Олма-отадан Тошкентга тезюрар поезд жўнади

поезд

Олма-ота 2 темир йўл вокзалидан Тошкент шаҳрига қараб "Тулпар-Тальго" тезюрар поезди жўнаб кетди. Мустақиллик йилларида ушбу икки шаҳар ўртасида илк маротаба тўғридан-тўғри поезд алоқаси йўлга қўйилмоқда.

Қозоғистон томони икки шаҳар ўртасидаги тезюрар поезд қатнови қўйилишига жиддий эътибор қаратган. Поезд билан Ўзбекистонга қозоғистонлик журналистлар ҳам кетишган.

Image caption Поезд соатига 200 чақирим масофа босади

"Тулпар-Тальго" поезди соатига 200 чақирим масофа босади ва чегарадаги паспорт назорати учун тўхташлар билан 16 ярим соатда Тошкент вокзалига кириб боради.

Ҳафтада икки марта йўлга чиқадиган поезд нархлари Тошкент орқали Нукусга қатнайдиган Олма ота - Нукус поездидан икки баробар арзон. Тез юрар поезднинг энг арзон чипталари 4228 тангадан (13 АҚШ доллари) бошланади. Купе шаклидаги вагонларга 9342 танга (29 доллар) тўлаш мумкин.

24 вагондан иборат поездга 424 йўловчи кетади, таркибда битта ресторан вагон ҳам бор. Илк поездга 300 дан ортиқ чипта сотилган ва уларнинг 100 таси тўғри Тошкенга боради. Қолганлар йўлдаги станцияларда тушиб қолади.

Image caption Тез юрар поезд чипта нархлари нисбатан арзон

Поезд Олма отадан кетаркан Ўтар, Чу, Тараз, Чимкент ва Сариағоч станцияларида тўхтаб ўтади. Шу вақтгача икки шаҳарни темир йўл орқали боғлаб турган Олма-ота - Нукус поезди Тошкентгача 25 соату 33 дақиқа йўл юрган. Бундан ташқари Новсибирск - Тошкент поезди ҳам бу икки шаҳарни боғлаб турган.

Эътиборли томони йўлга қўйилаётган янги поезд имконияти чекланган йўловчилар ва уларга ҳамрохлик қилаётган кишиларга 70 фоизлик чегирма беришидир.

Оддий одамлар тез юрар поезд хабарини жуда илиқ қаршилаган.

Image caption Оддий одамлар поезд қатновини илиқ қарши олган

"Ўзимда йўқ хурсанд бўлиб ўтирибман. Қизимни Тошкентда шифокорларга кўрсатаётган эдим. Айрим вақтларда ҳар ҳафта боришимизга тўғри келади. Бу поезд 16 соатда олиб бориб қўяркан. Нархи ва чегирмалари ҳам жуда чўнтакбоп экан", - дейди олма-оталик суҳбатдош.

"Тулпар-Талго" вагонлари Испанияда ишлаб чиқарилган ва ичидаги шароитлар замонавий талабларга жавоб бериши айтилади. Қозоғистон Темир йўллари ширкати мамлакатдаги муҳим йўналишли шаҳарларни "Тулпар-Талго" тез юрар поездлари билан таъминлаган.

Олма-ота ва Тошкент ўртасида икки давлат авиакомпанияси парвозлар ҳам амалга оширади. Йўловчиларнинг асосий қисми эса Олма-отадан Ўзбекистон чегарасигача қатновчи автобуслар хизматидан фойдаланади.

Бироқ автобус хизматидан фойдаланган фуқаролар чегарадан ўтишда жуда ҳам кўп қийинчиликларга дуч келишидан нолишади. Йўловчилар чегара ўтиш нуқтасида коррупция ва хизматнинг тўғри ташкил қилинмагани натижасида юзага келадиган турна қатор навбатлардан азият чекишини айтишади.

Image caption Тезюрар поезд қатновини қўйишга уринишлар олдин ҳам бўлган

"Қозоғистон темир йўллари" миллий компанияси 2014 йилда ҳам Олма-ота - Тошкент ўртасида тез юрар поезд қатновини қўйишга ҳаракат қилган. Бу борада Ўзбекистон билан музокаралар олиб борилиб, ўша йили ёзда илк поезд Тошкентга бориши ҳақида хабар берилганди.

Бироқ музокаралар мувафаққиятли кечмади ва қатнов амалга ошмади.

Каримов вафотидан сўнг Қозоғистон ва Ўзбекистон орасида муносабатларда янги тўлқин бошлангани айтилади.

Бундан олдинроқ 2006 йили Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан ёпиб қўйилган жануб вилоятларини Тошкент билан боғловчи 39 сонли магистрал йўлнинг очилиши мумкинлиги борасида расмий хабарлар чиққанди.

Икки давлат чегара олди вилоятларда автобус қатновини тиклаши ҳақида ҳам гапирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.