"Газпром" раҳбари Тошкентга келди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Миллер Тошкентда ўзбек гази экспортини муҳокама қилади.

Россиянинг "Газпром" ширкати раҳбари Алексей Миллер ўзбек гази экспортини муҳокама қилиш мақсадида Тошкентга келган.

Хабарларга кўра, "Газпром" 2017 йилда Ўзбекистондан 5 миллиард куб газ сотиб олишни режаламоқда.

Бу 2016 йилда Россия сотиб олган (6,2 миллиард куб) газ ҳажмидан камроқ.

Ўзбек газининг хариди масаласи сешанба куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Москвада Дмитрий Медведев билан ўтказган музокаралари кун тартибида бўлган.

Медведев Россия ўзбек ширкатлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш ниятида эканини айтган.

Ҳозирда "Газпром" айни масалада ўзбек томони билан маслаҳатлашувлар олиб бораётгани айтилади.

Хабарларга кўра, "Газпром" Устюрт платосидаги Жел газ конини ўзлаштириш бўйича битимни ҳам шу йил имзолаши мумкин.

Арипов ва Медведевнинг учрашувлари чоғида Россия нефтини сотиб олиш масаласи ҳам муҳокама этилган.

Ўзбекистон Россиядан нефтни божхона солиғисиз сотиб олишни истайди.

Ўтган йил бошида "Газпром" Марказий Осиё газини сотиб олиш тартибига ўзгартиш киритган ва туркман гази импортини қисқартириб, Ўзбекистондан кўпроқ газ олишини айтган.

Мутахассисларга кўра, ушбу қарор Ўзбекистоннинг Россия газ импорти тузилмасидаги аҳамиятини оширади.

2008 йилгача Россия газни асосан Туркманистондан сотиб олган.

Жаҳон бозорида газ нархларининг тушиши "Газпром"нинг туркман газига воситачилик хизматини даромадсиз бизнесга айлантиргани айтилади.

Ўзбекистон Россияга сотадиган газ нархлари борасида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Ўзбек томони Хитойга сотиладиган газ нархини ҳам сир тутади.

Ўзбекистоннинг ўзида айниқса қиш мавсумида аҳоли газ танқислигидан азият чекиб келади.

Шавкат Мирзиёев сайловолди кампанияси чоғида аҳолининг электр муаммосини ечишга ваъда берган, аммо газ масаласини четлаб ўтган.

Ўтган йили ҳукумат кўпроқ кўмир ишлаб чиқариш ва аҳолига етказиб бериш юзасидан қатор қарорлар қабул қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг