"Телевидениеда танқид керакми? Унда журналистлар ҳимоя қилинсин"

Image caption Президент танқидий хабарларни талаб қилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев навбатдаги мажлисида Ўзбекистон телевидениесини танқид қилди ва тизимни ўзгартириш кераклигини таъкидлади. Мажлисда иштирок этган "Кун.uz" манбасининг маълумот беришича, Мирзиёев бу соҳада аҳвол "эски ҳаммом, эски тос" бўлиб қолаётгани айтилган. У, шунингдек, "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" телеканали номларини тилга олган ва фақат ютуқлар олқишланиши тўхтатилиши кераклигига ишора қилган.

"Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. "Ахборот" кўрсатувини ўзгартиришимиз керак", - деган президент.

Аммо, телевидениеда бундай ўзгартиришлар қилиниши ҳозирда қанчалар имконли? Би-би-си бу савол билан ўзбекистонлик мустақил журналистга мурожаат қилди. Журналистнинг исми-шарифи унинг ўз хавфсизлиги борасидаги хавотирлари туфайли очиқланмайди.

Мустақил журналист: Президентнинг айтган гапи тўғри, телевидениеда танқидий материаллар бўлиши керак, албатта. Чунки, биз биламиз, ҳозирги Ўзбекистон телевидениесида асосан ижобий хабарлар берилади. Ҳатто "Ахборотни" халқ "Жаннатдан хабарлар" деб атайди. Лекин, ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Телевидение яхши бўлиши учун сўз эркинлиги бўлиши керак. Буни нафақат конституциямизда, балки ҳаётда ҳам кўришимиз керак. Фидойи одамлар бор, албатта. Телевидениени ҳақиқатдан ҳам ривожлантириш учун бунга кимдир қаттиқ бел боғлаган бўлиши керак, қўрқмаслиги керак. Агар буларга эришилса, телевидениемиз ҳам ривожланади.

Би-би-си: Танқид ҳақида гап кетганда, айнан қайси соҳаларни танқид қилса бўлади? Танқид қилиб бўлмайдиган ҳам соҳалар бор, шундай эмасми?

Мустақил журналист: Тўғри, ва буни раҳбарият ҳам билиши керак. Балки ўз мажлисларида улар ўзаро турли мавзуларни баҳслашиб, айнан қайси мавзуларга ҳозирда асосий эътиборни қаратишимиз мумкин деб, шу мавзуларни устивор қилишса бўлар. Қолган мавзуларга кейинроқ эътибор бериш мумкин. Шароитларга ҳам қараш керак-да, чунки ҳар доим "демократия керак, сўз эркинлиги керак" деймиз, лекин бирон бир одам ёки журналист қайсидир мавзу бўйича гапирса, эртага кимдир қўнғироқ қилади ва бу одам ишидан кетади. Албатта, одам қўрқади. Шунинг учун, эҳтиёткорлик билан, босқичма-босқич буни амалга ошириш керак деб ўйлайман.

Би-би-си: Охирги ойларда виртуал қабулхона очилиши билан Ўзбекистон халқи орасида танқид маданияти уйғонгандек бўлди, гарчи бора-бора шикоятлар маҳаллий ҳокимиятларга қайтарилиб, одамларнинг ҳафсаласи пир бўлган бўлса-да. Ўзбекистонда телевидение мана шу танқид маданиятини ривожлантиришда илғор роль ўйнай оладими?

Мустақил журналист: Бунга вақт керак деб ўйлайман, чунки мана шу виртуал қабулхона деган нарса ўтган йилгача ҳеч бўлмаган. Ҳозир энди бунга ўрганиб қолишди, орамизда ҳам кулгу билан "виртуал қабулхонага ёзаман" деб таҳдидлар қиляпмиз. Лекин, бу осон вазифа эмас. Чунки 25 йилдан ортиқ давр мобайнида одамлар ўз фикрларини эркин изҳор қила олмаганлар ва бунга боғлиқ туйғулар ҳали ҳам мавжуд. Телевидениедаги одамлар ҳам шу одамлар, шу халқ вакиллари. Лекин, уларнинг хавфсизлигига кафолат борми? Мана бугун Мирзиёев телевидениени танқид қилди. Лекин, агар у яна бир фармон билан бугундан телевидениега янгича қудрат ва ваколатларни берса, балки шунда бошқача қарашлар шаклланар?

