Ўзбекистонда хусусий тиббиёт фаолияти кенгаяди

дўхтирлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Corbis Royalty Free

Президент Мирзиёев чиқарган янги қарорга кўра, хусусий тиббий муассасалар фаолияти кенгаяди. Олдин 117 тиббий фаолият турларидан фақат 50 тасига хусусий клиникалар хизмат кўрсатган. Янги қарор бўйича хусусий клиникалар айрим чекловлардан ташқари деярли барча тиббий соҳада хизмат кўрсатиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрел куни "Хусусий тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолаган. Қарорнинг русча матни ЎзА хабар агентлиги сайтида чоп қилинган.

Podrobno.uz нинг ёзишича, қарор хусусий сектордаги тиббиётчиларга кенг имкониятлар эшигини очади.

"Рухсат берилган тиббий хизматлар кўринишларига эҳтиёж ўта катта бўлган кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, анестизалогия, реаниматология, гельминтология, интервенцион кардиология (юрак томирларини мослама орқали тозалаш) ва бошқа мураккаб жарроҳлик турлари киритилди", - дейилади хабарда.

Бундан олдинги қонун ҳужжатларида хусусий тиббиёт учун рухсат берилган тиббий хизмат турлари келтирилган бўлса, янги қарорда фақат давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида амалга оширилиши керак бўлган тиббий хизмат турлари келтирилган. Тақиқланмаган бошқа тиббий фаолият турлари хусусий клиникаларда амалга оширилиши мумкин.

Фақат давлат тиббий муассасаларида хизмат кўрсатилиши керак бўлган фаолият турлари инсон ҳаёти учун ўта таҳликали соҳалар билан боғлиқ. Бунга ўта хавфли ва юқумли касалликлар, токсикологик, венерик, рухий хасталиклар, 1 ёшгача бўлган чақалоқлар хасталиги, туғдириш, ҳомилани олиб ташлаш, инсон аъзоларини кўчириб ўтқазиш, қон олишни ташкиллаштириш ва бошқа шу каби муҳим хасталиклар киритилган.

Қарорда шунингдек, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия, Германия ва бошқа давлатлардаги тиббий марказ ҳамда клиникалар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда йирик муолажа-ташхис муассасаси қуриш кўрсатилган.

Алоқадор мавзулар