#100кун: Мирзиёевнинг бошқарув услуби нимаси билан фарқли?

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Мирзиёев оддий халқ билан мулоқотни йўлга қўйишга чақирган

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тарихидаги иккинчи президент. Одамларда уни фақат мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов билан солиштириш имконияти бор холос, деб ёзади Би-би-си таҳлилчиси.

Айниқса, Каримов бошқарувининг сўнгги йилларига қиёслаганда, Мирзиёев Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг димиққан йўлакларига бир нави тоза ҳаво олиб киргандек туюлади.

Унинг халқ билан мулоқоти, жойларда маҳаллий амалдорларга эмас-да, тўғридан-тўғри одамларга хитоб қилаётгани Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг табиатини бир қадар ўзгартиришига умидлар пайдо қилган.

Аммо айни пайтда буни бир популистик қадамлар сифатида ҳам талқин қилиш мумкин.

Унутмаслик керак-Каримов ҳам ўз бошқарувининг илк йилларида одамларнинг ичида юрган, халқ билан гаплашган, унинг муаммолари билан яқиндан қизиққан.

Айни пайтда Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг йўлакларида марҳум Ислом Каримов билан бирга қадам ташлаган, унинг репрессив тузуми тамалларини қўйишда қатнашган арбоблар, хусусан, куч тизими раҳбарлари ҳануз амалда ва Мирзиёевнинг улардан қанчалик мустақиллиги савол остида.

Унинг ўзи ҳозирга қадар бу тузумнинг таянчларидан фақат биттаси бўлган прокуратурани "репрессив" деб атади ва милицияни қонунсизликларда айблади.

Аммо Каримов тузумининг асос таянчи бўлган Миллий хавфсизлик хизмати ва унинг қудратли раҳбари Рустам Иноятов ҳануз танқид ва тафтишлардан баландда турибди.Ислоҳотлар ҳақидаги гап-сўзлар ҳам ҳозиргача бу тизимни четлаб ўтаётир.

Сўнгги пайтларда унинг турли тадбирларда телевизор экранларида бот-бот кўриниш бераётгани, чет эллик меҳмонларни кутиб олаётгани МХХ раҳбарининг давлат бошқарувидаги иштироки янада кучайганини кўрсатади. Ваҳоланки, махсус хизматлар раҳбари ҳеч қайси мамлакатда давлатни намоён қилмайди ва ҳукуматнинг кундалик ишларида қатнашмайди.

Ўзбекистондаги туб ислоҳотлар тарафдори бўлган айрим зиёлиларга кўра, ҳозиргача Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни қайси йўлдан олиб бориши борасида аниқ тасаввур йўқ. Унинг ҳаракатлари мавжуд тузумни тубдан ислоҳ қилиш эмас, балки уни таъмирлашга қаратилгандек. Ваҳоланки, мамлакат ташқарисида ҳам, ичкарисида ҳам аксар таҳлилчилар Каримовдан қолган репрессив тузум бутунлай ўзгартирилиши зарурлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, Каримовдан қолган тузумни тадрижий йўл билан ислоҳ қилиб бўлмайди. Ўзгаришлар инқилобий бўлиши керак ва Мирзиёевда Ўзбекистон тараққиёти йўлида бу инқилобий салоҳиятни ишга тушириш имкони мавжуд, дейишади улар.

Аммо ҳозирча Шавкат Мирзиёевнинг фаоллиги мисолида эски тузумнинг қайтадан ишга туширилганини кўряпмиз, холос.

Бутун заҳираларини ишлатиб бўлган ва ислоҳотлар ҳақидаги фикрнинг ўзига ҳам қаршилик кўрсатадиган тузумнинг имкониятлари унчалик кўп деб бўлмайди.

100 кун тарихан қисқа, аммо ўзгаришларнинг ҳеч қурса, орқага қайтмайдиган жараёнга айланиши учун етарли фурсат.

Бироқ ҳозирча ислоҳотларнинг муқаррарлик касб этгани ҳақида гапиришга асос йўқ.

Шавкат Мирзиёевда ўзгаришлар борасида аниқ мужда бериш имконияти ҳамма вақт бор.

Лекин ислоҳотлар бир жойда депсиниб тураркан, одамлар мужда кутмай қўядилар.

Бу эса худди Каримов давридаги каби яна ҳокимият ва халқ ўртасидаги жарликни англатади.

Жарлик эса фақат пастга ҳаракат-қулаш дегани.

Брюсселда жойлашган Халқаро инқироз гуруҳи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат тепасидаги илк 100 кунига бағишлаб чиқарган ҳисоботига кўра,

мамлакатнинг янги раҳбари одамларнинг дардларига қулоқ солиши ва амалдорларни очиқча танқид қилиши халқ орасида уни машҳур қилди.

