Россия-Ўзбекистон: доллар яна ошадими?

АҚШ доллари Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзининг қиёмига етган 2013 йил билан қиёсланганда, ўтган йили ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан ортга юборган пул миқдори қарийб 60 фоизга камайиб кетган ва $2.741 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

Бунга Россия Марказий Банки томонидан куни-кеча эълон қилинган расмий маълумотлар далолат қилган.

Худди шу манзарада бундан уч йил аввалгиси билан таққосланганда, тирикчилик илинжида Россияга йўл солаётган ўзбекистонликлар сони ҳам 30 фоизга озайгани аён бўлган.

Аммо, шунда ҳам, Россиядан пул жўнатиш бўйича Ўзбекистон фуқаролари қолган МДҲ давлатлари вакилларини ортда қолдириб кетишган.

Умумий рўйхатда эса, юборган пулларининг миқдори бўйича Швейцариядан кейин иккинчи ўринни эгаллашган.

Агар, Марказий Банки эълон қилган янги рақамларга таянилса, ўтган йили Россиядан Швейцарияга 5 миллиард 100 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ўтказилган.

Мустақиллиги билан кечган чорак асрдан кўпроқ вақт давомида эса, айнан мигрантлар ортга юбораётган пуллар аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам "ижтимоий муҳофаза камари" вазифасини ўтаган, ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг кафолати бўлиб келган.

Биргина Россия мисолида олинганида, меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбораётган маблағ Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулотнинг 12-13 фоизчасини ташкил этиб келган.

Шундай экан...

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Швейцариядан асли ўзбекистонлик собиқ дипломат ва иқтисодий шарҳловчи Алишер Таксановнинг айтишича, "бу салмоқли маблағ".

"Айнан шу маблағ Ўзбекистонда пул мувозанати ва хорижий валютанинг амалдаги жорий курсини тутиб келган", - дейди бу суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, бу пул жўнатмалари миқдорининг камайиши Ўзбекистонда турмуш даражасининг анчагина пасайишига олиб келади.

"Бу нарса аллақачон валюта қора бозор курсининг кескин кўтарилиб кетишида намоён бўлди", - дейди суҳбатдошимиз.

Иқтисодий шарҳловчига кўра, мавжуд ҳолат ички сармоя муҳитида ҳам ўз ифодасини топмай қолмайди.

"Катта эҳтимол билан нафақат валюта қора бозор курси кўтарилиб, ўзбек сўми қадрсизланишига олиб келади. Бундан ташқари, инфляция даражасининг ошиши, ишлаб чиқариш кўлами, аҳоли турмуш даражасини пасайиши ва капиталнинг Ўзбекистондан четга чиқиб кетишига ҳам сабаб бўлади".

"Бу эса, яна қора бозор, яна товарлар контрабандаси, яна шубҳали корчалонлар ошиғининг олчи бўлиши ва табиийки, яна соя иқтисоди кучайишини англатади".

Жорий йилнинг илк икки ойида сўм расман 5.1 фоиз қийматини йўқотган, қора бозорда эса шу ойнинг ўзида 10 фоизга қадрсизланган.

Таҳлилчилар эса, Ўзбекистон иқтисоди тузилмавий ислоҳотларга муҳтож эканини айтиб келадилар.

Ўзбекистондан келаётган сўнгги хабарларга кўра, Тошкент шаҳрида аллақачон валюта олди-бердиси билан шуғулланувчиларга нисбатан рейдлар бошланган.

Гувоҳлар таниқли саррофларнинг қўлига кишан солиб олиб кетилганини кўришган.

Аксилчора

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Швейцариядан иқтисодий шарҳловчи суҳбатдошимизнинг айтишича, жаҳон тажрибасида бу каби ҳолатларга қарши иш бериши мумкин бўлган механизмлар янгилик эмас.

