1 апрелдан қамоқ деган жазо бекор қилинади

Ҳибс

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қатор қонун ва кодексларга ўзгартиришлар Ўзбекистонда 1 апрелдан кучга киради.

"Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" деб номланган қонунни Президент Мирзиёев 29 март куни имзолаган ва қонун матни 30 март куни марказий рўзномаларда нашр қилинган.

Ушбу қонунга биноан Ўзбекистоннинг Жиноят Кодексига, Жиноят-процессуал Кодексига, Фуқаролик процессуал Кодексига, Жиноят-ижроия Кодексига, "Судлар тўғрисида"ги ва "Прокуратура тўғрисида"ги қонунларга ўзгартиришлар киритилган.

Ўзбекистоннинг Жиноят Кодексининг 45-моддасидан "қамоқ" деган сўз чиқариб ташланган.

"Ҳибс" ёки рус тилидаги "арест"ни назарда тутган қамоққа олиш нисбатан кам муддатли жазо тури сифатида қўлланган.

Энди айрим қонунбузарликлар учун қамоқ жиноий жазо сифатида қўлланилмайди.

Мамлакат қонунчилигида жиноят содир этгани учун жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, уй қамоғи ва озодликдан маҳрум этиш каби жазолар кўзда тутилган бўлиб, шу вақтгача алимент тўламагани учун ҳам айрим шахсларни 3 ойга ёки 6 ойга қамоқ жазосига ҳукм этиш мумкин эди.

Шу пайтгача Ўзбекистонда бирор жиноят содир этганликда гумон қилинган шахсни айблов илгари сурмасдан туриб 72 соат мобайнида ҳуқуқ-тартибот органлари ушлаб туришлари мумкин эди.

1 апрелдан бошлаб гумондорни ушлаб туриш муҳлати 48 соатга туширилган.

Бундан кейин дастлабки тергов вақти ҳам 12 ой эмас, 7 ойни ташкил этади.

Янги ўзгаришларга кўра, ҳибсга олиш ёки уй қамоғи ўрнига бошқа муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш кўзда тутилган.

Бундан кейин Ўзбекистонда жазонинг енгил турлари, хусусан, "мажбурий жамоат ишлари" деган тури қўлланилади.

Расмийларга кўра, ушбу ўзгартиришлар мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштириш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини янада самарали қилиш, одамларнинг адолат ва қонун устуворлигига ишончини ошириш мақсадини кўзлаган.

Ушбу ўзгартиришларни Ўзбекистон Қонунчилик Палатаси 17 мартда қабул қилган, 28 март куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органлари ва судларнинг фаолияти узоқ йиллардан буён халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади.

Шунингдек, мамлакат қонунчилигидаги тартибларнинг ҳам репрессив экани таъкидлаб келинган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари милиция ходимларининг ўзлари дастлабки ҳибс ва тергов жараёнида фуқароларнинг қонунларда кўзда тутилган ҳуқуқларини поймол қилишлари ҳақида кўп марта ҳисобот тарқатганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.