"Мирзиёев Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни биладиган одам, у шароитни яхшилашга қодир", дея 55 яшар ўқитувчининг сўзларидан иқтибос келтирган Халқаро инқироз гуруҳи. Вилоятларга қилаётган мунтазам сафарлари чоғида турли иқтисодий ўзгаришларни тавсия қилиши билан Мирзиёев "ислоҳотчи" деб ҳам тасвирланмоқда.

Хўш, у киритган айнан қайси ўзгаришлар халққа ёқди? Ҳамда, унинг бошқарув услуби марҳум президент Ислом Каримовникидан нимаси билан фарқ қилади? Би-би-си бу саволлар билан икки ўзбекистонлик таҳлилчига мурожаат қилди.

Умида Аҳмедова, фаол ва фотограф, Тошкент

Шавкат Мирзиёев президентлигининг Ислом Каримовникидан фарқи ҳаммага маълум бўлган фарқлар - Президент Каримов даврида ёпилган йўллар очилгани, виртуал қабулхона тузилиши билан халқ учун қаергадир ўз дардини айтиш имконияти пайдо бўлгани... Кимдир виртуал қабулхона ёрдам берди дейди, кимдир ёрдам бермади дейди. Лекин буни фақат ёмонлаб бўлмайди, чунки озми-кўпми халқнинг дардига қулоқ тутиляпти. Лекин, ҳамма арзлар етиб бориши учун тизим ўзгариши керак. Тизим ўзгармади-ку. Мирзиёевнинг ўзи халқ билан яқинлашгани ва аралашгани мен учун кўпроқ миш-миш даражасидаги хабарлар. Умуман, халқимиз орасида норозилик туйғуси йўқ бўлиб кетган бир туйғу. Халқ ҳали "мен ундан розиман, мана бундан норозиман" деб бемалол ўз фикрини очиқ-ойдин айтмайди, аксинча "Худога шукур, тинчлик". Норози бўлиб фикрлаш, танқид қилиш туйғуси фалажланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Antologiya.uz
Image caption Умида Аҳмедова Каримов президентлиги даврида сиёсий таъқибларга учради.

Би-би-си: Президентнинг илк 100 куни Наврўзга тўғри келяпти. Афтидан бу байрам нишонланишида ҳам ўзгаришлар бор.

Бугунги байрамга келсак, агар халқ хўжакўрсинга эмас, ҳақиқатдан, самимий хурсанд бўлиб, самимий байрам туйғусида нишонласа, бу ижобий нарса. Шундай бўлиши керак. Наврўз - халқ байрами. Мана менга Тошкентга нисбатан Хоразмда ёққан тарафи - яққол кўриниб турибдики одамлар бир-бири билан қовушиб, ўйин-кулги қилиб, байрам кайфиятида юрибди. Наврўз, баҳор деган кайфият.. Халқ сайлини қилиш фақат президентга қараб қолмаслиги керак.

Би-би-си: Тошкентда йўллар очилганини тилга олдингиз. Президентнинг бошқарув стилидаги ўзгаришлар Тошкентдаги кундалик ҳаётда яна қандай акс этди?

Каримов президентлиги даврида мен президент трассаси ёқасида яшардим. Ҳалиям яшайман, лекин янги президентнинг маршрути ўзгарган. Бошқа йўлдан ўтади. Бир марта кўрдим, вазият худди ўша. Дарахтлар тагида ҳали ҳам ўша музикантлар (фуқаролик кийимидаги қуролли қўриқчилар) туради, ҳар қадамда милиционер, ҳеч қанақа ўзгариш йўқ бу томондан. Булар ўзгариши учун тизим ўзгариши керак.

Абдусалом Эргашев, инсон ҳуқуқлари фаоли, Фарғона шаҳри.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Abdusalom Ergashev
Image caption Абдусалом Эргашев Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини танқид қилиб келган.

Кўриниб турган бир янгилик - сайловлар арафасида ва президентликнинг дастлабки кунларида президентлик виртуал қабулхонаси бевосита очилди ва жуда кўпчилик мурожаат қилганларларнинг, расмий ахборот воситаларида таъкидланишича, жуда кўп муаммолари ҳал бўлди. Лекин, ҳозир кўпчилик секин-аста яна ўша эски усулга ўтиб боряпти - юборилган шикоятлар яна қайтиб келиб, ўша мутасадди бўлган маҳаллий идораларга йўналтириляпти.

Би-би-си: Шу жиҳатдан, бу соҳада жуда яхши бўлмаган бир томонга ўзгариш бўлди деб айтишяпти. Бу - одамларнинг фикри, кўпчиликнинг фикри.

