Ўзбекистон: 'Россияга қарши янги иттифоқ?..'

Қозоғистон Фото муаллифлик ҳуқуқи Akorda.uz

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон янги президенти сифатида дастлабки икки давлат ташрифини бир ойнинг ичида, устига устак, икки қўшни минтақа мамлакати - Туркманистон ва Қозоғистонга уюштириши кўплаб сиёсий таҳлилчиларнинг эътиборларини ўзига жалб этмай қолмаган.

Бошқа томондан, бу сафарлар расмий Кремлнинг Ўзбекистон янги раҳбарининг илк давлат ташрифи айнан ўзларига, яъни Россияга бўлажагига оид ишончли ва ошкора баёнотлари манзарасида амалга оширилган.

Ўзбекистон янги президенти сифатида расман қасамёд келтириши ортидан кечган қарийб уч ой вақт давомида эса, Шавкат Мирзиёев илк давлат ташрифининг айнан қай бир мамлакатга амалга ошиши саволи очиқ қолган.

Бу сўнгги пайтларда, ҳатто, таҳлилчилар қолиб, аксарият минтақа нашрларининг диққат-эътиборларини ўзига тортган асосий мавзулардан бирига айланган, вакилларининг чиқишлари ва ёки баёнотларига таяниб, бу давлатлар сифатида Россиядан ташқари яна Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам тилга олинганди.

Мавжуд воқеълик, бошқа томондан, Ўзбекистоннинг Россиядан тортиб минтақа давлатлари билан осон кечмаган ва бўлмаган ташқи сиёсатига яна бир бор далолат қилмай қолмаган.

Илк давлат ташрифи

Аммо ана шу "кўпчилик" наздида "узоқ кутилган" дастлабки давлат ташрифи ва ниҳоят жорий ой бошида - 6 март куни қўшни Туркманистонга амалга оширилган.

Россиядан сиёсий таҳлилчи Аркадий Дубновнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ҳали муваққат президент экан, Ўзбекистон янги раҳбарининг ташқи сиёсатда асосий эътиборларини энг аввало минтақа давлатларига қаратишларини расман ва ошкора баён қилганига қарамай, Шавкат Мирзиёевнинг дастлабки давлат ташрифини Туркманистонга амалга ошириши "кутилмаган" бўлган.

"Туркманистон эса, ўзини нейтрал, деб эълон қилган давлат бўлади. Менимча, расмий Тошкент бу билан ўзининг минтақадаги Россия етакчилиги остидаги бирор бир ҳарбий-сиёсий блок ва иқтисодий иттифоққа кириш ниятида эмаслигини яна бир бор урғулади", - дейди суҳбатдошимиз.

Россиялик таҳлилчига кўра, "бу - Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёв даври ташқи сиёсатини ифодаловчи яхшигина белги бўлади".

Ўзбекистон янги президенти илк давлат ташрифининг айнан ўзларига бўлишини расман ва ошкора баён этиб келишганига қарамай, Аркадий Дубновга кўра, Шавкат Мирзиёевнинг аввал Туркманистон ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Қозоғистонга қилган сафарига Россия ҳукумати вакилларидан тортиб бирор бир киши хосан алоҳида муносабат билдирмаган.

"Билдирган тақдирларида ҳам, ажойиб, ўзаро алоқаларини яхшилашаяпти, деган бўлишарди, барибир", - дейди у "жаҳон сиёсий тажрибасини назарда тутиб".

"Менимча, Москвада анча аввал Шавкат Мирзиёевнинг анча прагматик сиёсатчи экани, Ўзбекистонни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва ёки Евросиё Иқтисодий Иттифоқи каби ташкилотларга кирита олмасликларини англаб етишган".

