Ўзбек имоми: Эркаклар доялик қилмасин

Юнусобод туман имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов Фото муаллифлик ҳуқуқи qalampir.uz
Image caption Юнусобод туман имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов

Ўзбекистонда дояликни фақат аёллар қилиши керак деган таклиф яна бир бор янгради. Юнусобод туман имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов эркакларнинг доялик қилиши "шармандалик" эканлигини айтган. Бироқ соҳа мутахассислари фарзандни дунёга келтириш ўта оғир касб эканлигини, уни фақат аёл зиммасига юклаб бўлмаслигини айтишади.

"Бугунги кунга келиб тўғирлашимиз керак бўладиган масалалардан биттаси, ўғил болаларимизни дояликка ўқитишни бас қилайлик, биродарлар энди. Бу шармандачиликни тўхтатайлик энди. Майли собиқ Иттифоқ даврида шунга мубтало бўлдик. Эркак одамлар доя бўлиши оддий нарса деб билинди. Аёллар орасида эркакнинг қўли енгил бўлади, деб эркак дояга мухлислик кўпайилди. Лекин энди бу уят бўлади. Энди тўхташ керак", - деган Раҳматуллоҳ Сайфутдинов.

Ўзбекистонда туғриқхоналарда фақат аёллар ишласин деган таклиф бундан олдин ҳам берилганди.

1990 - 1995 йиллар Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлган машҳур ҳофиз Шерали Жўраев парламентда ушбу масалани кўтарган.

Бироқ ушбу масала эътиборсиз қолган.

"Эслаганим қадар бу масала доялар сифатида эмас, умуман роддомларда фақат аёллар ишласин тарзида эди ва эътиборсиз қолганди", - дейди ўша вақти Олий Кенгаш депутати бўлган журналист Жаҳонгир Муҳаммад.

Тошкентдаги хусусий клиникаларнинг бирида ишловчи, бир неча йил гинеколог-акушер бўлиб хизмат қилган эркак шифокорнинг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, доялик аслида жуда оғир касблардан.

"Доялик қилиш аслида оғир меҳнат. Аёлда қон кетиб қолиши мумкин. Аёл туғаётганда нариги дунёга бир бориб келади, дейишади. Худди шундай доялик қилаётган одам ҳам у билан бирга бир бориб келгандек бўлади. Бундай стрессли ҳолатда ҳеч қандай эркак доянинг хаёлига фаҳш нарсалар келмайди. Ундан ташқари акушер-гинеколог туну-кун ишхонада бўлишига тўғри келади. Лекин аёлларининг кечаси ҳам ишлашига кўп эркаклар рухсат беришмайди", - дейди исмини ошкор қилишни истамаган гинеколог эркак.

Бироқ Юнусобод тумани имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов аёл киши доялик қилиши керак бўлса, эри уни ишдан қайтаришга ҳаққи йўқлигини айтади. Исломда эри қайтариши мумкин бўлмаган хизматлар бор. Шулардан биттаси доялик.

"Чунки фарзи кифоя у. Аёлларга бу хизмат керак бўлади. Қишлоқда доя йўқ, аёл доялик қиламан, деса эри уни қайтара олмайди. Фарзи кифоя бўлиб турибди. Мана шу нарса аёлларга хос бўлган нарса. Ҳар қаердан изласа аёллардан доя топилади. Шунинг учун эркак кишининг доя бўлиши мусулмончиликка кўп ҳам тўғри келавермайди. Уят бўлади, бу шармандагарчилик масаласи ҳисобланади. Шунинг учун бундан буёғига болаларни ўзига хос ўқишларда ўқитайлик, дояликни аёлларга қўйиб берайлик", - дейди у.

Эркак гинекологнинг айтишича, аёлларнинг диний ва миллий қарашларидан келиб чиқиб уларнинг танловини ҳам ҳурмат қилиш керак.

"Турмуш ўртоғимга фақат аёл киши доялик қилсин ёки аёл кишининг қўл остида туғаман дейдиганлар бўлади. Ўзим стационарда ишлаган кезларимда бу каби ҳоллатларга дуч келардим. Бу танловга ҳурмат билан қарайман. Агар бирор аёл туғриқ жараёнида эркак киши қарашини истамаса унга аёл шифокор қарайди. Вилоятлардаги туманларда бу борада аҳвол қандайлигини билмайман, аммо Тошкент шаҳрида бу талаб бажарилади", - дейди гинеколог.