Одамларда умид жуда катта эди. Ҳали энди 100 кун бўлди, эҳтимол ҳали глобал ўзгаришлар олдиндадир. Асосий эркинликлар бўйича ҳеч нарса қилинмади. Масалан, матбуот эркинлиги, виждон эркинлиги, ҳаракат эркинлиги бўйича сезиларли ўзгариш бўлганини кўриб бўлмайди. Бу эркинликлар чеклови ҳалиям (марҳум президент Ислом) Каримов давридагидек турибди. Масалан, шу кунларда "Меҳнат ва турмуш" деган хусусий газетада Тўхтасинов деган фарғоналик журналист вилоят ва шаҳар ҳокимини танқид қилиб бир каттагина яхши мақола ёзган экан, афсуски мен уни ўқий олмадим. Энди вилоятнинг бешта кўзга кўринган журналисти Тўхтасиновга қарши вилоят газетасида анчагина катта мақола чиқаришибди, маҳаллий газеталарда ҳам чоп қилишни кўрсатма беришяпти экан. Бу дегани, мана тўртинчи ҳокимият бўлиб туриб, шу тўртинчи ҳокимият раҳбарлари ўз журналистини ҳимоя қилиш ўрнига биринчи ҳокимият раҳбарининг шаънини ҳимоя қиляпти. Яъни, матбуот эркинлигида ҳеч қанақа ўзгариш йўқ.

Би-би-си: Лекин, айни дамда Президент Мирзиёевнинг ўзи қандайдир имиджни намойиш қилишга уринаётгандек, шундай эмасми? Масалан, вилоятларга кўп сафар қилди, одамларнинг уйларига кириб борди, қариялар билан ўтириб чой ичиб гурунглашди. Ёки бизнес ярмаркаларида тадбиркорлар билан самимий суҳбатлашаётгани кўрсатилади. Бундай таассуротни қолдириш президентга нима учун керак?

Эҳтимол, президент буни яхши ният билан қиляпти. Лекин, команда ўша-ўша, яъни жамоанинг ишлаш услуби Каримов давридаги амалдорларнинг услуби. Бу ёққа ҳали бошқа амалдорлар келгани йўқ. Мирзиёев "бошқача ишлашимиз керак" деб минг марта айтган билан бутун мамлакат, вилоятлардаги командалар ўша эски усулга ўрганиб қолган. Шунинг учун, Мирзиёевнинг ниятлари ё режаларини амалга оширишда анча қийинчилик бўлаётганга ўхшайди. У ўз имиджини кўтариш учун эмас, эҳтимол у жуда самимий тарзда мамлакатда катта ўзгартириш қиламан деган ниятда мана шу ҳаракатларни қилаётган бўлиши мумкин, мен ҳам ишонаман шунга. Лекин, амалдорларда фикрлаш эскича бўлиб қолаётгани учун Мирзиёев киритишга уринаётган янгиликлар жуда қийинчилик билан ҳаётга тадбиқ қилиняпти.

Би-би-си: Нима қилиши керак уларни тадбиқ қилиш учун?

Бундан кейин одамларнинг дилига ўрнашадиган, одамлар кутиб турган янгиликларни қилиш, қарор ва фармойишларни чиқаришидан кейин уларнинг бажарилишини ҳам назорат қилганда эди, мен шуни жуда орзу қилардим. Қарорлари одамларнинг кўнглига мос тушяпти, лекин унинг ижро назоратини йўлга қўя олганда эди, жуда мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Би-би-си: Тошкентликликлар кўзга кўринадиган ўзгаришлар ҳақида гапирганларида, Каримов даврида ёпилган кўчаларнинг очилиши, катта байрамларда ёпиқ танталалар ўрнига халқ сайиллари ўтказилиши каби ўзгаришларни тилга олишяпти. Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан бери сиз яшаётган Фарғонада қандайдир кўзга кўринадиган ўзгаришлар бўлдими?

Айнан Наврўз нишонланишида, ҳудди Тошкентдагидек, махсус одамлар учун тадбир эмас, оммавий байрам бўлди, бу жуда яхши бўлди. Икки соат олдин иш бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов билан телефон орқали гаплашгандим. Мен уни Тошкентда бўлса керак деб ўйлагандим, лекин Фарғонадаман деди, бу ердаги концерт бериб энди Бувайдага тадбирга кетяпти экан. Демак, шундай Яҳёбек даражасидаги хонандалар вилоятда қолиб, шаҳар-қишлоқларда тадбирларда қатнашаётган бўлса, бу жуда катта ўзгариш.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар