Шерали Жўраев ҳали концерт бермайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube

Ўзбекистон халқ артисти, таниқли ҳофиз Шерали Жўраев яқин ўртада концерт беришни режалаштирмаган. Бу ҳақда Би-би-сига хонанданинг яқин манбаси билдирди. Бундан олдинроқ шоир Муҳаммад Исмоил Facebook саҳифасида Шерали Жўраев концерт учун қизғин тайёргарлик кўраяпти, деб ёзганди.

Ҳофизга яқин бўлган манбанинг айтишича, Муҳаммад Исмоил хабаридаги гаплар ҳақиқатдан йироқ.

"Ҳали-бери концерт режалангани йўқ. Унга тайёргарлик ҳам кўрилмаяпти. Концертдан олдин қилинадиган бошқа ишлар бор. Кейин концерт бўлиши мумкин. Бу борада фақатгина ёз ойларининг охирига келиб бирор гап айтиш мумкин", - дейди манба.

Шоир Муҳаммад Исмоил Facebook саҳифасида ҳофизнинг концерт дастури тақдим этиш учун қизғин тайёргарлик кўраётганини ёзганди.

"Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори, бугунги кун қўшиқчилиги Қироли Шерали Жўраев концерт дастури тақдим этиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда", - дейилган хабарда.

Би-би-си Муҳаммад Исмоил билан боғланиб бу гапни қаердан олгани ҳақида сўради.

"Кеча ҳол аҳвол сўрайин деб Шерали Жўраевга телефон қилган эдим. Гап орасида концерт берамиз, деб айтиб ўтди. Фақат вақти номаълум. Шерали аканинг лицензияси бор, телевиденияларга чиқиб турибди. Концерт бериши ҳам мумкин. Фақат қачон тайёр бўлса шунда беради-да", - дейди Муҳаммад Исмоил.

Салкам чорак аср Ўзбекистон телеканалларига чиқиши тақиқланган хонанда Шерали Жўраев Каримов вафотидан сўнг 2017 йилнинг январ ойида Milliy TV да кўриниш берганди. Ҳофиз билан бирга бошқа тақиқланган хонандалар ҳам бирин-кетин телеэкранларда пайдо бўла бошлаган.

Ҳофизнинг нима сабабдан тақиққа учрагани борасида расмийлар томонидан изоҳ берилмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг