Мирзиёев ўзбекларни сиёсатга қизиқтира олдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sputnik
Image caption Мирзиёев ҳокимлар сайловини йўлга қўйишга ваъда берган.

Ўтган ҳафта Қозоғистонга сафар қилган Президент Шавкат Мирзиёев марҳум Ислом Каримов бошқарувининг икки асосий тамали бўлган хавфсизлик ва барқарорликнинг бутунлай бошқа талқинини илгари сурди.

Мирзиёев талқинидаги хавфсизлик "барқарор иқтисодий ривожланиш, тадбиркорлик ва одамларнинг эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олади".

Ваҳоланки, чорак аср мобайнида Ўзбекистондаги барқарорлик худди шу, оддий инсоний эҳтиёжларни, жумладан, қўшнилар билан борди-келди, савдо-сотиқ ёки саёҳат қилиш каби ҳуқуқларни истисно қилган, "ўз уйингни ўзинг асра" сингари ваҳимали, қуруқ ва бир нави "қабристон барқарорлиги"га айлантирилганди.

Каримов даврида мухолифат ва омма сиёсий жараёнлардан четлатилибгина қолмади, балки сиёсатшунослик фан сифатида ҳам тақиқланди.

Буни фақат Сталин даврида шўролар давлатида генетика фанининг тақиқлангани билан қиёслаш мумкин, холос.

Иқтисодий тараққиёт ва оддий инсоний манфаатларни ўз ичига олмаган тинчлик ва барқарорлик, алал-оқибат мамлакатни таназзул ёқасига олиб келганини бугун Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ёки матбуот эмас, балки Президент Мирзиёевнинг ўзи айтаяпти.

"Биронта яхши йўл, биронта яхши мактаб ё шифохона кўрмадим", - деди у Қорақалпоғистонга сафари чоғида.

Бу орада ижтимоий тармоқларда марҳум Ислом Каримов сиёсати тарафдорларининг "зато тинчлик" деган шовқини ҳам тинди.

Унинг ўрнига тармоқдаги кўпчилик Мирзиёев кўтариб чиқаётган долзарб муаммоларга ҳамоҳанг ўз дардларини айта бошлади.

Ва у кўтариб чиқмаган муаммолар ҳақида ҳам Мирзиёевнинг Фэйсбукдаги расмий саҳифасига ёза бошладилар.

Ҳали олти ой аввал ҳокимият ўзини эшитиши мумкинлигига ишонқирамаган ва ҳадик ичида виртуал қабулхонага мурожаат қилган фуқаро энди "портал ишламаяпти" дея танқид қилишга ўзида жасорат ҳам топаяпти.

Ва шу тариқа эҳтимол, ўзи билмаган ҳолда, сиёсатга аралашмоқда.

Атиги бир неча ой аввал аралашиш мумкин бўлмаган, кўпинча кўнгилсиз оқибатларга олиб келадиган ва амалда жиноятга тенг бўлган катта сиёсатга.

Албатта, Мирзиёевнинг янги барқарорлик концепцияси амалда қандай натижаларини беришини ҳали кўриш керак бўлади.

Аммо унинг қисқа вақт ичида халқ билан бир нави мулоқотни йўлга қўя олгани ва ўзбекларни мамлакатдаги сиёсий жараёнларга бир қадар жалб қила олганини мухолифлар ҳам айтишмоқда.

Гарчи Президентнинг ўзи буни катта сиёсат ё-да сиёсий уйғониш деб тақдим қилмаётган бўлса ҳам, жамиятда сиёсатга бўлган қизиқишнинг кучайганини айниқса, ижтимоий тармоқларда кузатиш қийин эмас.

"Уйғонинглар, сизлар уйғонмасангиз, мен ҳеч нарса қилолмайман", - дея хитоб қилди Президент вилоятларга сафарларидан бирида.

Ҳозирча аксарият кўпчилик тепадан пастга бошланган бу жараённи иккиланишлар билан кузатаётгани ва "уйғонишга шошилмаётгани" ҳам ҳақиқат.

Ва бунга асос ҳам бор.

Ўтган ҳафта Мирзиёевнинг ислоҳотларидан руҳланиб, порахўр амалдорларни танқид қилган тошкентлик тадбиркор Олим Сулаймоновнинг 3 йилга қамалгани ўртага чиқди.

Президент сайловлари арафасида тадбиркорга минбар берган давлат телевидиениеси унинг қамалгани ҳақида лом-мим демади.

