Айрилиқ, соғинч ва ватанга қайтиш

Image caption Башир ва Карим

Мен Мосулга қайтиш умиди билан узоқ яшадим.

Мен туғилиб ўсган бу шаҳар табиийки, доим юрагимнинг тўрида эди.

Бахтли болалигимнинг энг ширин хотиралари ҳам она шаҳрим билан боғлиқ эди.

Менинг шаҳрим доим ям-яшил эди.

Баланд дарахтлар соясида узанган кўчалари, эски, аммо бағоят гўзал уйлари ва Дажла дарёси билан хотирамда ўрнашиб қолган.

Мосул китоблар шаҳри эди, отам бу ердаги машҳур университетда дарс берар, мен таълим олардим.

Бу шаҳарга ироқликлар дам олиш учун келишарди.

Ҳавоси тоза, салқин ва дунёнинг машҳур қадимий ёдгорликлари бор эди.

Мен она шаҳрим Мосулга ўн йилдан ортиқ давомида боролмадим.

ИШИД деганлари икки йил бу шаҳарни босиб олганини билардим.

Уларнинг шаҳарни қанчалар вайрон этишганидан ҳам хабарим бор эди.

Аммо...ўз кўзим билан кўриш даҳшат эди.

Мен болалигимда чопиб юрган кўчаларни машинада кезар эканман, кўз ёшларимни тўхтата олмасдим.

Ўзимга қадрдон жойларни таниб бўлмас эди.

Қайси томонга қараманг абгор манзара...ўқлар изидан титилган деворлар, бомбалардан вайрон бинолар...

Image caption Баширнинг ёшлиги, Мосул

Кўчалар қийшиқ темир-терсак, ёқиб юборилган машиналар билан тўлган эди.

Юракни эзадиган қайтиш эди бу...

Мосулга томон асосий йўлда турфа ўқ-дори ортилган юк машиналарни, тез ёрдам уловларини кўриш мумкин эди.

Тез ёрдам машиналари яраланганлар ва касалларни таширди.

Мен яшаган шарқий Мосул йил бошида ИШИДдан озод этилганди.

Шаҳар ғарбидаги ИШИД жангарилари ҳар куни шарққа томон ракеталар отишади, худкуш ҳужумчиларини йўллашади.

Вазият шу қадар беқарор эдики, биз шарқий Мосулга Ироқ армияси ёрдамида етиб олдик.

Мен аввалига қадрдон дўстим Каримнинг уйида тўхтадим.

Биз бирга улғайгандик ва то ИШИД истилосига қадар алоқада эдик.

Биз унинг уйи атрофида машинада айланар эканмиз, бирдан кўзим Каримга тушди.

Биз қучоқлашдик, йиғладик, аммо биз кўришганимиздан бениҳоят хурсад эдик.

Бир пиёла чой устида у бизга ИШИД назорати остидаги ҳаётини ҳикоя қилиб берди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мосул

Шаҳардаги бошқа кўплаб инсонлар каби у аввалига жангариларни олқишлар билан кутиб олади.

Бундан ҳайратланмаса ҳам бўлади.

Саддам Ҳусайндан кейин Мосул порахўрлик ва мазҳабпарастлик балосига гирифтор бўлганди.

Асосан суннийлар яшайдиган Мосул шиалар бошқараётган ҳукуматдан нафратланарди.

Барча муаммоларга шиаларни айбдор деб биларди.

"Бошида биз ИШИДни инқилобчилар деб ўйладик. Бу ерда ижтимоий адолат ўрнатишади деб ишондик", дейди дўстим.

Аммо орадан кўп ўтмай "халифаликнинг" асл башараси очилиб қолади.

Умиднинг ўрнини қўрқув эгаллайди.

Қўрқувга асос эса - ҳибслар, оммавий қатллар...

ИШИД Каримнинг Ироқ сайлов комиссиясида ишлайдиган катта акасини ҳибсга олади, кейинроқ қатл қилади.

"Унинг ўлим олди илтимоси ўзининг беш нафар фарзандини бир бор қучоғига босиш эди, аммо ИШИД бунга рухсат бермади".

Журналист сифатида Карим ҳам бир неча марта турар жойини ўзгартиришга мажбур бўлади.

Аммо ҳаётнинг аччиқ ҳазиллари ҳам йўқ эмас экан.

Биз каптарсевар бошқа бир дўстимизни эсладик.

Кейин каптарбозликни ИШИД тақиқлаб қўяди.

Аммо унгача бу дўстимиз бошқа бир дўстимизга ноқонуний саналган сигаретларни каптарлар орқали етказиб туради.

Карим аввалгидай эмас эди.

Кўзларида қўрқув.

Карим бир пайтлар ИШИД олиб қўйган уйига қайтиб келган.

Аммо шаҳарда газ ва электр таъминоти йўқ.

Аксарият суҳбатдошларим Мосул бутунлай озод бўлмаганига қадар хотиржам бўлмасликларини айтишди...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар