Икки қўшни Россия ва Хитой бозорини эгалламоқчи

Назарбоев ва Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Bnews.kz

Қозоғистонлик тадбиркорлар Хитой ва Россия бозорларини забт этиш учун Ўзбекистонни ёрдамга чақирмоқда. Улар ушбу бозорларни эгаллаш учун бирлашиш таклифи билан чиққан. Ўзбекистон томони Қозоғистон билан чегарадош жойларда махсус иқтисодий ҳудудлар барпо қилишини билдирган. Икки давлат ўртасида қўшимча чегара ўтиш нуқталари очилади.

"Қозоғистон икки томонида жуда ҳам катта бозор: Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси бор. Бу йирик бозорларни фақатгина қозоғистонлик тадбиркорларнинг кучи билан ўзлаштириш жуда ҳам қийин. Чунки бу давлатлардан келаётган талаблар кўлам жиҳатидан жуда ҳам катта. Албатта, қардош мамлакатлар, Қозоғистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари ҳамкорлиги ушбу бозорларга чиқиш учун кенг имконият беради", - деган "Атамекен" тадбиркорлар миллий палатаси бошқарув раиси Нуржан Алтаев.

"Казинформ" агентлигининг хабар беришича, Нуржан Алтаев бу ҳақда Остонада ўтган қозоқ-ўзбек бизнес-форумида қилган чиқишида гапирган.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда айни дамда Қозоғистон иштирокида 230 ташкилот фаолият юритмоқда, Қозоғистонда эса ўзбекистонликлар томонидан 130 корхона очилган.

"Бу кўрсатгичларни икки баробар кўтарса бўларди. Биз жуда ҳам катта салоҳият кўраяпмиз. Икки томон ҳам деҳқончилик, ишчи кучи, саноат салоҳияти ва истиқболли ички минтақавий бозор туфайли бизнесни ривожлантириш учун кенг имкониятларга эга", - деган Алтаев.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи давомида икки давлат бизнес соҳаси бўйича 92 шартнома имзоланган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 1 миллиард долларга яқин эканлиги айтилмоқда.

Қозоғистон давлдат раҳбари Шавкат Мирзиёвни савдо учун барча тўсиқларни олиб ташлагани учун мақтаган.

Қозоғистон чегараси яқинида махсус иқтисодий ҳудуд

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раҳбари Алишер Шайхов Ўзбекистон Қозоғистон билан чегара олдидиа махсус иқтисодий ҳудудлар барпо қилиши ҳақида маълум қилган.

"Давлатларимиз ўртасида имзоланган 170 шартнома икки давлат ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун жуда ҳам жиддий ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қила олади. Ҳамкорлигимизнинг хилма-хиллиги нуқтаи назаридан жуда катта имкониятларимиз бор. Ҳам Ўзбекистон ҳудуди ҳамда Қозоғистон ҳудудида янги ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш мумкин. Ўзбекистонда фаолият юритаётган эркин иқтисодий саноат ҳудудлари бор. Лекин биз янгиларини қуришни режалаштираяпмиз. Улар Қозоғистон чегарасидан унча узоқ бўлмайди. Икки давлатнинг бизнес соҳасида ҳамкорлиги бизларни глобал бозорда рақобатбардош қилади", - деган Шайхов бизнес-форумда.

Алишери Шайхов икки давлат тадбиркорлари ўртасида рақобат келиб чиқмаслиги учун ушбу ҳамкорлик бир-бирини тўлдириш принципига асосланиши кераклигини урғулаган.

Чегарадан ўтишда енгилликлар

Қозоғистон томонининг маълум қилиши, Ўзбекистон билан чегарада яна икки ўтиш назорат нуқтаси барпо қилинади. Амалда бўлган учта чегара ўтиш нуқталари 24 соатлик ишлаш тизимига ўтади.

Ҳозирча икки давлат ўртасида фақат битта чегара назорат нуқтаси 24 соат ишлайди.

"Ўзаро алоқаларни ривожлантириш учун барча чораларни қўллаяпмиз", - деган Қозоғистон Сармоя ва тараққиёт вазири Женис Касимбек.

Яна у Остонадан Тошкентга ҳафтасига қўшимча икки марта парвозлар йўлга қўйилишини маълум қилган.

"Кечагина Олма-ота - Тошкент, Тошкент - Олма-ота тезюрар поезди йўлга қўйилди. Унинг ҳамма чипталари аллақачон сотиб бўлинган. Остонадан Тошкентга яна иккита қўшимча парвоз йўлга қўйилади. Олма-отадан ҳафтасига Тошкентга 12 рейс учса, Остонадан жами 6 та парвоз бўлади", - деган Женис Касимбек.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