Би-би-си: Танқид талаб қилиняпти экан, лекин танқиднинг ўзи президентнинг ўзига ё маъмуриятига бориб тақалади. Айтайлик, бугунда энг долзарб мавзулардан бири миллий валютанинг эркин конвертация қилиниши мавзуси. Шу мавзуни тадбиркорлар телевидениега чиқиб очиқча гапиришни бошлашса, улар жуда катта давлат сиёсатини танқид қилган бўладилар. Буни қандай ҳал қилиш мумкин?

Мустақил журналист: Ҳали айтганимдек, баъзи мавзулар - хавфли мавзулар. Ҳукумат бир яхлит, бир одам эмас. Ҳукуматда ҳам ҳар хил одамлар бор. Мирзиёев либераллашув ҳақида гапирар экан, ҳукуматдаги бошқа шахслар бунга йўл қўйиб берармикан? Шуни ҳам ўйлаш керак. Мирзиёевнинг ўзи ҳам шу пайтларда эҳтиёт бўлиши керак, чунки унинг демократия ва либераллашув борасидаги даъватлари айрим кучларга ёқмаслиги мумкин.

Би-би-си: Президент "Ахборот" кўрсатувини ўзгартиришни таклиф қилибди. "Ахборот" совет давридаги "Время"дан фарқ қилмайди аслида. Уни қандай ўзгартириш мумкин? Ёки бутунлай ёпиб, бошқа нарса кашф этиш керакми?

Мустақил журналист: Йўқ, менимча, уни ёпиш керак эмас, фақат ундаги мавзуларни ўзгартирса бўлади. Ижобий лавҳалар қилавермасдан, долзарб мавзуларни ҳам таҳлил қилиш керак. Биз ҳозирча Си-Эн-Эн ё Би-би-сичалик дастурлар тайёрлай олмасак керак, лекин ҳеч бўлмаса техник даражаси юксак бўлган Россия каналларидан ўргансак бўлади. Лекин, муаммо дастурнинг техник томонида эмас. Энг асосий муаммо унинг таркиби ва мазмунида. Агар мазмунини ўзгартирсак, агар "Ахборот" жаннатдан хабарлар узатмай, Ўзбекистондаги хабарларни узатса, ўшанда одамларда ҳақиқатдан ҳам "Ахборотни кўрайлик, нима бўляпти, қандай муаммоларимиз бор экан, ҳукумат нималарни ҳал қиляпти?" деган қизиқиш пайдо бўлади.

Би-би-си: Ислом Каримов ҳам ўз президентлиги даврида бир неча бор танқидий лавҳалар қилинишига чақирган, аммо эски ҳаммом, эски тос сақланиб қолганди. Бу сафар ҳам шундай бўладими ёки ўзгаради деб ўйлайсизми?

Мустақил журналист: Шундай бўлиб қолиши мумкин, лекин ҳозирча аниқ билмаймиз. Янги президент ҳукумат тепасига келганига ҳали 100 кундан сал ошди. Умидимиз ҳали бор. Олдимиздаги 2-3 йил давомида бирон бир ўзгаришлар бўлмаса, балки яна ўша турғун аҳволга қайтамиз. Лекин, ҳозирда қандайдир ўзгаришлар шабадаси бор ҳамма жойда. Фейсбукдами, ёки Ўзбекистондаги бозорлардами, одамлар барибир ижобий ўзгаришларга ишоняптилар. Яхшиликка ишониш бу инсон табиатида бор нарса. Ҳозирча бу бор, лекин 2-3 йил давомида шароит ўзгармаса, менимча, яна қуруқ гапга қайтган бўламиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг