Ўзбекистон Қозоғистонга палов экспорт қилади

Палов Фото муаллифлик ҳуқуқи Sputnik

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Қозоғистонга консерваланган палов етказиб бериш бўйича 1 миллион долларлик шартнома имзолаган. Ушбу маҳсулотга Қозоғистонда талаб ортиб бораётгани айтилмоқда.

ЎзА ахборот агентлигининг ёзишича, консерваланган палов экспорт қилиш бўйича шартнома Шавкат Мирзиёевнинг 22-23 март кунлари Остонага қилган ташрифи доирасида имзоланган.

"Unison Group" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Румия Абайдулинанинг ЎзАга айтишича, Остона шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ғоят самарали бўлган.

"Қозоғистоннинг «Agro Max Astana», «Даржан Групп» ва бошқа қатор савдо мажмуалари билан консерваланган ўзбек палови етказиб бериш бўйича қарийб 1 миллион долларлик шартнома имзолади. Маҳсулотимизга Қозоғистоннинг қатор савдо корхоналари томонидан талаб тобора ортиб бормоқда", - деган у.

Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 500 дан ортиқ ишбилармонлари иштирок этган. Уларнинг якунлари бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган савдо шартномалари ва инвестициявий битимлар имзоланган.

Россия ва Қозоғистондан нефт импорти

Остонада бўлиб ўтган бизнес-форум давомида "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси Қозоғистоннинг "Казмунайгаз", "Казтрансгаз" ва "Казтрансойл" компаниялари билан музокаралар олиб борган.

Ушбу учрашувлар давомида орасида Омск-Павлодар-Чимкент нефть қувури тармоғи орқали нефтни Ўзбекистондаги қайта ишловчи заводларни хомашё билан таъминлашга оид шартнома имзоланган.

Шартнома брошланишига йилига бир миллион тонна Қозоғистон ва Россия нефтини Ўзбекистонга етказиб беришни назарда тутади. Ўзбекистон ушбу нефт ҳажмини кейинчалик йилига беш миллион тоннагача кўтармоқчи. Қозоғистон ва Россия нефтни қайта ишлаш учун Жиззах вилоятида нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши бошланган.

Завод 2020 йилнинг охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда нефт қазиб олиш йилдан йилга тушиб кетаётгани айтилади. Шу билан бирга мамлакат ичида уни истеъмол қилиш ортиб бормоқда.

Расмий малумотларга кўра, 2002 йили 7 милион 240 минг тонна нефт ва газ конденсати қазиб олинган бўлса 2012 йилга келиб ушбу кўрсатгич 3 миллион 170 минг тоннага тушиб кетган. Шундан нефт қазиб олиш эса 2,6 фоизга тушиб кетган ва 2013 йили 1 миллион 560 минг тонна нефт қазиб олинган.

Ўзбекистон бир йилда қарийб 4 миллион тонна нефт истеъмол қилади. Мутахассислар Ўзбекистондаги нефтни қайта ишловчи заводлар ҳозиргидан катта миқдорда нефтни қайта ишлаш салоҳиятига эга эканлигини айтишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