Яна бир ўзбек миллиардер ватанига сармоя киритмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Olligator.ru
Image caption Forbes нашри 2016 йилда Маҳмудовнинг бойлигини 4 миллиард доллар деб баҳолаган.

Россиядаги асли ўзбекистонлик миллиардер Искандар Маҳмудовнинг Урал тоғ-металлургия ширкати (УГМК) Қорақалпоғистоннинг Тебинбулоқ титан магнетит руда конини тадқиқ этишга юз миллионлаб доллар миқдорида сармоя киритишни режаламоқда.

Podrobno.uz нашрининг Москвадаги Ўзбекистон элчихонасига таяниб хабар беришича, қўшма лойиҳага доир битим Президент Мирзиёевнинг Москвага ташрифи чоғида имзоланади.

Россиялик ҳамкорлар билан пўлат қуйиш заводини ишга тушириш лойиҳасининг умумий қиймати 1,5 миллиард доллар экани айтилган.

Асли бухоролик Искандар Маҳмудовнинг УГМК ширкати Россиянинг турли минтақаларида жойлашган 40 дан ортиқ корхоналарни ўз ичига олади.

Forbes нашри 2016 йилда Маҳмудовнинг бойлигини 4 миллиард доллар деб баҳолаган.

У Россиянинг энг бой одамлари рўйхатида 21, (2016) ва дунёда 81-ўринда (2014).

54 яшар Искандар Маҳмудов Тошкент Давлат Университетининг (Ҳозирги Миллий-таҳр.) шарқшунослик бўлимини тамомлаган ва Яқин Шарқ давлатларида ҳарбий таржимон бўлиб ишлаган.

1990-йиллар бошида Россияга кетиб, тошкентлик машҳур ака-ука Чернойлар билан алюминий бизнесида ҳамкорлик қилгани айтилади.

Россия матбуоти аввалроқ Маҳмудов ЦСКА футбол клубининг назорат пакетига эгалик қилиши ҳақида ҳам ёзган.

Айрим маълумотларга кўра, Маҳмудов охирги 10 йилда Россияда хайрия мақсадларига 1 миллиард доллар маблағ сарфлаган.

Унинг ҳозирга қадар ватани Ўзбекистонга сармоя киритгани маълум эмас.

Аввалроқ бошқа бир ўзбек миллиардери Алишер Усмонов ватанига қайтишни исташи ва режалаётганини айтганди.

Усмонов Президент Мирзиёев билан қариндошлик алоқаларига эга деб ишонилади.

Унинг ўзи ўтмишда Ўзбекистондаги олий лавозимни эгаллаш нияти борлиги ҳақидаги фаразларни рад этган.

Президент Мирзиёевнинг Россияга сешанба куни бошланган ташрифи чоғида жаъми 16 миллиардлик шартномаларнинг имзоланиши маълум қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.