"Аммо, муаммо шундаки, бунинг учун (Ўзбекистонда - таҳр.) кардинал ислоҳотлар лозим. Албатта, бу йўлда айрим қадамлар қўйилаяпти. Бироқ қудратда бўлган амалдорлар ўша, ўша - марҳум президент Ислом Каримов давридаги "коррупцияга ботган амалдорлар". Табиийки, улар фойдадан маҳрум қолишни исташмайди ва янги президент қўл урмоқчи бўлаётган ислоҳотларга қаршилик қилишади", - дейди у.

Иқтисодий шарҳловчига кўра, мавжуд вазиятдан чиқиб кетишнинг йўли йўқ эмас, бор.

Унинг айтишича, "бунинг учун ростмана ислоҳотлар ўтказилмоғи, валюта курсини тушириб, унинг эркинлаштирилмоғи, тадбиркорларга мустақил қарор олиш эркинлиги берилмоғи, капитал, барча пул оқимларини ўз назоратлари остида тутиб келаётган амалдорлар янгиси билан ўзгартирилмоғи керак."

"Аммо бу жуда мушкул вазифа. Президент уддасидан чиқса, бу - яхши иш бўлади".

"Бошқа томондан, у ислоҳотларни халқ, фуқаровий жамиятга эмас, эскидан қолган ўша амалдорлар аппаратига таяниб амалга оширмоқчи бўлаяпти. Халқнинг бу каби дастагисиз эса, унинг қандайдир ижобий натижага эришиши жуда-жуда қийин бўлади".

Ўзбекистонликлар ва миграция

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Йилларки, минтақада аҳолиси сони энг каттаси (ҳозир 32 миллионга яқинлашиб қолгани айтилувчи) бўлган Ўзбекистон собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудидаги "асосий ишчи кучи таъминотчиси" сифатида кўриб келинса, "бош истеъмолчи" айнан Россия бўлиб келган.

Агар, айрим ҳисоб-китобларга таянилса, ўзбекистонлик жаъми меҳнат муҳожирларининг тўртдан уч қисми Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Ўтган йилги расмий маълумотларда эса, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сони икки миллион атрофида экани айтилади.

Ҳатто, бу рақамлар ҳам бир йил аввалгиси билан таққосланганда, тирикчилик илинжида Россияга йўл солаётган ўзбекистонлик мигрантлар сонининг 15 фоизга камайганига далолат қилади.

Яъни, сўнгги икки йил ичида Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари фоизининг ҳам изчиллик билан камайиб бораётгани кузатилади.

Соҳа экспертларига кўра, мавжуд вазиятга, бир томондан, Украина инқирозида тутган ўрни сабаб, Ғарб томонидан Россияга нисбатан устма-уст жорий этилган қатор санкциялар сабаб бўлган.

Бошқа тарафдан, айнан 2015 йилга келиб, Россияда миграция қонун-қоидаларининг кескин кучайтирилиши воқеълиги ҳам ўзининг жиддий сўзини айтган.

Янги тартиб-қоидалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Яъни, бундан икки йил бурун Россияда меҳнат муҳожирларига патент беришнинг янгича тартиби жорий этилган, мавжуд ҳолат эса, уларни, айниқса, молиявий жиҳатдан мушкул аҳволда қолдирган.

Патент олиш учун кўзда тутилган янги тартиб-қоидаларга мувофиқ, мигрантлар бунинг учун ОИТС, сил, тери-таносил касалликлари ва гиёҳванд модда истеъмол қилиш-қилмасликларини аниқлаб берувчиси дохил қатор тиббий текширувлардан ўтишлари шарт кўрилади.

Бундан ташқари, уларнинг тиббий суғурта, ИНН(солиқ тўловчининг идентификация рақами) рақамига эга бўлишлари, рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихидан имтиҳон топширишлари ҳам тақозо этилади.

Устига устак, меҳнат муҳожирларининг булар барчасига бир ойнинг ичида улгуришлари шарт кўрилади.

Акс-ҳолда уларнинг 10 минг Россия рубли миқдорида жарима пули тўлашларига тўғри келишлари айтилади.

Ўз вақтида муваффақ бўлган тақдирларида ҳам, меҳнат муҳожирларининг аввалига патент учун 14.5 рубль, кейинчалик уни чўздириш учун ойига 4 минг рублдан тўлаб боришлари шарт, деб кўрилади.

Агар, айрим ҳисоб-китобларга таянилса, пулга чаққанда, бутунбошли жараён Россияга четдан иш излаб келган меҳнат муҳожирига жаъми 1 минг АҚШ долларига тушиши мумкин.

Кредит олиш имкониятдан фойдаланган тақдирларида эса, аксарият ҳолларда уни ўз вақтида тўлашдан ожиз қолишади.

Россиядан фаол Севара Маннонованинг айтишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ҳам худди шу нарса панд бермоқда.

Яъни кетажак сарф-харажатларнинг миқдори ошиб бораётгани боис, улар Россияда меҳнат қилишлари учун лозим кўрилган ҳужжатларни рисоладагисидек тайёрлай олишмайди.

"Қўлларида лозим ҳужжатлари бўлмаганидан кейин дурустроқ бир иш топишолмайди. Топган тақдирларида ҳам, иш соати кўп бўлишидан ташқари, ойлик маошларини ўз вақтида ололмай қийналиб кетаяпти халқ...", - дейди Санкт-Петербургдан бу фаол суҳбатдошимиз.

Россия ва иш

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

У кишининг ўз иш тажрибаси ва кузатувларидан келиб чиқиб айтишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда асосан қурилиш ва фаррошлик каби маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида банд.

"Бизнинг меҳнат муҳожирларимизни бундан бошқа яна қанақа ишга олиши мумкин?..Ўз ҳаққини талаб қилолмаганидан кейин, яъни. Чунки Россияга келиб, лозим кўрилган ҳужжатларни тайёрлай олмаган одам бундай қила олмайди. Негаки, давлатнинг қонунини бузган ҳисобланади".

"Мисол, Россияда аллақачон таниш-билиши, ака-укаси ва ё ота-онаси бўлган одамлар ҳужжат қила олиши мумкин. Аммо Россия қонун-қоидаларини билмасдан туриб, ўзича келган одам қандай қилиб ҳужжат қила олади?.."

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу каби меҳнат муҳожирлари орасида тўрт ойлаб ўз ойлик маошларини ололмай юрган одамлар бор.

"Менга ёрдам сўраб, мурожаат қилишади. Аммо қўлларида меҳнат шартномаси ва лозим ҳужжатлари бўлмаганидан кейин мен уларни қаерга, нима, деб олиб бора оламан...Фақат телевидениедан одам чақириб, мурожаат қила олишим мумкин, холос. Чунки лозим ҳужжатлари бўлмаганидан кейин мен уларнинг бир ерда ишлаётганликларини тасдиқлай олмайман", - дейди у киши.

"Иш берувчилар эса, бизга пул ўтмаяпти, деб ўзларини оқлашади. Меҳнат муҳожирлари ҳам йиғилиб, аҳил бўлиб, биргаликда улардан ўз иш ҳақларини сўрашга ҳадлари сиғмайди. Чунки қўлларида талаб қилинган даражада ҳақиқий ҳужжатлари йўқ. Ҳужжат қилишга эса, кучлари етмайди".

"Ҳужжат қилолган тақдирда ҳам, тўрт ойгача маошини ололмагандан кейин, муддати узайтирилгани билан ҳеч жойдан ҳаққини талаб қилолмайди, агар, барвақтроқ қилиб улгурмаган бўлса...".

Минтақавий кузатувчиларга кўра, буларнинг барчаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ҳам миграциянинг бошқа муқобил йўлларини излаш танлови қаршисида қолдирган.