"Нима бўлаётганини тушуниш қийин. Гап-сўзларига қарасангиз, очиқлик ва ошкоралик, тизимни бутунлай ўзгартирадигандек. Аммо амалда ҳамма нарса ўша-ўша. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ", - деб айтди тошкентлик журналистлардан бири Би-би-сига.

Унинг сўзларига кўра, президент сайловлари арафасида давлат матбуотида ҳам бир муддат "ўзгариш шабадалари" эсиб ўтган.

"Ҳозир ҳамма нарса яна қайтадан жой-жойига тушиб қолди", - дейди номи ошкор этилишини истамаган журналист.

Бироқ оддий одамлар давлат матбуотидаги журналистлар қадар сиёсий ҳушёр эмас ва жамиятда Мирзиёевдан ўзгариш кутишлари ҳануз катта.

Бу кутишлар ҳақида ғарб матбуоти ҳам ёзмоқда.

Ғарблик кузатувчилардан бирининг айтишича, ўтган йил декабридаги сайловларнинг эътиборга молик ягона жиҳати унда КАРИМОВДАН БОШҚА ОДАМнинг президент этиб сайланиши эди.

Аввалроқ маҳаллий журналистлардан бири ҳам сайлов кайфиятлари ҳақида гапираркан, "одамларда Каримовдан бошқа одам ҳам президент бўлиши мумкин экан-да, деган фикрнинг пайдо бўлгани янгилик", деган сўзларни айтганди.

Ўзбекистон сиёсатини амалда Каримовдан бошқа одам ёки одамлар юрита бошлаганига ярим йил бўлди.

Бу орада ўзбекистонлик Фэйсбук фойдаланувчиларидан бири айтмоқчи, "уруш ҳам бошланиб кетгани йўқ, осмон ҳам қулаб тушмади".

Сиёсат билан фаол шуғулланмайдиган кўпчилик ҳам бу воқеъликка кўникди ёки кўникмоқда.

Йиллар давомида сиёсат билан қўрқитилган оддий ўзбек деҳқони ёки нафақахўри эҳтимол, ўзининг янги ижтимоий мақомга кўтарилаётганидан бехабар бўлиши мумкин.

Аммо жойларда халқ қабулхоналарига бориб, Президентнинг давлат маслаҳатчиси ёки ҳокимга бемалол арзу дод қилаётган одамларнинг, натижа қандай бўлишидан қатъий назар, мамнунликларини Ўзбекистондаги нашрларда чоп этилаётган суратлардан сезмаслик мумкин эмас.

Гарчи бу жараён яқин келажакда аҳолининг кенгроқ маънодаги сиёсий фаоллигига олиб келадими, йўқми, номаълум.

Виртуал ёки халқ қабулхоналари нисбатан янги кўриниш ва амалда ҳокимиятнинг қарор қабул қилиш жараёнига қанчалик таъсир ўтказа олиши маълум эмас.

Ўзбек жамиятида сиёсий кайфиятларнинг қанчалик ўзгаргани ҳақида хулоса чиқариш ҳам мушкул, чунки бу каби мавзуда ҳаққоний омма сўровларини ўтказиш имкони ҳануз мавжуд эмас.

Мамлакатдаги ягона омма сўрови маркази "Ижтимоий фикр" ҳам ўзининг сўнгги тадқиқотларида "коррупция", "аҳолининг иқтисодий муаммолари", "фуқароларнинг ҳақ ва ҳуқуқлари" сингари ибораларни ишлата бошлаган.

Айни пайтда бу каби сўровларда аҳоли орасида "ижтимоий умидбахшлик даражаси ўта юқори" экани таъкидланади.

Бу расмий "умидбахшлик" жамиятда қўрқув ҳукмрон бўлган Каримов бошқаруви даврида ҳам мавжуд эди.

Албатта, Каримов давридаги сиёсий репрессияларни ўзининг жисмида ҳис этиб кўрмаган ва айни пайтда рақамли технологиялар шарофати билан кўпроқ ахборотга имкони бўлган янги авлод ҳам бор.

Давлат, Каримов даврида кўрилгани каби, аҳолини сиёсий жараёнлардан четлатиш имконига эга бўлгани каби, уни бу жараёнларга жалб этиш учун зарур воситаларга ҳам эга.

Ҳозирча бу ишни амалга оширадиган институтларни ташкил этиш томон қадамлар қўйилганича йўқ.

Мирзиёев ўтган Конституция куни ҳокимларни сайлаш ҳақида гапирди, бироқ яқин келажакда бу каби сайловларнинг йўлга қўйилиши билан боғлиқ қонунчилик ташаббуслари ҳали пайдо бўлгани йўқ.

Таҳлилчиларга кўра, маҳаллий ва миллий даражадаги ҳаққоний сайловлар Ўзбекистонда 1990-йиллар бошида музлатиб қўйилган сиёсий жараёнларнинг қайта бошланишига, сиёсий музларнинг эришига туртки берган бўларди.

Музлар эримасдан, сиёсий илиқлик ҳақида гапириш мумкин эмас.

Иккинчи томондан, янги раҳбар ўзбекларнинг қай даражадаги сиёсий фаоллигига ҳозирлигини ҳам айтиш қийин.

Чунки у ҳали жиддий сиёсий ислоҳотлар дастурини эълон қилгани ва ҳатто бу борада жўяли баёнот бергани ҳам йўқ.

Масалан, мамлакат сиёсий саҳнасида мухолиф партияларнинг пайдо бўлишига йўл қўядими?

Умуман, Мирзиёев ўзбекларни сиёсатга қизиқтира олдими?

Би-би-си бу борада ўзбекистонлик таҳлилчи, журналист ва фаолларнинг фикрларини сўраган.

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос: Cиёсий фаоллик масаласи ҳам менталитет билан боғлиқ ва ҳам универсал тушунча. Қайсидир халқ сиёсий фаол, бошқалари камроқ деб мутлақлаштириш нотўғри. Аммо ўзига хосликлар бор. Гап шундаки, давлатда раҳбар янги, халқ эски. Олдинги, ўзимизнинг халқ. Янги раҳбар албатта, янгича ислоҳотларни олиб боради. Ўз дастури, салоҳияти, билимига яраша иш олиб боради. Янги дастурни илгари суриш нисбатан осон. Аммо халқни ислоҳотларга жалб қилиш қийинроқ. Чунки халқда инерционлик бор. Битта ўзбекларда эмас, ҳамма халқларда бор. Айниқса, собиқ совет ҳудудидаги халқларда бу бўртиб кўринади. Чунки халқ "сиёсатга аралашма" деган ақидада тарбияланган. Бу менталитет чуқур илдиз отган. Ва бу инерционлик ўрнига фаоллик яратиш вақт олади. Горбачев ислоҳотларида ҳам шундай бўлганди. Ислоҳотлар тезроқ бўлиши керак, деганлар ҳам бўлган, уларга қаршилик қилганлар ҳам. Давлат ҳамма эҳтиёжларимизни қондиради, ҳамма шароитни яратиб беради, деган патерналистик қараш чуқур илдиз отган. Ислоҳотлар билан мен онгли ҳаракат қилишим керак, фаол бўлишим керак, дейдиганлар кўпаяди. Янги замонда яшаяпмиз, энди ҳеч нарсани яшириб бўлмайди, деган қараш аста-секин шаклланаяпти. Яқин келажакда Ўзбекистонда сиёсатшунослик фани ҳам қайта тикланади, деб ишонаман.

Қудрат Бобожон, журналист, Eltuz нашри асосчиси: Мирзиёев келганидан сўнг сиёсий фаоллик кучайди, деб айта олмайман. Мухолифат олдинги турғун ҳолатида турибди. Балки хатто ортга чекинишлар бор. Демократия ўз инқирозини кечираётган қўшни мамлакатлар фонида бу турғунлик, олдинга силжишдай тасаввур уйғотиши мумкин. Виртуал ҳаётдаги фаоллик асосан, Мирзиёев сиёсатини қўллаб-қувватлаш билан чекланган. Гарчи Мирзиёев, Каримов йўлидан ҳеч бир оғмасдан бораётганини айтиб келаяпти. Ижтимоий тармоқдаги ёзишмаларда эса пошшо яхши-ю вазир ёмон қабилидаги бир сунъийликни кўриш мумкин. Буни фақат троллинг технологияси ва унинг таъсирига тушиш, деб аташ мумкин.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, ёзувчи: Эскидан сиёсатга қизиқмайдиган миллат бўлганмиз, деган фикрдан йироқман. Доим от устида юрган, ҳар икки-уч йилда қўшни давлатлар билан урушиб келган миллат сиёсатга фаол аралашган ҳисобланади. Бугунгичалик парвосиз бўлиб қолишига, табиий, советнинг катта таъсири бўлган албатта. Охирги паҳлавонларимиз ‒ босмачи ва қўрбоши боболаримиз ўрисдан енгилганидан кейинги қатлиомлар миллатни бироз паришон этгани бор гап. Миллатни қўрқитиш учун қаттиқ ва шафқатсиз ўч олингани юракларда анчагача кетмас из қолдирди. Кейин жадид ота-боболаримиз сиёсатга аралашди, улар ҳам қириб юборилди. Мустамлакачилар қўл остидаги халқларни қул ҳолида ушлаб туриш учун доим шунақа репрессив усуллардан фойдаланиб келади. Бўлмаса, халқимизнинг бошқа халқлардан сира кам ери йўқ. Бунинг устига, мустақилликка эришилганидан кейин ҳам халқнинг сиёсатга аралашишига йўл қўйилмади. Ислом Каримов юритган "халқни қўрқувда ушлаб туриш" сиёсати СССРнинг охирги палласи ‒ қайта қуриш даврида озгина уйғонган миллатни яна ўз қобиғига пусиб-кириб кетишга мажбур қилди. Афсус, қўрқоқлик, ҳадик, хавотир, "оч қорним ‒ тинч қулоғим", "фақир панада" деган каби фалсафалар миллатимиз менталитетига айланишига оз қолди. Давлат бошига Шавкат Мирзиёев келгач, унинг илк қадамларидан умид уйғонди, халқ орасида бир оз ғимирлаш сезилади. Лекин ҳозирча оммавий сиёсий уйғониш юз бераётгани йўқ. Бу ҳолатни "кутиш" десак тўғрироқ бўлади. Бошидан кўп аянчли воқеаларни кечирган халқ: "Қани, пича кутайлик-чи, сиёсат пайнови қаёққа қараб оқаркан", деб пойлаяпти, менимча. Мамлакат расмий ОАВларида эскича "ҳаёт" давом этаётган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда бир оз фикрий жонланиш кузатиляпти. Бу нарса аста-секинлик билан жамиятнинг сиёсий уйғонишига таъсир этади, деб умид қилсак бўлади. Катта бўлак халқимизнинг сиёсатга муносабати жуда содда ва мантиқсиз. "Сен ким бўлибсан сиёсатга аралашасан?!"; "Олдин ўзинг тўртта одамни бошқариб кўр, кейин бошлиқларни танқид қил!"; "Президент зўр сиёсат юритяпти-ю, атрофидагилар яхши ишламаяпти-да"... каби жуда жўн ва ночор гаплар теварагида айланишади. Лекин, янги президент сайланганидан бери сиёсатдан ёзғирайдиганлар озгина бўлса-да, камайди. Юксак минбарлардан айтилаётган гаплар уларни ҳам сал довдиратиб қўйди, шекилли. 26 йиллик мустақил давримиз кўрсатдики, бизда худди нариги аср бошларидаги каби чинакам зиёли қатлам шаклланмабди. Жадидлар ҳаракати жуда кучли ва таъсирчан эди. Ҳақиқий зиёли деб ўшаларни айтса бўлади. Чунки улар дин, миллат, давлат, ватан тақдирини ўзларининг шахсий қайғуларидан устун қўйган эди. Тарқоқ ҳолда кимлардир бордир, лекин бугун мен жадидларчалик уюшган, фидойи, холис зиёли қатламни кўрмаяпман, афсус. Бу ҳам Ислом Каримов сиёсатининг "самараси"дир.

