Ўзбекистон Россия билан ҳарбий шартномани маъқуллади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Defence ministry
Image caption Ўзбекистон мудофаа вазири Қобил Бердиев Россия билан "доим бирга" эканликларини айтган.

Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси - Сенат Россия билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги Шартномани ратификация қилган.

Сенатнинг сешанба куни ўтган ялпи мажлисида шартнома лойиҳаси бир овоздан маъқулланган.

Шартнома томонларнинг ўзаро ҳарбий мақсаддаги техника ва хизматларни етказиб беришини тартибга солади.

Унда шунингдек, ҳарбий-техникавий ёрдам кўрсатиш ҳам назарда тутилган.

Ўтган йил ноябрида Президент Путин Россия ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича агентлигига Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйчиа шартнома имзолашни топширганди.

Бир вақтнинг ўзида Москвага сафар қилган Ўзбекистон мудофаа вазири Қобил Бердиев Россия билан "доим бирга" эканликларини айтган.

"Балки бизнинг муносабатларимиз унча фаол бўлмаган давр ҳам бўлгандир, бироқ биз доим Россия билан биргамиз ва Россия бизнинг асосий стратегик ҳамкоримиз", - дея Ўзбекистон мудофаа вазирининг сўзларидан иқтибос келтирган РИА Новости агентлиги.

Расмий Тошкент сиёсий ва иқтисодий соҳада бўлгани каби ҳарбий соҳада ҳам Москва билан асосан икки томонлама келишувлар доирасида ҳамкорлик қилиб келади.

Каримовнинг вафоти ортидан Ўзбекистон Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги аъзолигини қайта тиклаш режаси йўқлигини айтган.

Ҳарбий экспертларга кўра, келаётган 10 йилда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг асосий таъминотчиси Россия бўлиб қолади.

Сўнгги пайтларда ҳарбий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кучайган.

1990-йиллар охирида марҳум президент Ислом Каримов НАТО андозасидаги армия яратиш режаларини илгари сурган, аммо кейинроқ Россия билан қайтадан яқинлашганди.

Афғонистон таҳдиди

Ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масаласи келаси ой Россияга ташриф буюриши эълон қилинган Президент Мирзиёевнинг Путин билан музокаралари кун тартибида ҳам бўлиши кутилмоқда.

Душанба куни Афғонистон билан чегарада Россия ва Тожикистон ҳарбийларининг қўшма ўқув машғулотлари бошланган.

Путиннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Қобулов Ўзбекистонга қўшни Афғонистонда "катта миқёсдаги қонли тўқнашувлар юз бериши эҳтимоли"дан огоҳлантирган.

Ўтган ҳафта Тожикистонга сафари чоғида гапирган Россия дипломатига кўра, Афғонистондаги жангари гуруҳларнинг асосий нишони Марказий Осиё давлатларидир.

У минтақа давлатларини Афғонистондан келаётган таҳдидга қарши биргаликда курашишга чақирган.

Президент Мирзиёев ўтган ҳафта Қозоғистонга ташрифи чоғида Афғонистондаги вазиятнинг минтақага таҳдид эканини эътироф этган, айни пайтда экстремизм таҳдидини фақат хавфсизлик чоралари билангина бартараф этиб бўлмаслигини айтган.

Унга кўра, иқтисодий интеграция лойиҳалари минтақанинг кўпгина муаммоларига ечим бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.