Ўзбекистон ва миграция

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Меҳнат муҳожирлари Россиядан ортга юбораётган маблағлар Ўзбекистон иқтисоди учун қанчалик муҳим аҳамият касб этиб келаётганига қарамай, миграция муаммоси ҳали-ҳануз бу икки давлат ўртасида ҳукуматлараро даражада ўзининг ечимини топмаган.

Фақат 2015 йил ўрталарига келиб, матбуотда Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро ҳайъатларининг бунга оид махсус битимни ҳозирлашга киришиш ниятида эканликларига оид хабарлар пайдо бўлган.

Ўтган ой Россиянинг қатор етакчи ахборот агентликлари бу икки давлат ҳукуматларининг шу йил апрель ойида меҳнат миграциясига оид иккита келишувни имзолаш режасида эканликлари ҳақида хабар тарқатган.

Бу битимларнинг Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолияти юритиш учун Ўзбекистон фуқароларини жалб этиш ишларини ташкиллаштириш ва ишга ёллаш бўйича экани айтилган.

Россия Меҳнат вазирлиги вакили эса, айрим интернет нашрларига ҳужжатларнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тез орада Москвага амалга оширажак ташриф чоғида имзоланиши ҳақида маълум қилганди.

Ўзбекистон янги президентининг Россияга давлат ташрифига оид шу йил бошида тарқалган дастлабки хабарларда томонларнинг энергетика, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш, ҳарбий-техник ҳамкорликдан ташқари, айнан миграция сиёсатига оид масалани ҳам муҳокама этишлари айтилганди.

Минтақавий экспертлар барчасининг бирдек эътироф этишларича, айни шу масала Ўзбекистон янги Президенти Шавкат Мирзиёев қаршисида турган энг асосий вазифалардан бири бўлади.

Бунгача Ўзбекистон ҳукуматининг меҳнат миграцияси муаммосига ёндашуви фаолларнинг жиддий танқидларига сабаб бўлиб келган.

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов Россияга иш излаб бораётган фуқароларини "дангасалар", деб аташгача борган.

"Москвада кўча супураётганлар бутун ўзбекларни шарманда қилаётгани"ни айтган.

Марҳум президент Ўзбекистоннинг ўзида "ҳеч ким очидан ўлмаётгани"ни таъкидлашни ҳам унутмаган.

Айни пайтда у ўзбеклар Россияда ишлаб топаётган миллиардлаб доллар маблағлар ҳақида ҳеч нарса демаганди.

"Янги иш ўринлари ва миграция"

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Бундан икки йил бурун Олий Мажлис Ўзбекистонда янги иш ўринларини яратиш ва мамлакат аҳолисини иш билан таъминлашга қаратилган махсус дастурни ҳам маъқуллаган.

Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда Россия ва бошқа МДҲ давлатларида меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонлик фуқароларни ортга қайтишга ундовчи кенг кўламли тарғибот-ташвиқот кампанияси ҳам бошланган.

Ўзбекистонда четда бўлган ва ортга қайтаётган меҳнат муҳожирларини ҳам кўзда тутиб ўн минглаб янги иш ўринлари яратилаётганига оид хабарларнинг сони ҳам ортган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили қарийб миллионга яқин ишчи ўринлари яратилаётганини айтишига қарамасдан, ишсизлик даражаси ҳануз юқори, ташқарига иш излаб кетаётганлар сони камаймаётгани айтилади.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, аҳолиси сони 30 миллиондан ортиқ экани айтилувчи аҳолиси назарда тутилганда, бу - мамлакатдаги меҳнатга қобилиятли барчанинг ҳам иш ўринларига бўлган эҳтиёжини қондиришга кифоя қилмайди.

Бошқа томондан, Ўзбек ҳукумати айтаётган иш ўринлари Ўзбекистон шароитида ишлайдиган киши ва унинг оиласи эҳтиёжини қондирадиган маош билан таъминлашга қанчалик қодир экани ҳам масаланинг яна бир баҳсталаб қирраси ўлароқ ўртага чиқади.

