Кореяга ишлашга фақат профессорлар борадими?

мигрантлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Sputnik

Жанубий Кореяда ишлашни истовчи ўзбекистонликлар корейс тилидаги билимларини текшириш учун тест топширган. 1 апрель куни онлайн тарзда бўлиб ўтган тест саволлари ва жавоблари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг истеҳзоли кулгусига сабаб бўлди. Саволларга жавоб берганлар Жанубий Кореяга оддий ишчи эмас, профессорлар олиб кетилади, деган хулоса келишган.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Жанубий Кореяга ишлаш учун бормоқчи бўлган ўзбекистонликларни тил синовидан ўтказган.

Уни яқиндан кузатган журналистлар тестни ташкил қилишдан тортиб, ўтказиш жараёнлари хато ва муаммолар билан тўла бўлганини айтишмоқда. Тузилган саволларнинг мураккаблиги ва саводсизлиги эса кулгуларга сабаб бўлган.

Kun.uz сайтининг имтиҳонда иштирок этган юзлаб манбаларнинг гувоҳлигига таяниб ёзишича, тест жараёни ҳар қандай мантиққа зид кечган.

"Қоидага кўра, корейс тилидан билим даражани аниқлаш учун корейс тилидан савол-жавоб бўлиши керак бўлган ўринда, ўзбек тилида тарих, адабиёт, она тили, кимё, физика, ҳуқуқ, география, биология каби фанлардан бир-биридан мураккаб, бир-биридан мантиқсиз ва кулгили, чала-ярим саволлар берила бошланган", - дейилади мақолада.

"Сирдарё вилояти аҳолисининг қанча қисми чучук сув ичиши", "Мўғул хони Хитойда қачон қайси сулолага асос солгани", "Митти юлдуз" китоби кимники экани, "Ҳалима энам аллалари" шеърий тўплами муаллифи кимлиги, "Чустда қачон қўзғалон бўлгани", қайсидир Аҳмад қачон вафот этгани каби саволлар сўралган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тест бўлиб ўтиши билан антиқа саволларнинг суратини олиб тарқатишган ва улар қизғин муҳокамага сабаб бўлган. Айрим ҳолларда тест саволлари турли кулгили мэмларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter
Image caption Тест саволлар терли мэмларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган

"Унақа саволларга жавоб топа оладиган одам, агар бўлса албатта, Кореяга ишлашга келадими?", - дейди бир фойдаланувчи.

"Манимча Кореяга оддий ишчи эмас, бўлажак сенаторлар керак", - дея истеҳзо қилади яна бир фикр қолдирувчи.

Блоггер Санжар Саид kun.uz сайтида эълон қилган мақоласида тестга масъул Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги расмий сайти томонидан йўл қўйилган хатоларни номмма-ном санаб ўтган.

Блоггерга кўра, онлайн рўйхатга олиш жараёнида иштирок этишни истовчиларнинг сони кўп бўлиши олдиндан маълум бўлган. Бироқ шунга қарамасдан расмийлар онлайн жараённи узлуксиз ва самарали ишлашини таъминлай олмаган. Натижада тест куни яқинлашган сайин расмий сайт қотиб, очилмай қолган.

Корейс тили бўйича мутахассис бўлган Санжар Саиднинг таъкидлашича, расмий сайт саводсизларча юритилмоқда.

"Миграция агентлигининг migration.uz, info.migration.uz, test-migration.uz сайтлари шу қадар саводсизлик билан юритилмоқдаки, ундаги имловий, грамматик хатолар, пала партиш, ўлда-жўлда жумлалар, шевага хос сўз ва ифодаларни ўзбек тилига нисбатан очиқча ҳурматсизлик, деб қабул қилиш мумкин", - деб ёзади у.

Блоггер ҳам антиқа саволларга эътибор қаратган ва уларни аҳмоқона деб атаган.

"Қоидага кўра, корейс тилидан билим даражани аниқлаш учун корейс тилидан савол-жавоб бўлиши керак бўлган ўринда, ўзбек тилида тарих, адабиёт, она тили, кимё, физика, ҳуқуқ, география, биология каби фанлардан бир-биридан мураккаб, бир-биридан мантиқсиз ва кулгили, чала-ярим саволлар берила бошланди", - дейди Санжар Саид.

Блоггер имтиҳон топширувчиларнинг ҳиссиётлари жунбушга келганини ёзди. Унга кўра, ҳуқуқлар оёқости қилинган ва "катта бир ташкилот ўзини ўзи шарманда қилиб, халқ кулгисига қолди".

Жанубий Кореяга ишлаш учун 100 минглаб ўзбекистонлик имтиҳон топширгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