#100кун: Мирзиёевнинг хорижий матбуотга илк интервьюси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Akorda.kz
Image caption Мирзиёев Қозоғистон ва Ўзбекистон бутун минтақа учун масъулликларини таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёев ўтган йил декабрида Президент этиб сайланганидан буён биринчи марта хорижий матбуотга интервью берган. Ҳокимиятга келишидан олдин Мирзиёев "матбуотдан ўзини олиб қочадиган" одам сифатида таърифланган.

22-23 март кунлари Қозоғистонга бўладиган ташрифи арафасида Қозоғистоннинг давлат хабар агентлиги-Казинформ Мирзиёев билан суҳбатни чоп этди.

Унда Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон ва бошқа қўшнилар билан қандай алоқалар ўрнатмоқчи экани борасидаги саволларга жавоб берган.

"Қозоғистон Президенти билан учрашув чоғида биз мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни жадаллаштириш ва албаттаки, минтақадаги вазиятни ҳам муҳокама қиламиз",- деб айтган Мирзиёев.

Минтақа учун масъул

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, кўпгина минтақавий ва халқаро масалаларда икки қўшни давлатнинг мавқеълари бир.

У Ўзбекистон ва Қозоғистон йирик Марказий Осиё минтақасидаги вазият учун масъул эканликларини яхши англашини таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, биронта ҳам давлат бутун минтақани ташвишга солаётган муаммони якка ўзи ҳал қилолмайди.

"Марказий Осиё ҳамма вақт сув заҳираларига қарам бўлган. Ҳозирги глобал иқлим исиши ва сувга талаб кучаяётган бир пайтда муаммо тобора мушкуллашмоқда",- деган у.

Мирзиёев сув муаммосини биргаликда ечишга чақирган.

Ўтмишда марҳум президент Ислом Каримов сув масаласида анчайин муросасиз мавқеъни эгаллаган ва қўшниларни "сур уруши"дан огоҳлантирганди.

Бу ҳақдаги махсус лавҳамиз:Марказий Осиё сув учун урушадими?

Мирзиёевнинг айтишича, олдинга қараб юришнинг ягона йўли минтақавий ҳамкорлик ва "маънилик муроса"дир.

"Бизнинг мамлакатимиз ўз энергия заҳираларини қўшниларни четлаб ўтган ҳолда жаҳон бозорига етказа олмайди. Шунинг учун транспорт йўлларини тартибга соладиган ва янги нақлиёт йўлакларини ишга туширадиган ҳаммамиз учун манфаатли ягона интеграциялашган тизим яратишимиз керак", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Фақат куч биланмас

Қозоқ матбуотига интервьюсида Мирзиёев минтақавий хавфсизлик ва террорчиликка қарши кураш борасида ҳам ўзининг ўтмишдошидан фарқли ёндошувни баён қилган.

Унинг айтишича, хавфсизлик чоралари иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун муҳим.

Аммо айни пайтда фақат куч билангина барқарорлик ўрнатиб бўлмайди.

"Террорчилик ва радикаллашувга қарши кураш фақат хавфсизлик чораларинигина эмас, балки барқарор иқтисодий ривожланиш, тадбиркорлик ва одамларнинг эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши зарур", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

У қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш учун аввало иқтисодий тараққиётни таъминлаш зарурлигини таъкидлаган ва бутун минтақа давлатларини айни жараёнда иштирок этишга даъват қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.