"Бундан ташқари, аллақачон Шавкат Мирзиёев навбатдаги давлат ташрифининг апрель ойида Россияга бўлиши эълон қилинди. Ташриф мазмун-моҳияти асосан ўзаро иқтисодий ҳамкорлик масаласидан иборат бўлиши, Россиянинг қайта бошдан жаҳондаги супер дарғалардан бирига айланишга қаратилган ташқи сиёсий амбицияларига ҳеч бир алоқаси йўқлиги англашилди. Бир оғиз сўз билан ифодалаганда, бу ерда ҳамма ўйин қоидаларига мувофиқ ўйнаяпти", - дейди суҳбатимиз сўнггида россиялик бу таҳлилчи.

Четдан муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон ва Қозоғистонга қилган дастлабки икки давлат ташрифини Ўзбекистон янги ҳукумати ташқи сиёсатининг муҳим вектори, дейиш мумкин.

Аммо, суҳбатдошимиз наздида, шунда ҳам, бундан жуда узун, узоқ ва жиддий геосиёсий хулоса чиқаришга ҳали эрта.

"Менинг назаримда, Ўзбекистон янги ҳокимиятининг асосий мақсади - (марҳум - таҳр.) Каримовдан мерос қолган ўта совуқ муносабатларни илитиш, юмшатиш, ижобийлаштириш...", - дейди у.

Аммо, таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, "бу орқали янги ҳокимият Марказий Осиёда алоҳида бир геосиёсий қутб ёки бир лойиҳа амалга ошириш ниятида дейишга ҳали жуда ҳам эрта".

"Ўйлайманки, биринчи Туркманистонга, мана, энди Қозоғистонга сафар билан, айтайлик, аксилРоссия ёки аксилбошқа бир лойиҳалар амалга оширилаяпти дейишга, ҳозирча, асос мавжуд эмас", - дейди у.

Ўзбекистон янги президентининг дастлабки икки давлат ташрифи манзарасида бўй кўрсатган айни мазмундаги баҳоларни Россиядан етакчи сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Аркадий Дубнов ҳам аввалдан қўллаган ибораси учун ўз узрини айтган ҳолда "бўлмағур гап", дейди.

"Ҳар бир нарсани ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди", - дейишади-ку. Бу ерда ҳам шундай. Ҳатто ўзим - кўп соҳаларда Россия Президенти Владимир Путиннинг узоқ йиллик танқидчиси эканимга қарамай, "Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда, таъбир жоиз, Россияга қарши қандайдир иттифоқларга киришиш ниятида" эканига оид фикрларга умуман қўшилмайман", - дея ўз сўзларига якун ясайди у.

Франциядан сиёсий суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимов ҳам расмий Кремль Ўзбекистон янги президентининг ўзларига эмас, кетма-кет икки қўшни минтақа мамлакатига қилган давлат ташрифини "тўғри тушуниши" борасида россиялик ҳамкасби билан якдил. Яъни айни ўринда буни, таъбир жоиз, Россиянинг "жавоб муносабати ёки амали"дан хавотирланишга лойиқ воқеълик, дейиш ноўрин бўлади.

"Кремлнинг қилган хатоси - Ўзбекистон янги ҳокимиятининг хатти-ҳаракатларини йўналтиришга ҳаракат қилди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков, "Ўзбекистоннинг янги ҳокимияти ўзининг биринчи сафарини Москвага қилишига ишончим комил", - деган жиддий ва кескин баёнот берди. Яъни, деярли эҳтиётсизлик қилди", - дейди у.

Марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан кўпроқ вақт давомида эса, мустақил Ўзбекистон Туркманистон билан бирга, айрим таҳлилчилар наздларида, ҳануз "катта оға" сифатида баҳо топиб келувчи Россиянинг таъсиридан холи ташқи сиёсат юритиш, расмий Кремлдан муайян масофа сақлашга ҳаракат қилаётган саноқли собиқ Шўро давлатларидан иккиси бўлишади.

Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти истисно, Россия етакчи ўрин тутувчи ҳарбий-сиёсий блоклар ва иқтисодий иттифоқлардаги иштироки ҳам, йилларки, таҳлилчилар наздларида алоҳида эътибор топиб келган мавзулардан бири бўлган.

Яъни, Туркманистон каби нейтрал давлат эмаса-да, Ўзбекистон бу каби ташкилотларга умуман бош қўшмаган ва ёки уларга аъзолиги ҳеч қачон давомий бўлмаган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, эга бўлган иқтисодий потенциаллари, вақтида Россиянинг ҳарбий ҳозирлигидан халос бўлишгани ва Россияга бевосита чегарадош эмасликлари икковлонга бу каби имкониятни берган.

Россиянинг таъсиридан бу каби холи эканликлари эса, ҳам Ўзбекистон ва ҳам Туркманистонга нисбатан мустақил ташқи ва ички сиёсат олиб боришларига асос берган.

Аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи Matbuotdan

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ўтган йил кузидаги кутилмаган вафоти бундан буёғига расмий Тошкентнинг Россия билан муносабатларида илиш кузатилишига оид янги башоратларга замин яратган.

Унинг дафн маросимида иштирок этиш учун аввалига Россия Бош вазири, кейин Ўзбекистон марҳум президентининг руҳига ўз ҳурматларини бажо келтириш мақсадида президенти Владимир Путин Самарқандга ташриф буюришган, ўша пайтда мамлакат муваққат президенти бўлган Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, мулоқотлар ҳам олиб боришган.

Бунинг ортидан, айнан Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни 4 декабрь кунги муддатидан илгари ўтказилган Ўзбекистон президент сайловидаги ғалабаси билан қутлаган ва ўзларига сафар қилиш учун таклиф қилган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлган.

Россия томони расмий Тошкентнинг бу таклифни хушнудлик билан қабул қилганлигини баён қилган.

Минтақавий экспертлар Ўзбекистон янги президентининг Россия раҳбари билан яхши алоқаларга эга асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов билан қудачилик ришталарини ҳам назарда тутиб, эндиликда расмий Тошкентнинг ташқи сиёсатида россияпараст оҳанглар кучайишини башорат қилишган.

Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга уюштирган дастлабки хорижий давлат ташрифига саноқли кунлар қолган бир манзарада эса, Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон ва Туркманистон истисно қолган уч Марказий Осиё давлатига сафар қилган.

Россия раҳбарининг минтақага ташрифи давомида Тошкентга кириб ўтмаслиги таҳлилчилар наздларида Москвага сафарини тезлаштириш учун Ўзбекистон янги ҳокимиятига қўшимча босим сифатида баҳо топган.

Аммо буларнинг барчаси Шавкат Мирзиёев ҳали Ўзбекистон муваққат президенти экан, ташқи сиёсатда марҳум Ислом Каримов "концепциясига содиқ қолишлари"ни баён қилган бир манзарада кузатилган.

Устига устак, Ўзбекистон муваққат президенти бундан буёғига ҳам ўзларининг кўпқутбли сиёсат олиб боришларига ишора қилганди.

Туркманистон ва Қозоғистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Анвар Назировнинг айтишича, Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсатда асосий эътиборлари энг аввало минтақага қаратилишига оид баёнотини назарда тутиб, кузатувчилар президент сайловида ғолиб чиққан тақдирида, унинг дастлабки хорижий давлат ташрифини айнан Марказий Осиё мамлакатларидан бирига амалга оширишини кутишган.

"Лекин кутилмаган ҳодиса ҳам бўлди. Сайловдан кейин собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудини назорат қилиш, уни ўз геосиёсий манфаатларининг асосий ҳудуди, деб билиш, ўзларини ундан энг асосий ва ягона манфаатдор сифатида кўришга қаратилган охирги пайтлардаги доктринасидан келиб чиқиб, Россия Федерацияси томонидан, менимча, "ахборот хуружи" бошланди. Ўзбекистон янги президенти, ижтимоий фикрига нисбатан босим, деса ҳам бўларди буни".

"Менимча, Россиянинг асосий мақсади - Песковнинг оғзидан айтилган гаплар Шавкат Мирзиёевни ноилож аҳволда қолдириб, содда тил билан айтганда, бу ҳақда ҳамма билган, ҳамма эшитгандан кейин у ўзининг биринчи давлат ташрифини Россия Федерациясига бошлашга мажбур бўлиши"га қаратилганди.

"Аммо вазият бошқа мантиқда кетди. Шавкат Мирзиёев ўзи айтган ташқи сиёсат принципларидан келиб чиқиб, расмий ташрифини қўшни мамлакатлар - Туркманистон ва Қозоғистондан бошлади", - дейди у.

"Энди бунга Россиянинг муносабати қандай бўлиши саволига келсак, албатта, бошида кузатувчи ролини ўйнайди ва менимча, эҳтиёткорлик йўлини тутади. Лекин ҳозир Россия нимани таклиф қила олиши мумкин Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи чоғида?", - деган савол пайдо бўлади".

"Чунки ҳозир Россиянинг имконияти чекланган. Молиявий жиҳатдан Россия юз фоиз нефть нархларига боғланган, келаси беш-ўн йил ичида нефть бозоридаги аҳвол қанақа бўлишини ҳеч ким билмайди. Кейин Американинг сланц гази чиқадиган бўлса, бу, албатта, Россиянинг энергетик буюк давлат лойиҳасининг амалга ошишига жуда катта халақит беради. Иккинчидан, Россия Ғарбнинг санкциялари остида, умуман, иқтисодий аҳволи оғир. Молиявий ва технологик ресурслари йўқ. Бундан ташқари, Россия технологик жиҳатдан қолоқ давлат ҳисобланади", - дейди бу суҳбатдошимиз.

Таҳлилчи Анвар Назировнинг айтишича, ҳарбий-техник ҳамкорлик масаласи ҳақида сўз кетганда ҳам, Ўзбекистонда Россиядан бошқа ҳам танлов йўли бор.

"Ўзбекистоннинг Қуролли Кучларини модернизация қилиш учун Россия кредит беришга тайёрми-йўқми? Россия Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига киришни шарт қилиб қўйиши мумкин...Ўзбекистон эса, ҳарбий иттифоқларга кирмайман, деган. Ҳарбий-техник ҳамкорликни кўп мамлакатлар билан қилса бўлади. Ҳам кўп мамлакатлар бунга тайёр. Ўзбекистонга фарқи нима - Россиядан сотиб оладими ва ёки бошқа мамлакатлардан. Бу ерда, масалан, танлов йўли бор. Энди бу Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий иродаси, истак-хоҳишига боғлиқ", - дейди у.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон "ўзининг қишлоқ хўжалик соҳасига сармоя киритиб, инфратузилма, маркетинг ва ҳоказоларга ётирим ётқизадиган, ўша халқаро молиявий институтларни бунга жалб қилиб қиладиган бўлса, Ўзбекистон нафақат Россияга, бошқа мамлакатларга ҳам ўзининг маҳсулотларини экспорт қилса бўлади, Европа мамлакатлари ҳам тайёр сотиб олишга, бошқаси ҳам...Ноанъанавий, сал бошқача фикрлаш керак, бу - Ўзбекистоннинг ўзига боғлиқ, Россияга эмас".

"Қизиқ лойиҳалар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аммо Туркманистонга бўлган ташриф чоғида жуда қизиқ лойиҳалар кўриб чиқилди. Буни Россия билан солиштириб ҳам бўлмайди, - дейди таҳлилчи.

"Биринчиси, туркман газини Ўзбекистон, Қозоғистон орқали Хитойга экспорт қилиш. Бунда Ўзбекистоннинг транзит мамлакат ўлароқ роли кучаяди... Иккинчидан, жуда қизиқ лойиҳа - Ўзбекистон учун ҳар доим Европа бозорига чиқиш энг катта стратегик мақсадлардан бири бўлиб келган. Ўзбекистон учун биринчи ўринда турган энг устивор ташқи сиёсий мавзу, муаммо. Чунки Ўзбекистон транспорт-коммуникация, денгизлардан анча узоқ жойлашган мамлакат. Туркманистон томонидан эса, Ўзбекистонга жуда яхши лойиҳа таклиф қилинди".

"Каспий портларидан жанубий Кавказ ҳудудлари - Озарбайжон ва Грузия орқали Қора денгиз оша Туркия портларига, уёғдан эса, ҳам Европа, ҳам Шимолий Африка ва ҳам Яқин Шарқ бозорларига чиқиш...Бу қулай, арзон ва инфратузилмаси тайёр лойиҳа...", - дейди таҳлилчи.

Унга кўра, бунақа лойиҳалар, албатта, ижобий маънода ҳам Ҳамдўстлик мамлакатлари, ҳам Россия ва ҳам Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлардан "узоқлаштириб", Ўзбекистонга янги, ҳақиқий ва амалда имкониятлар яратиб берадиган лойиҳалар бўлади.

Худди шу манзарада Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимовнинг айтишича, ўз энергетик импортлари ва экспортларини дифференцияция қилиш, тақсимлаш, бир томондан, Хитой, Афғонистон, Покистонга уланиш орқали Россияга боғлиқлигини камайтириш - ҳам Ўзбекистон ва ҳам Туркманистоннинг манфаатларига киради.

Аммо, таҳлилчига кўра, буни - Россияга тўғридан-тўғри ёйиш нотўғри, бундан Россияга қарши тўғридан-тўғри геосиёсий хулоса чиқариш ҳам ноўрин бўлади.

Бу суҳбатдошимиз ҳам ўз жавоби манзарасида "Россиянинг бутун постсовет ҳудудидаги энергетика лойиҳаларини қўлга киритиш, монополия қилиш орқали ўзининг империячилик таъсирини парваришлаш ҳаракати доим устун бўлиб келгани" воқеълигига алоҳида диққат қаратиб ўтади.

Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонгасидан бор-йўғи уч ҳафтача ўтиб Қозоғистонга амалга оширган иккинчи давлат ташрифи эса, расмий Тошкент томонидан "тарихийси", дея баҳоланган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти савдо соҳасидаги барча имкониятларни очгани ва тўсиқларни олиб ташлаганини айтган.

Президент Назарбоев икки давлат ўртасида ҳозирда биронта ҳам ечилмаган муаммо йўқлигини таъкидлаган.

Кеча пайшанба куни ниҳоя топган ташриф чоғида томонларнинг умумий қиймати $1 миллиард АҚШ долларига тенг келишувлар имзолашгани хабар берилган.

"Катта стратегик аҳамиятга эга давлат"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Inform.kz

Худди шу манзарада Ўзбекистон янги президентининг Остонага қилган сафарига баҳо бераркан, Тошкентдан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз Анвар Назиров Қозоғистон - Марказий Осиёда жуда катта стратегик аҳамиятга эга бўлган давлат, дейди.

"Албатта, Қозоғистон билан ҳамкорлик, менимча, келажакда минтақанинг ўзида Марказий Осиё Ҳамкорлиги лойиҳасининг пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Энг асосийси, ҳозир Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида биринчи ўрнатиладиган нарса бу - ўзаро ишонч бўлади. Чунки Марказий Осиёда кўп нарса ишонч билан боғлиқ. Ишонч йўқ эди мамлакатлар ўртасида...".

"Агар, ишонч кўприклари ўрнатилса, албатта, кўптомонлама ҳамкорлик кучайиш мумкин. Лекин Туркманистон билан солиштирганда, битта чегара бор: яъни Қозоғистон Евросиё Иттифоқининг аъзоси ва кўпгина ташқи савдосида Россия ҳамда Беларусь билан келишув асосида лойиҳаларда қатнашиши мумкин. Туркманистон эса, унга нисбатан мустақил, нейтрал мамлакат. Шунинг учун ҳам ҳар бир лойиҳада ўзича қатнашиши мумкин. Шунга Туркманистонга нисбатан Қозоғистоннинг иқтисодий ҳамкорлиги чекланган. Лекин, бунга қарамасдан, лойиҳалар бор ва ишонч бўлиши керак. Нима бўлмасин, бу - жуда муҳим ташриф".

Ўтган ой ўрталарида эса, матбуотда Ўзбекистон янги президентининг учинчи бўлиб шу йилнинг апрель ойида Россияга сафар қилажагига оид хабарлар пайдо бўлган.

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида, ҳеч бўлмаганда, биринчи уч-беш йилда ўзаро муносабатлар Каримов давридагига қараганда, анча ижобий бўлади, деб кутиш мумкин.

"Бунинг бир қанча сабаблар бор: яъни, Каримов ўша собиқ Иттифоқ даврида, Кремлнинг ичкарисида ижтимоийлашган, социаллашган шахс эди. Унинг сиёсий зеҳниятида Кремлдан қўрқув ва шу асосдан ундан масофа сақлаш, имкон борича ундан узоқлашишга интилиш кучли эди. Ва Россияга нисбатан муносабатда Каримов сиёсатида бирламчи геосиёсат эди. Геоиқтисодиёт иккинчи ўринда турар эди. Менимча, янги ҳокимият даврида геоиқтисодиёт биринчи ўринга чиқиши мумкин".

"Чунки Шавкат Мирзиёевда Кремлдан қўрқиш, Россиядан жиддий ҳадиксираши учун, ҳозирча, асос мавжуд эмас. Яъни, унинг сиёсий зеҳнияти ёки унинг сиёсий маданияти Горбачев ва мустақиллик даврида шаклланди...Иккинчидан, Украина воқеаларидан кейин Кремлнинг аҳволини ҳам анча абгорроқ дейишимиз мумкин. Энг асосийси, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг нақадар мураккаб эканини яхши тушунади ва бу вазиятни ўнглаш учун албатта биринчи савдо-иқтисодий ҳамкорлари бўлган Россия билан алоқаларни имкон қадар ижобийлаштиришга ҳаракат қилади".

Лекин, суҳбатдошимизнинг энг сўнггида таъкидлашича, геосиёсий масалаларда, Россиянинг минтақавий, постсовет ҳудудидаги лойиҳаларига келганда, Шавкат Мирзиёев даврида ҳам Каримовнинг сиёсати давом этиши мумкин.

Аксарият сиёсий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, жорий пайтда сонлари расман икки миллионга яқин экани ва ҳар йили ортга миллиардлаб доллар пул жўнатиб туришлари айтилувчи меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонни Россияга боғлаб турган ягона омил бўлади.

Аммо айни муаммо, сўзсиз, ўзининг расман ечимини топишини алоҳида таъкидларкан, Россия ўзининг бу каби четдан келган меҳнат муҳожирларига эҳтиёжи қанчалик катта эканини назарда тутиб, айни омил ҳам расмий Кремл учун Ўзбекистонга босим ўтказиш воситаси бўла олмаслиги фикрида бўлган таҳлилчилар оз эмас.

Бошқа томондан, айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, бу масалада Россияга Афғонистондан келувчи таҳдид, яъни минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар ва Хитой билан бирга ўзи етакчи ўрин тутувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам иш бермайди.

Уларнинг айтишларича, бу ташкилот асосан Хитой учун ўз иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт лойиҳаларини амалга ошириш, Россия учун эса, Хитойнинг мавқеини заифлаштириб, ўзининг геосиёсий мавқеини кучайтириш мақсадида керак.

Афғонистон масаласида расмий Тошкент аввалбошдан уларнинг ички ишларига аралашмаслиги, афғон можароси тинч йўл билан ечим топиши тарафдори эканини таъкидлаб келади ва таҳлилчилар ўз баҳоларида Ўзбекистоннинг айни шу мавқеига алоҳида урғу беришади.

Бугун - жума куни эса, Ўзбекистон янги президентининг май ойида навбатдаги давлат ташрифи билан Хитойга сафар қилиши хабар берилган.

Худди шу соатларда март ойи охирида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Москвада россиялик ҳамкасби билан музокаралар олиб бориши ҳам аёнлашган.