Қорақалпоғистон ва хоразмлик тадбиркорларга валюта енгилликлари

Dollar Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон матбуоти хабар тарқатишича, Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятида фаолият юритаётган ва хорижга тайёр маҳсулот экспорт қилиб валютада даромад топаётган тадбиркорларни валюта тушумларини давлатга топширишдан озод қилган.

Шунингдек, Оролбўйи минтақасидаги тадбиркорларга 5 йиллик қатор имтиёзлар берилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 мартда имзолаган қарор Қорақалпоғистон ва Хоразмда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қулай шароит яратиш мақсадини кўзлаган.

Оролбўйидан хомашё эмас, ўзи ишлаб чиқарган тайёр маҳсулотни экспорт қиладиган ширкатлар бундан кейин давлат ғазнасига валюта тушумларини топширишлари талаб қилинмайди.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда дори-дармон, электротехника маҳсулотлари ва айрим қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган тадбиркорлар 2017 йилнинг 1 апрелидан 2022 йилнинг 1 апрелигача мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфраструктурани ривожлантириш учун олинадиган солиқдан, шунингдек, йўл фондига ажратмалардан озод этиладилар.

Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан кейин биринчи бўлиб Қорақалпоғистонга сафар қилиб оддий одамлар билан учрашди.

У товуқ боқиб оилаларнинг молиявий аҳволини яхшилаш таклифини илгари сурди.

Қорақалпоғистон ва Хоразм Орол денгизи қуришидан энг кўп зарар кўраётган ҳудудлар ҳисобланиб, оғир экологик вазият Қорақалпоғистон ва Хоразм иқтисодиётлари ва инсонларнинг турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу боис экологик фожеадан жабр кўрган ҳудудлар аҳолисига қатор енгилликлар берилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг иқтисодий вазиятини яхшилаш учун қатор янги лойиҳаларни бошлашга қарор қилди.

Улар орасида саҳрога айланган денгиз соҳили ўрнида сайёҳлик марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳам бор.

Март ойи бошида Оролбўйидаги Мўйноқ туманига сармоя ва сайёҳларни жалб қилиш билан минтақа иқтисодини кўтариш мақсади кўзланган президент қарори эълон қилинди.

Президент Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ Мўйноқда "Moynaq City Center" савдо-сайёҳлик мажмуаси барпо этилади.

Ишлаб чиқариш билан боғлиқ, сайёҳлик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш сингари 72 лойиҳага жами 7,5 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ажратилиб янги иш ўринларини ташкил қилиш режалаштирилган.

Мўйноқда бизнес ташкил қилган тадбиркорлар 10 йилга барча солиқлардан озод қилиниши, қуриган Орол сатҳи бўйича сайёҳларга квадроциклларда саёҳат уюштириш сингарилар мўлжалланмоқда.

Бўшаб ётган ишлаб чиқариш биноларидан фойдаланишга қарор қилганларнинг бу биноларни бепул сотиб олишларига изн берилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг