АҚШ элчихонаси Урлаева озод этилганини олқишлайди

Елена Урлаева Фото муаллифлик ҳуқуқи TIMUR KARPOV

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчилиги таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг Тошкентдаги руҳий шифохонадан қўйиб юборилганини олқишлаб баёнот тарқатган.

"АҚШ элчихонаси ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева 24 март куни озод этилганини олқишлайди", дейилади баёнотда.

Бундан олдин АҚШ элчилиги ўзбекистонлик икки ҳуқуқ фаоли - Елена Урлаева ҳамда Аъзам Фармоновнинг эрксизликларидан хавотир билдириб баёнот эълон қилган эди.

Ўзбекистондаги расман рўйхатдан ўтказилмаган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянсининг раҳбари Елена Урлаева 1 март куни ўз ихтиёрига қарши Тошкентдаги руҳий шифохонага ётқизилгани маълум бўлди.

"Жаслиқ" қамоқхонасида 11 йилдан буён сақланаётган сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Фармоновнинг қамоқ муддатини яна узайтириш ҳақида Қорақалпоғистон Олий суди қарор чиқаргани хабар қилинди.

10 март кунги баёнотида АҚШ элчилиги Ўзбекистон ҳибсхоналарида ушлаб турилган ўзгача фикрловчи фаолларнинг озод этилганини олқишлаш билан бирга расмий Тошкентни фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан янада кўпроқ тоқатлилик намоён этишга чақириқ билан чиқди.

"АҚШ элчихонаси ўтган ҳафта журналист Жамшид Каримов озод этилганини олқишлайди. Бу янгилик Муҳаммад Бекжонов ва бошқа узоқ муддат ҳибсда ушланган маҳбусларнинг озодликка чиқарилиши ортидан юз берди. Бундай ижобий қадамлар келгусида ҳам озодликка чиқаришлар давом этишига ва, умуман олганда, фуқаролик жамиятига янада бағрикенглик билан муносабатда бўлишга ишора қилмоқда", дейилади АҚШ элчилиги баёнотида.

"Шу боис, бошқа ҳуқуқ фаоллари, хусусан Елена Урлаеванинг ушланиши ва Аъзам Фармоновга берилган қамоқ муддати узайтирилишининг ўз кучида қолгани эътимодимизни пасайтирди. Келгуси ҳаракатлар мамлакат қонунлари ва халқаро андозаларга мувофиқ келишини таъминлаш мақсадида биз ҳукуматни инсоний ўлчамлар масаласида ўзининг ижобий қадамларини янада мустаҳкамлашга чақирамиз", деб ёзилган баёнотда.

Уйига қайтган Елена Урлаева руҳий шифохонада яна ўз ихтиёрига қарши равишда трифтазин, циклодол и азалептин деб номланган психотроп моддалар қўлланилганини айтган.

Аммо у бу гал олдинги йиллардагига нисбатан шифохонада муомала нисбатан яхши бўлганини айтган.

Елена Урлаева 2001 йили, 2005 йили, 2012 ва 2016 йиллари ҳам мажбуран психиатрия касалхонасига ётқизилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