Санкт-Петербург: ‘Мигрантлар ёмон қўрқувда...’

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Санкт-Петербург: ‘Мигрантлар ёмон қўрқувда...’

Шаҳарда бўлган фаол суҳбатдошимизнинг айтишича, ўндан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган душанба кунги портлаш ортидан, Санкт-Петербургдаги аксарият марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари қўрққанларидан, ҳатто, кўчага чиқолмай ўтиришибди.

"Улар шунчалик ёмон қўрқувдаки, бемалол кўчага чиқиб, ишини қилиш, дўконга бориб, зарур нарсасини олишдан ҳам қўрқиб ўтиришибди. Ҳозир кўчада полиция шунчалик кўпайганки...", - дейди фаол Севара Маннонова.

"Портлашни ким қилганини ҳали билишмаган бўлса-да, улар ўзларидан хавфсирашади. Эй, Худо, шуни қилганлар бизнинг мусулмонлар эмасмикан, деб, ўзларидан хавотирда кўчага ҳам чиқишолмайди, ишга ҳам боришолмайди. Фақат қонунан ишлайдиганларигина мажбурнинг кунидан боришаяпти".

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Россиядаги марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг сони жорий пайтда 4.5 дан 6 миллионтагача экани тахмин этилади.

Агар, маҳаллий фаолларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, ҳам ўзбекистонлик ва ҳам жаъми марказий осиёлик мигрантларнинг сони бўйича Санкт-Петербург пойтахт Москвадан кейин иккинчи ўринда туради.

Худди шу рақамлар манзарасида шаҳарда ярим миллионга яқин ўзбекистонликнинг меҳнат қилиши айтилади.

Маълум бўлишича, аксарияти ноқонуний мавқеъда бўлган бу меҳнат муҳожирлари асосан қурилиш, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида банд ва яна фаррошлик қилишади.

Текширувлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Ўғилларим кўчада ишлашади, метрода ишга бориб келишади. Шунчалик одамларни қийнашаяптики, ҳужжатларини текшириб, соатлаб ушлаб турган ҳоллари бўлаяпти, дейишди. Дўконларнинг олдлари, кўчаларда, жамоат жойларида ҳам дейишаяпти", - дея ўз сўзларида давом этади Санкт-Петербургдан фаол суҳбатдошимиз.

Аммо, унга кўра, текширув шу қадар қаттиқ олиб борилаётганига қарамай, ўзларига ҳалича бу каби меҳнат муҳожирларининг ноқонуний ёки ўзбошимча равишда ҳибсга олинганликларига оид бирор бир хабар келиб тушмаган.

Айни ўринда фаол суҳбатдошимизнинг айтишича, душанба кунги ҳужум ортидан аллақачон маҳаллий аҳолининг ҳам ўзларига ўхшаган марказий осиёлик фуқароларга нисбатан муносабатлари ёмонлашиб улгурган.

"Шундай хунук муносабат қилишаяптики..."Сизларнинг одамларингиз шу даражага етиб бордими?", - деб. Мен, "аввал билиш керак, янглиш хаёлга борманглар. Биз ҳам инсонмиз десам", - "Барибир сизлардан чиқади бу нарса, сизларнинг Ўрта Осиёларингдан", - деб айтди бир рус кампири".

"Бу ерда ишлашларингнинг кераги йўқ. Юртларингга қайтинглар, деб...Ҳаттоки, кеча бир ўрис одам ўзбек боласини уриб, ҳақоратлаб, қайт, кет, деганини ўз кўзим билан кўрдим. Бу бола қилмаган-ку шу ишни!..Лекин шундай ҳақоратлаяпти...".

Фаол суҳбатдошимизнинг энг сўнггида айтишича, Санкт-Петербургдаги душанба кунги ҳужумлар ортидан марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг бу шаҳарда нафақат яшаш, балки-да меҳнат қилишлари ҳам мушкуллашади. Ҳатто, қўлларида қонуний ҳужжатлари бўлганларининг ҳам ўз иш ҳақларини олишлари янада қийинлашади.

Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг маълум қилишича эса, Санкт-Петербург метросидаги бу ҳужумни асли ўшлик, аммо кейинчалик Россия фуқаролигини олган Акбаржон Жалилов исмли шахс уюштирган бўлиши мумкин.

Аммо, шундай деркан, қўмита бу борада бирор бир далилни тақдим этмаган.

Ўз навбатида, бу ҳужумга масъулиятни ҳозирча ҳеч қайси жангари гуруҳ расман ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Портлаш қурбонларининг сони бугунга келиб 14 кишига чиққан, 80 нафарга яқин одам жабр кўрган. Шундан 50 га яқини касалхонага ётқизилган.

Бу ҳақда Санкт-Петербург шаҳар ҳокимлигининг расмий веб саҳифасида маълум қилинган.

Жабрдийдалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ҳокимлик расмий веб саҳифасида эълон қилинган энг сўнгги маълумотларга таянилса, қурбонлар орасида бирор бир Марказий Осиё фуқароси йўқ.

Бу маълумотни Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси вакили ҳам тасдиқлади.

Аммо, расмий маълумотларга кўра, яраланганлар орасида бир нафардан Ўзбекистон, Беларус ва Қозоғистон фуқаролари бор.

Яраланганлардан 12 тасининг аҳволи оғирлиги айтиларкан, Ўзбекистон элчихонаси вакилининг айтишича, ўз фуқароларининг яраси енгил.

Санкт-Петербург ҳокимлигининг расман билдиришича, масъул идоралар ва Россия Фавқулодда Вазиятлар бўйича вазирлиги вакиллари жабрдийдалар яқинлари билан алоқага чиқиб, уларга маълумот бериб, кўмак сўраб, қаерга мурожаат қилишлари мумкинлигини айтишмоқда.

Худди шу вазирлик ва Ижтимоий сиёсат бўйича қўмита мутахассислари эса, уларга руҳий ёрдам кўрсатишаётир.

Сўнгги бор Россия метроси бундан етти йил бурун қонли ҳужумларга саҳна бўлган.

Ўшанда 80 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган бу қўшалоқ ҳужумларга Шимолий Кавказдаги исёнчи гуруҳларга алоқаси борликлари айтилган жангарилар гумон этилишганди.

Санкт-Петербургдаги сўнгги вазият ва у ерда бўлган Марказий осиёликларнинг кайфиятларини билиш учун фаол Севара Маннонова билан суҳбатимизни назардан қочирманг.