Арипов ва Медведев нима ё кимни гаплашишади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sputnik/ Михаил Климентьев

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг россиялик ҳамкасби Дмитрий Медведев билан Москвада ўтадиган учрашуви энергетика, савдо ва сайёҳлик масалаларига бағишланиши айтилмоқда.

Айни умумий иборалар ортида, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг келаси ой бошида Россияга кутилаётган президент сифатидаги илк давлат ташрифи ҳам туради.

Арипов аслида Президент Мирзиёевнинг кутилаётган сафари учун тайёргарлик кўриш ниятида Россияга бораётгани эҳтимоли катта.

Россия ва Ўзбекистон Бош вазирлари учрашуви борасида ўзбек матбуоти умумий мавзуларни ёритиш билан чегараланган.

Россия матбуотида бироз тафсилотларга эътибор қаратилади.

Нефть, мева ва мигрантлар

"Медведев ва Арипов Россия нефтини Ўзбекстонга жўнатиш механизмларини кўриб чиқишади" - ёзади neftegaz.ru вебсаҳифаси.

Унга кўра, бош қувур орқали нефтни Ўзбекистонга келтириш сўрови техник имкониятлар чекланганлиги боис жорий йил бошида ҳам рад этилганди.

"Ўзбекистон президентининг ўтган ҳафта Қозоғистонга ташрифи ортидан бу техник имконият қўлга киритилганга ўхшайди" - хулоса қилади интернет нашри.

Россия Ўзбекистонинг ташқи савдо айланишидав 17.2% фоиз улушга эга энг муҳим ҳамкорлардан бири. Лекин таҳлилчилар, потенциал тўла амалга ошмаётганини айтишади.

Россия "Лукойл" ширкати Ўзбекистонга кўп миллиардли сармоя киритган. Ҳукумат юқори доиралари билан иш олиб борадиган бу улкан ширкат ҳам ўз вақтида Ўзбекистонда қийинчиликларга дуч келган.

Image caption Ўзбек муҳожирлари Россиядаги ўз ҳуқуқий мавқелари бобида Ўзбекистон ҳукумати бирон ижобий иш қилишидан умид узишган.

Бироқ ўтган йиллари Тошкентнинг чақириғига ишониб, Ўзбекистонга борган россиялик ўрта ва кичик тадбиркорлар у ердаги тижорат юритиш чекловлари, пул конвертацияси йўқлиги ва коррупция авж олгани сабабли тузук ишлай олишмаган.

Янги президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий ва хорижий тадбирокрларга шароит яратишини айтаркан, кўпчилик ҳамон эҳтиёткорлик билан қарамоқда.

Аммо Ўзбекистоннинг янги раҳбари Россия билан деҳқончилик маҳсулотлари савдоси борасида ўзбекистонликларга фойдали қадамларни қўйишга муваффақ бўлди.

Аммо Россиядаги кўп миллионли меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари масаласи ҳамон мавҳум.

Қирғизистон ё Тожикистон фуқаролари билан солиштирганда, Россиядаги энг ҳуқуқсиз муҳожирлар ўзбекистонликлар саналади.

Марҳум Каримов ўз фуқароларининг Россиядаги ҳуқуқларини ҳимоя қилмаган ва ватанда уларни "дангаса" ёки "ватангадо" каби сўзлар билан атаб, салбий муносабат шакллантирилган.

Аслида эса, мигрантлар юборган миллиардлаб доллар маблағ туфайли Ўзбекистонда иқтисод ва савдо юриб келган ҳамда жамиятда тинчлик ҳукм сурган.

Муҳожирлар янги президент Шавкат Мирзиёев уларга эътибор қаратади, деган умидда. Аммо амалда бунинг бирон аломати ҳалича кўринмайди.

Марказий Осиёнинг энг стратегик муҳим, аммо кўп сонли мамлакати бўлмиш Ўзбекистон ҳар доим Кремлдан мустақил сиёсат юргизишга интилган.

Муҳожирлар борасида икки тарафлама келишувлар эса Тошкентнинг "бошини эгиши" ва Россия шартларига қўниб, муайян муросага боришини англатиши мумкин.

Ислом Каримов бунга ҳеч қачон йўл қўймаганди.

Шавкат Мирзиёев ҳам президент сифатида илк сафарлари учун Россияни эмас, балки Туркманистон ва Қозоғистонни танлаб, Москвага муайян мужда юборгандек.

Бироқ Ўзбекистон раҳбарияти қандай сиёсат танламасин, Россиянинг собиқ Совет давлатлари билан муносабатларидаги сўнгги ҳаракатларини назардан қочира олмайди.

Айниқса, миллионлоаб ўзбеклар ҳали-ҳамон Россияда ишлаб, нон топишга мажбурлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