Анвар Ҳусаинов, собиқ вазир, таҳлилчи, Тошкент: Фитрат ва Беҳбудийлар туркистонликлар сиёсатдан йироклиги сабабини тадқиқ қилишган. Уларда Ислом дини мусулмонларни сиёсий фаол бўлишга чақиради, деган фикрлар кўп. Исломдаги саодат асрини оладиган бўлсак, у давр ҳақиқий демократия замони бўлган. Сўз эркинлиги баланд бўлган. Фикримча, ўзбеклар сиёсатдан узоқ бўлганининг сабаби халқимиз алданган. Миллий онгимизда катталарга, раҳбарларга, подшоларга ҳурмат ва ишонч дегани, давлат бошқаруви ишини тўлиқ уларга ишониб топшириш, деб тушунилган. Катталарнинг фикрини қайириш адабсизлик, уларни ишига, яъни сиёсатга аралашиш одобсизлик... Шу зиёнли фикр миллатнинг онгидан чуқур жой олган. Яна шўролар даврида ҳам, Каримов даврида ҳам, бу зиёнли фикрнинг илдизига сув қуйиб туришган. Бунга яна ҳурфикрли кишиларга қарши жазолар...қўрқув одамларимиз юрагида қаттиқ ўрнашиб олган. Жаҳон тарихида қизиқарли ўхшатишлар бор. Ўтган асрнинг 30-йилларида АҚШ халқи ҳам сиёсатга қизикмай қолган, кейин иқтисодий инқирозлар вақтида қўрқувдан ўзини йўқотган. Шу вақтда Президент бўлиб сайланган Франко Делано Рузвельт халқининг ушбу касаллигини кўра олган. Рузвельт Америка халқига илк радио мурожаатида шундай деган: "Бизларнинг энг катта душманимиз ичимиздаги қийинчиликлардан қўрқув, ўз кучимизга ишонмаслик қўрқуви. Бизни қутқарадиган сўз бирдамлик ва ҳамкорлик. Бир-биримизга қўлимизни берсак, кучимизга ишончимиз тикланса, биз энг катта душманимиз бўлган қўрқувнинг кўзига қарай оламиз. Қўрқувни енгишнинг йули унинг кўзига қараб, мен сендан қўрқмайман, дейиш. Мирзиёев ҳам ўз халқи учун Рузвельт бўлишга интилмоқда. У давлат ва халқ орасида мулоқотни йўлга қўйиш ғоясини амалга оширмоқда. Фикримча, бу стратегик тўғри йўл ўз самарасини бера бошлади. Буни холис назар билан қараганлар телевидение, радио эшиттиришларида маҳаллий ҳокимият раҳбарлари ва тадбиркорлар учрашувларида кўриш мумкин. Ошкора танқид, таклиф, ташаббуслар бошланди. Халкни сиёсий ҳаётга фаол жалб этишнинг энг самарали воситаси сайловлардир. Вилоят, шаҳар, туман ҳокимларининг сайловини тезлатиш зарур.

Дилобар Эркинзода, фуқаро жамияти фаоли, Швеция: Собиқ Совет тузумида "Ўзбеклар ва сиёсат" деган тушунча деярли Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирлар билан бирга йўқ қилинди. Шўро давридан олдин миллатимизда, халқимизда сиёсатга қизиқиш кучли булган. У даврларда айнан сиёсат деган атама ишлатилмаган булсада, лекин бўлиб ўтган қўзғолонлар, Ватан ҳимояси учун халқимиз ичидан чиққан "босмачилар" (аслида асл миллат ўғлонлари) ўша даврда одамларнинг онги ҳозиргидан анча равшан ва довюрак бўлганини кўрсатади. Албатта, Ўзбекистон мустақилликка эришиши олдидан миллатимиз яна бир бор уйғонди. Бу уйғониш хақиқий ва далил бошланганди. Одамлар эркинликни ҳар тарафлама ҳис этишни ўргана бошлагандилар. Лекин хукумат тепасига чиқиб олган собиқ коммунистлар бир думалаб, демократларга айланиб олганларидан сўнг, ўзларининг аросатда қолган "комократия" ларини яратдилар. Ва бу яратилган тузум собиқ Совет системасидан фақатгина номини ўзгартира олди, холос. Менталитетга боғлиқ деган фикрга қушилмайман, сабаби бизнинг ота-боболаримиз ўз давлатини, қонун ва бошқарувини яратиб кетган ва бу яратилган давлатни бутун дунё тан олган. Ўша даврларда қанчадан-қанча ҳам сиёсий, ҳам диний, ҳам дунёвий олимлар етишиб чиқди. Бу мисолларни ўнлаб келтириш мумкин. Бизни, яъни ўзбек миллатини собиқ Совет давридан бошлаб то бугунги кунгача йиллар давомида онгини синдирдилар. Бунинг менталитетга ҳеч қандай алоқаси йўқ! Бизда олдин ўзбек қул-мардикорлар бўлганми? Ўзбек аёллари фоҳиша, деган менталитет бўлганми? Пахта терадиган болалар менталитетимизда бўлганми? Бўлмаган! Буларнинг ҳаммаси кейин сингдирилди халққа. Айниқса, охирги 20 йил ўзбекларни ҳам маънан ва ҳам жисмоний равишда йўқ қилиш сиёсатига айланиб кетди. Балки азалдан маддоҳлик бўлгандир миллатимизда. Лекин буни хам айнан "сарой" атрофида ўралашиб юрадиган иккиюзламачилар қилишган. Ҳозирга келиб нима бўлди? Мактабдан бошлаб давлат идорасидаги ходимгача "сиёсат" деган сўз "ўлим" деган тушунчадек сингдирилди. Қўрқув шу қадар кучайиб кетганки, сабабсиз ҳам қўрқиб, қилинмаган ишларга ҳам мадҳ айтиладиган бўлди.Ислом Каримов даврида сиёсатдан гапирадиган инсонларни ҳам руҳий, хам жисмоний йўқ қилиш услуби кучайиб кетди. Бунинг учун ҳаттоки ижтимоий тармоқларда ҳам махсус "тролл гуруҳлари" тузилди. Ва улар кеча-ю кундуз одамларни сиёсатга аралашмаслик тарғиботини олиб бордилар. Тан олиб айтиш керакки, Ш. Мирзиёев раҳбар бўлганидан буён одамларимизда сиёсий фаоллик анча кучайди. Тўғриси, мен одамлар ҳатто оддий ижтимоий муаммоларини гапира олмайдиган бу мамлакатда кимдир порахўрлик, қийноқлар ва бошқа муаммоларни очиқ гапира бошлашини кутмагандим. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг бемалол сиёсатга аралашиб, қизиқишини кўраяпмиз. Халқ учун деб очиб қўйилган Виртуал Қабулхоналар халқимизнинг арз-додини ҳар доим ҳам ҳал қилмаса-да, ҳар ҳолда шу муаммолар борлигини гапиришга ўргатаётганининг ўзи ҳам бир яхшилик. Озгина бўлса-да, қўрқув чекиниб, одамлар ҳам ўз ҳақ- ҳуқуқлари учун курашишни урганишлари учун яхши бир мактаб, деб ўйлайман.Ўзбекистон аҳолиси ва айниқса ёшлари ижтимоий тармоқлардан кўпроқ кўнгилочар бир восита сифатида фойдаланадилар. Сиёсатга ва умуман ҳозирги кундаги Ўзбекистон холатига афсуски бефарқлар. Бу билан мен қизиқувчилар йўқ демоқчи эмасман, бор, лекин саноқли. Шу сабаб ва юқорида келтириб ўтган сабабларим туфайли ўзбеклар сиёсатдан анча узоқдалар ҳозир. Қачонки биз ўз қўрқувларимизни енга олсаккина, сиёсат ва бошқа масалалар ҳақида очиқ гапира оламиз, деб уйлайман.

Улуғбек Ҳайдаров, мустақил журналист, Канада: Шавкат Мирзиёев келганидан кейин жамиятга қандайдир бир эпкин келди, одамлар бир силкиниб олди... Лекин, айни дамда ҳамма тушуниб қолдики, система ўша-ўша қолибди. Одамларда яна қўрқув пайдо бўляпти. Йўқ, ўша қўрқув кетмаганди. Фақат бироз ўтмаслашиб, ҳадикка айланганди. Лекин ўзим кузатиб бораётган воқеаларга асосланиб шуни айта оламанки, жамият ҳукуматдан, унинг куч ишлатар тизимларидан қўрқади. Эмин-эркин гапириш йўқ, ТВлар ўша-ўша эски қолипда. Куни кеча бир ярим яшар қизчаси дори-дармон йўқлигидан ўлим тўшагида ётган ота-онага телефон қилиб, шу хақда ёзай мен, десам, "йўқ, қўйинг, бизга мухбирлар керакмас", дейишди... Бошқалар ҳам шундай. Куни кеча тадбиркор Олим Сулаймоновнинг ўғли Эгамберди чиқиб, "дадамга 3 йил беришди" деди. Ана сизга бугунги ҳукуматнинг сиёсати. Буни эшитиб, жиззахлик бир тадбиркор Ёшлар каналига телефон қилиб, яқинда мендан интервъю олиб, мен ҳақимда кўрсатув қилгандинглар. Илтимос, шуни эфирга берманг! Умуман керакмас! Мана, Олимни ҳам ТВда кўрсатишиб, кейин қамаб қўйишди" дебди. Бу бўлган гап...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.