Мактаб ўқувчилари қабристон тозалашади

мактаб ўқувчилари Фото муаллифлик ҳуқуқи qalampir.uz

Ўзбекистонда "Камолот" ташаббуси билан мактаб ўқувчилари ва талабалар бир ой давомида қабристон ва зиёратгоҳларни тозалайди. Тадбир "Экологик маданият ойлиги" доирасида ўтказиладиган бир неча лойиҳалардан бири ва унга барча мактаб, коллеж ҳамда олийгоҳлар жалб қилиниши айтилмоқда.

Бу ҳақда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати матбуот анжуманида маълум қилинган. Бир ой давомида мактаб ўқувчилари ва олий таълим муассасаси талабалари ўқув юрти ҳудуди, зиёратгоҳ ва қабристонларни тозалаш ва кўчат экиш, дарахт оқлаш ишларига жалб қилинади.

"Ёшларда экологик маданиятни, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмасини шакллантириш, уларнинг экологик билимларини янада бойитиш муҳим аҳамиятга эга", - дейилади ЎзА агентлиги хабарида.

Қабристонларни тозалаш ишлари "Аждодлар хотираси муқаддас" лойиҳаси доирасида ўтказилаётгани айтилган.

Мажбурий меҳнат

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатдан фойдаланишда айблаб келади. Танқидлар натижасида бир неча йилдан бери пахта териш ишларида мактаб ўқувчиларини жалб қилиш тўхтатилган.

Ўзбекистонда текширувлар ўтказган Халқаро меҳнат ташкилоти уларнинг ўрнига мактаб ўқитувчилари, шифокор ва бошқа давлат бюджети ташкилотлари билан коллеж ҳамда олийгоҳ талабалари жалб қилинганини айтган.

Бироқ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳамон давом этмоқда.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари гуруҳи БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва Жаҳон Банкининг "Ўзбекистонга келадиган иккиюзламачи делегациялари" билан ҳар қандай мулоқот ва учрашувлардан воз кечишини айтган эди.

Айни ташкилотлар Ўзбекистондаги аҳвол борасида нотўғри хабарларни тарқатганлар, дейилган ташкилот чиқарган баёнотларда.

"Эзгулик" жамияти Ўзбекистонда болалар меҳнати мавжуд эмас, деган сохта хулосаларни жаҳон ҳамжамиятига ҳавола этган Жаҳон Банки ва БМТнинг Халқаро Меҳнат Ташкилотига бойкот эълон қилади" - дейди жамият ўз баёнотида.

Унга кўра, Ўзбекистондаги аҳволни ўрганишга келган мазкур халқаро ташкилотларнинг вакиллари мамлакатдаги вазиятни яқиндан кузатиб келадиган "Эзгулик" билан учрашмасдан, аксинча, "Ўзбекистон ҳукуматининг ноғорасига ўйнаб, мамлакатда бола меҳнати эксплуатацияси ҳолларига кўз юмди".

"Мамлакатимизнинг Андижон, Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида болалар меҳнатидан фойдаланиш, уларни пахта йиғим-теримига жалб этиш ҳоллари учради" - дея келтиради "Эзгулик" ўз кузатувларига асосланиб.

ХМТ (Халқаро Меҳнат Ташкилоти) вакиллари Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатда бола меҳнатидан деярли фойдаланилмаётганини айтиб, ўз ўрнида, "катталарнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганидан" ташвиш билдиришганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