Мирзиёев деҳқон бозорларини бузиб, қайта қурмоқчи

Қарордан англашилишича, икки йил олдин реконструкция қилинган Фарғона марказий деҳқон бозори яна бузилиши мумкин. Фото муаллифлик ҳуқуқи farbozor.uz
Image caption Қарордан англашилишича, икки йил олдин реконструкция қилинган Фарғона марказий деҳқон бозори яна бузилиши мумкин.

Ўзбекистонда мавжуд барча деҳқон бозорлари икки йилнинг ичида бузилади. Уларнинг ўрнига замонавий савдо мажмуалари - гипермаркет, супермаркет ва минимаркет ҳамда уларга туташ жойларда йиғиладиган темир павильонлар қурилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 март куни "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида" қарорини имзолаган.

Қарордан англашилишича, кейинги беш йилда Ўзбекистонда 17 та деҳқон бозори мукаммал реконструкция қилинган. Бироқ мамлакат бўйлаб фаолият юритаётган 328 та деҳқон бозорининг аксар қисми талабларга жавоб бермайди.

"Олиб борилган ишларга қарамасдан, аксарият деҳқон бозорларида хавфсизлик чоралари, хусусан, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаганлиги, шунингдек, автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун бир қатор ноқулайликлар туғдирмоқда", - дейилади қарор шарҳида.

Image caption Қарорда аксар бозорлар таъмирталаб эканлиги айтилган

Қарор шарҳидан маълум бўлишича, Ўзбекистондаги 90 фоиз бозор таъмирга муҳтож.

"Бозорларнинг 90 фоизидан ортиғи (301) замонавий қурилиш нормалари талаблари ва савдо хизмати кўрсатиш шартлари ҳисобга олинган ҳолда мукаммал таъмирлашни талаб этади", - дейилади унда.

Қарорда ва унинг шарҳида Ўзбекистонда 25 йилдан бери бузилиб қайта қурилаётган деҳқон бозорлари нима сабабдан талабларга жавоб бермаса ҳам қабул қилингани борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Image caption Қарорда мавжуд савдогарларнинг ҳолати борасида ҳеч нарса дейилмаган

Шунингдек, шу вақтгача қайта қурилган бозорлардаги расталарни ҳар сафар янгидан сотиб олишга мажбур бўлувчи тужжорларнинг ҳуқуқлари ва тақдирлари борасида ҳам ҳеч нарса айтилмаган.

Қарордан англашилишича, мавжуд деҳқон бозоларининг ҳудуди ихчамлаштирилади ва у ерда бир неча қаватли гипер, супер ва минимаркетлар қад ростлайди.

Image caption Тужжорлар темирдан ясалган янги йиғма павильонларга ўтказилиши мумкин

Икки йилнинг ичида Ўзбекистонда 9 та 3 қаватли гипермаркет, 28 та 2 қаватли ва 126 та бир қаватли супермаркетларлар қурилади. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишга ихтисослашган савдогарлар эса сэндвич-панеллардан кенг фойдаланган ҳолда енгил конструкцияли йиғиб-териладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишга ихтисослашган савдо павильонларига ўтказилади.

Шу вақтгача темирдан ясалган йиғма павильонларда савдогарлар хизмат қилишган. Бироқ жойларда олиб борилган қурилишда ушбу павильонлар талабга жавоб бермаслиги сабаб қилиб келтирилиб уларнинг ўрнини кичик ва ёпиқ дўкон шаклидаги савдо расталари қурилганди.

Энди ушбу кичик дўконлар ўрнини яхлит супермаркет эгаллаши кутилмоқда.

Мамлакатдаги зарар кўриб ишлаётган 59 бозор ёпилади ва уларнинг ўрнига кейинчалик замонавий савдо ва озиқ-овқат объектлари қурилади.

Image caption Янги бозорларда бу каби сотувчиларга жой топиладими?

Қишлоқ туманларидаги деҳқон бозорлари ҳудудида ташкил этиладиган савдо мажмуалари қурилиши, улар ҳудудини ободонлаштириш ва автотураргоҳлар ташкил қилишга - "Ўзмиллийбанк" маблағлари жалб қилинади.

Йирик шаҳарлардаги йирик деҳқон бозорлари ҳудудида қуриладигани савдо мажмуаларига биринчи навбатда тадбиркорлар маблағлари жалб қилинади. Шунингдек, тижорат банкларининг камида 5 йил муддатга бериладиган, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан оширилмайдиган ставка бўйича кредит маблағлари ишлатилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, дастурни амалга оширишга жами 746 миллиард сўм (Марказий банк курси бўйича 207 миллион 510 минг АҚШ доллари) маблағ сарфланиши тахмин қилинмоқда.

Алоқадор мавзулар