унда 47-ўрин билан Россия дохил қолган барча собиқ Шўро давлатларини ортда қолдириб кетган, жаҳондаги энг бахтли 50 та мамлакатдан биттаси сифатида эътироф этилганди.

Аён бўлишича, ҳар бир иштирокчи давлатдаги бахтлилик даражаси улар аҳолиси вакилларининг индивидуал баҳоларига таяниб келади.

Тадқиқот жараёнида ҳар йил қарийб мингтадан кишининг бу хусусдаги фикрлари ўрганилади.

Бундан ташқари, якуний хулосага келишдан аввал:

Ялпи Ички Маҳсулот ва аҳоли жон бошига ўртача даромади;

Соғлом умр кўриш муддати;

Ижтимоий муҳофаза даражаси;

Инсонларнинг шахсий қарор бериш эркинликлари;

Саховатпешалик;

Ҳукумат тизимлари ва бизнес соҳасидаги коррупция даражаси каби олтита асосий омилга эътибор қаратилган.

Бутунжаҳон Бахтиёрлик кунида эълон қилинган бу ҳисобот аксарият маҳаллий ва минтақавий интернет нашрларининг эътиборидан четда қолмаган.

"Ҳаммадан бахтли"

Фото муаллифлик ҳуқуқи rustam shagaev

Янги ҳисобот бу интернет нашрларида умумиятла: "Ўзбекистонликлар СНГ да ҳаммадан бахтли" сарлавҳаси остида ўз ифодасини топган.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ўтган йилги ҳисоботда ҳам Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари орасида "энг бахтлиси", дея тан олинган, аммо ўшанда рўйхатда 49-ўринни эгаллаганди.

Агар, янги ҳисобот тафсилотларига таянилса, бу йил Ўзбекистон рўйхатда икки поғона юқорилаб, "бахтиёрлик" рейтингида ўзининг кўрсаткичларини янада яхшилаб олган.

"Дунё дунё бўлибдики, бахт ва бахтиёрлик ҳақидаги фикр, баҳс ва мунозаралар ҳеч тўхтамайди. Шу қадар катта мунозарага сабаб савол бўлади бу. Агар, шу савол мендан 10 йилча бурун сўралганда, албатта, унга жавобим бошқача бўларди", - дейди Тошкентдан фаол суҳбатдошимиз Дилором Исҳоқова.

"Баъзан бахт шу қадар улкан бир тушунчаки, уни битта одам ўзи ҳазм қилолмайди, бу фақат битта инсонга тегишли нарса бўлиши мумкин эмас, ҳамма: яъни, ўзимиз, яқинларим, халқ ва албатта, мана шу миллатнинг фаровонлиги энг катта бахт, деб ўйлардим. Чунки ўша миллат ичида мен борман, оилам бор, деб ўйлардим", - деркан, у киши бугун тамом бошқача фикрда эканлигини таъкидлайди.

"Чунки бугун бу миллатга мен ва мен кабилар ўй-фикрларининг ҳеч кераги йўқ. Бу халққа бизнинг мутлақо керагимиз йўқ. Бу кейинги йилларда мен шуни тушундим. Чунки ҳамма ҳозир бахтни ўзича тушунади", - дейди фаол.

"Бугун бир инсон уй қурдим, унга болаларим билан кўчиб кирдим, деб бахтли. Бошқаси машина олдим, деб бахтиёр. Яна бири пора бериб, зўр ишга жойлашиб олдим, деб хурсанд...".

"Шунинг учун ҳам мен ҳамиша шу саволга жавоб беришга қийналганман. Аслида ҳам шундай бўлса керак. Шу дунёда неча миллион одам бўлса, уларнинг бахт ҳақидаги тушунчаси ҳамиша ҳар хил бўлса керак", - дея ўз сўзларида давом этади у.

Саволлар...

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Фаол суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, коррупция даражаси бўладими ва ёки соғлом умр кўриш муддати, Ўзбекистоннинг турли халқаро ташкилотлар таснифида қайд этиб келаётган кўрсаткичларини назарда тутиб, бахтиёрликка оид янги ҳисоботни тайёрлаш жараёнида тадқиқотчилар инобатга олган омиллар бўйича натижаларини ҳам шубҳа остига олади.

Ўзбекистон эса, дунё бўйлаб коррупция даражасини баҳолаб борувчи "Transparency International" халқаро ташкилотининг шу йил бошида эълон қилинган янги ҳисоботида 176 иштирокчи мамлакат орасидан қуйи йигирмаликдан жой олган ягона собиқ Шўро давлати бўлган.

"Transparency International" ташкилотининг ўтган йилги ҳисоботида Ўзбекистон 168 мамлакат орасида 153-ўринни эгаллаган бўлса, бу йилги рўйхатда уч поғона пастлаган.

Халқаро ташкилотнинг хулосаси давлат секторидаги коррупция даражаси борасида экспертлар ва бизнесменлар томонидан берилган баҳоларга асосланган.

Агар, мазкур халқаро ташкилотнинг янги рўйхатига таянилса, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидан энг коррупцияга ботгани бўлиб чиққан.

Аммо шу ой бошида Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунга имзо чеккан.

Шу тариқа Мирзиёев давридаги қонунчиликнинг энг муҳим намуналаридан бири сифатида кўрилган коррупцияга қарши кураш ҳақидаги қонун Ўзбекистонда расман кучга кирган.

"Мен жуда ҳайронман, бу қайси фактларга таяниб, шундай бир хулосага келинган", - дейди Тошкентдан фаол суҳбатдошимиз Дилором Исҳоқова.

"Кейин яна аҳолининг турмуш даражаси...Менинг Қозоғистонда қариндошларим бор. Солиштириш имконим бор. Узоққа бормайлик, мана, Қозоғистон СНГ давлатларидан бири. Уларнинг турмуш даражаси солиштириб бўлмайдиган даражада бизлардан юқори. Қанақа турмуш даражаси ҳақида гапириш мумкин?..."

"Ҳақиқий бахтиёрлик"

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Суҳбатдошимиз наздида, Ўзбекистонда ростмана бахтиёрлик даражасига етиш учун энг аввало коррупция ҳолларига буткул барҳам берилиши керак. "Аслида "балиқ бошидан бўлганидан кейин" думидан тозаланмаслиги керак. Ўшандагина ҳукуматга ишонади халқ".

Ўзбекистоннинг янги президенти "Шавкат Мирзиёевнинг чиқишларидан, гапларидан жуда катта умид бор ҳозир одамларда бир нарсалар ўзгаради", деган.

"Мана шу метронинг маълум соатларда нафақахўрлар учун бепул қилиниши ҳам ҳатто!..Энди, бизнинг қай даражага тушиб қолганимизни тасаввур қилингки, шу метро текин бўлганига хурсандмиз...Ўша 1500 сўм учун хурсандмиз...Пенсионер ҳар куни қаерга борарди, ишга борармиди?!.", - дейди у киши.

"Бундан ташқари, албатта, биринчи навбатда айтилиши, қилиниши керак бўлган ишлар - ўша инсон ҳуқуқлари...".

"Агар, ҳукумат инсон ҳуқуқларига риоя қилмаса, бу қонун устиворлигини таъминламаса, яна "эски ҳаммом, эски тос бўлади". Ўша қонунларни ишлатишимиз керак".

"Қонунларимиз, конституциямизда ҳам чала жойлари бор. Демократия тақчиллиги бор. Мана шуларнинг ҳаммасини аста-секинлик билан тўғрилаб, ўша ҳолида ҳам уларга риоя қилиш керак".

"Ўша қонун устиворлиги бўлса, инсон ҳуқуқларига риоя қилинса, секин-секин жамиятни бу ботқоқдан олиб чиқиш мумкин. Ҳозир бу ҳамма томондан бўҳрон, ҳамма томондан биз ботиб кетганмиз. Бу ботқоқдан, бу чуқурликдан чиқиш йўлларининг энг асосийси, барибир, ана шу иккита омил, деб биламан", - дейди Тошкентдан мухолифат ва инсон ҳақлари фаоли Дилором Исҳоқова.

Қолган "бахтлилар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

"Бахтлилик ва ёки бахтиёрлик" бўйича янги халқаро ҳисоботда Ўзбекистондан кейин энг яхши иккинчи натижа кўрсатган собиқ Шўро давлати Россия бўлган.

Россия янги рўйхатда Ўзбекистондан икки поғона қуйида келиб, 49-ўриндан жой олган.

Литва(52-ўрин), Латвия(54-ўрин) ва Молдова(55-ўрин)лар эса, МДҲ бўйича юқори бешликни тўлдирган қолган уч собиқ Шўро Республикаси бўлишган.

Марказий Осиёда эса, 98-ўрин билан қирғизистонликлар "энг бахтсизи" бўлиб чиқишган.

Минтақада ўзларининг қанчалик бахтиёрликлари бобида Ўзбекистондан кейинги ўринларни Туркманистон(59-ўрин), Қозоғистон(60-ўрин) ва Тожикистон(98-ўрин)лар эгаллашган.

Қўшни Афғонистон эса, янги рўйхатда 141-ўрин билан дунёнинг 15 та бахтсиз давлатидан биттаси, деб топилган.

Дания, Норвегия ва Исландия жаҳоннинг энг бахтиёр давлатлари юқори учлигини тўлдиришган бир манзарада, Сурия, Танзания, Бурунди ва Марказий Африка Республикаси ўта бахтсизларининг қуйи тўртлигидан жой олишган.

Яқинда нуфузли 'Global Finance Magazine' томонидан олиб борилган ва дунёнинг 198 давлатини қамраб олган тадқиқотда Марказий Африка Республикаси дунёнинг энг ночор давлати, деб ҳам топилган.

Ўзбекистон эса, Қозоғистон ва Туркманистондан кейин Марказий Осиё минтақасининг учинчи бой давлати бўлиб чиққанди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, ўзбек халқида ҳам аксарият аҳолиси мусулмон бўлган қолган минтақа давлатларида кузатилгани каби "шукр қилиш" ҳисси кучли.

Бундан ташқари, уларнинг наздларида, кўпчилик ўзбекистонликларда атрофдаги муаммоларга бефарқлик билан қараш кайфияти устун, бундан ташқари, улар ҳақиқий фикрларини айтишдан тортинишади ва ёки қўрқишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.