Агар, 2014 йилги халқаро маълумотларга таянилса, Ўзбекистон аҳолисининг 76 фоиздан кўпроғи қашшоқликда кун кечиради.

Ўшанда "Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича глобал индекс" (The Economist Intelligence Unit) муаллифлари ана шундай хулосага келганлар.

Ушбу индекс ҳар йили Британиянинг нуфузли "Экономист" (The Economist) нашри таҳлилчилари томонидан тайёрланади.

Аммо озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва заҳира қилиш бўйича Ўзбекистон яхши кўрсаткичларни қайд этган.

"Глобал индекс" хулосаларига таяниладиган бўлса, Ўзбекистон ҳозирда етарли озиқ-овқат ишлаб чиқаради, аммо фуқароларнинг аксарида етарли миқдорда озиқ-овқат сотиб олишга моддий имкон йўқ.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда минимал иш ҳақи 1994 йилдан 2014 йилга қадар 1373 маротаба ортган.

Бироқ, маҳаллий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда аҳолининг қанча қисми қашшоқликда яшаши ҳақидаги статистик маълумотлар "давлат сири" сифатида кўрилади.

Мамлакат миллионлаб фуқароларининг эса, йилларки, яқин ва узоқ хориждан даромад топишга мажбур эканликлари кузатилади.

Меҳнат муҳожири

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Дейлик, ҳозир Россиядаги тикувчилик корхоналаридан бирида ишлайдиган, асл касби сартарош бўлган суҳбатдошимизнинг айтишича, ортда қолган ишсиз эри, икки боласи ва нафақахўр кекса онасининг бутун тирикчилиги асосан ўзи юбораётган пуллар ҳисобидан ўтади.

Унинг айтишича, "Гўзаллик салонида" ишлаган пайтида топиш-тутиши ҳаминқадар бўлган, айниқса, қиш мавсумида жуда қийналиб қолишган.

Ҳозир Россияда чеварчилик қилиб, Ўзбекистонда қолган яқинларига ойига 250-300 долларча пул юборишга ҳаракат қилади.

Уйдагилари эса, рўзғордан тежаб, ўзининг ер олиши учун шу пулдан ҳам бирозини жамғаришга ҳаракат қилишади.

Суҳбатдошимизга кўра, алал-оқибат шахсий тадбиркорлик билан шуғулланиб, Ўзбекистонда ўзининг бизнесини йўлга қўйиб олиш истагида, бунинг учун эса, маблағ зарур.

"Ёрдам берадиган одам йўқ. Шунинг учун ҳам ўзим учун ўзим ҳаракат қилаяпман", - дейди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, аввал эри ҳам ўзига ўхшаб Россияда меҳнат қилган.

Аммо ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар сабаб, кейинги гал уни Россияга киритишмаган.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳозир Россияда ойига 600 долларча ишлайди, аммо ижара ҳақи, ейиш-ичиш, юриш-туриши назарда тутилганда, Россияда пул сувдек кетади.

"Яна бироз қарайман, агар, топиш-тутишим яхши бўлса, қоламан, акс-ҳолда, ноилож нима қиламан, Ўзбекистонга қайтаман-да", - дейди у.

Ўзбекистондан кейин Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ўтган йил ўз ватанларига энг кўп пул юборган иккинчи МДҲ давлати қўшни Тожикистон бўлган. Уларнинг умумий пул жўнатмалари миқдори $1.9 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

Тожикистон ҳукумати эса, Россия Президенти Владимир Путиннинг ўтган ой охирида пойтахт Душанбега қилган сафари чоғида юз минглаб меҳнат муҳожирларининг амнистия этилишига эришганди.

Россия Марказий Банкининг янги ҳисоботида бу борада юқори учликни тўлдирган учинчи МДҲ давлати яна бир Марказий Осиё минтақаси вакили - Қирғизистон($1.7 миллиард доллар) бўлиб чиққан.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг