"Лазгини ЮНЕСКО номоддий меросига киритинг!"

Лазгига рақс тушаётган кексалар Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK AMIRKUL KARIMOV

Ўзбекистонда Лазги рақсини ЮНЕСКОнинг Жаҳон номоддий мероси рўйхатига киритиш мақсадидаги ишлар бошланган.

Ушбу ташаббус билан Ўзбекистондаги моддий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш билан шуғулланадиган "Олтин мерос" жамғармаси чиқди.

Жамғарма раҳбари Амирқул Каримовнинг Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, ЮНЕСКО рўйхатига тақдим этиш учун талаб қилинадиган ишлар ўтган йилнинг октябридан бошланган ва шу кунларда ниҳоясига етказилган.

"Дастлаб лазги тарихи ва бугунги куни ҳақидаги 40 саҳифалик шакл инглиз тилида тўлдирилди. Сўнгра 150 саҳифалик лазги тарихи ҳақидаги янги рисола яратилди. ЮНЕСКО талаби бўйича 10 дақиқалик фильм суратга олинди. Рақс билан боғлиқ 10 дона халқона сурат танлаб олинди. Ушбу материаллар ЮНЕСКОнинг қаттиқ талаблари бўйича олимлар ва мутахассислар кўригидан ўтказилди. 2017 йил 15 март куни Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия билан ҳамкорликда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали банча тегишли ҳужжатларни ЮНЕСКО қароргоҳига йўллади", деб ёзди Амирқул Каримов.

"Олтин мерос" жамғармаси раҳбари бундан олдин "Марғилон атлаш ва адрас тўқиш технологиясини сақлаш", "Нон билан боғлиқ анъаналар" ва бошқа номоддий меросимиз ЮНЕСКО рўйхатига тавсия этилган"ини ҳам хабар қилди.

БМТнинг фан ва маданият ташкилоти ҳисобланган ЮНЕСКО ўзининг моддий ва номоддий мероси рўйхатига ҳар йили дунё халқларининг куй-қўшиқ, пиво пиширишга ўхшаш кўплаб бойликларини қўшиб боради.

Наврўз байрами ва Палов пишириш ҳам ЮНЕСКО рўйхатига охирги йилларда киритилган бўлиб, байрам ва таомни халқаро ташкилот рўйхатига киритишни сўраб бир неча мамлакатлар мурожаат этишган.

Ўзбекистон ҳам бундан олдин бир неча ташаббуслар билан чиққан ва бу ташаббуслар илиқ қарши олинган.

"Ўзбек халқи жаҳон тамаддуни юксаклигини белгиловчи кўплаб моддий ва номоддий меросга эга. Ҳозиргача Ўзбекистон "Бойсун маданий муҳити", "Наврўз байрами", "Шашмақом", "Катта ашула", "Аския ижрочилиги", "Палов ва ош билан боғлиқ анъана ва қадриятлар" каби номоддий меросимизни ЮНЕСКО Жаҳон номоддий мероси репрезентатив рўйхатига киритишга улгурди", деб ёзади "Олтин мерос" раҳбари Амирқул Каримов.

Лазги қарийб 4000 йилллик тарихга эга ва унинг 9 тури ҳозиргача сақланиб келяпти.

"Олтин мерос" жамғармаси Лазги рақсини Ўзбекистоннинг ўзида ҳам оммалаштириш таклифларини илгари сурган.

Жумладан, мамлакатда йилнинг бир кунини "Лазги куни" деб эълон қилиш, ЮНЕСКО мажлиси олдидан Интернетда Лазгини қўллаб-қувватлаш акциясини ташкиллаштириш, ҳар бир хайрихоҳ лазгига рақс тушиб суратини жўнатиш, катта концерт залларидан бирида "Фақат лазги" концертини ўтказиш каби таклифлар билдирилмоқда.

Сизнингча Лазги рақсини Ўзбекистон ва дунёда кўпроқ оммалаштириш учун яна нималар қилиш мумкин?

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни Би-би-си Ўзбек хизматининг Whatsapp, Telegram ва Viberдаги саҳифаларига йўлланг, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМ даги каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.