Москвада Савицкий музейи асарлари намойиш этилади

Савицкий музейидаги ва музей рамзи бўлган Владимира Лысенконинг "Бык" Ҳўкиз сурати Фото муаллифлик ҳуқуқи Savitskykollection.org

Москвадаги Пушкин номидаги Тасвирий санъат музейида Ўзбекистоннинг дунёга машҳур Савицкий музейида сақланадиган суратлар кўргазмаси очилмоқда.

Кўргазмага "Нукус хазинаси" деб ном берилган.

Москвада Савицкий музейидаги авангард ва поставангард йўналишида ижод қилган рассомларнинг 200 га яқин асарлари, кулолчилик намуналари ва Қорақалпоғистонда топилган айрим археологик экспонатлар кўргазмага қўйилади.

Ўзбекистон ва Россия расмийлари ва санъат намояндалари ушбу кўргазма очилаётганини юқори баҳолаганлар.

"Нукус хазинаси" Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга илк - давлат ташрифи пайти очилмоқда ва кўргазманинг аҳамиятини Президент Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан юзма-юз мулоқоти пайтида алоҳида урғулаган.

"Биз бу кўргазмани бир неча ўн йил кутдик" деб айтган Россия Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкой.

Бундан олдин Савицкий коллекцияси Нукусдан бошқа ҳеч жойда намойишга қўйилмаган.

Нукусдаги Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат Санъат Музейи у ерда жамланган ноёб асарлари билан дунёга танилган.

Асли аслзодалардан бўлган Игор Савицкий Иккинчи Жаҳон Урушидан аввал Ўзбекистонга кўчиб ўтган ва ўз коллекторлик фаолиятини қорақалпоқ осори-атиқаларини йиғишдан бошлаган.

У сўнгра йиллар давомида Россия ва Ўзбекистонда совет тарғиботи ва совет реализмига тўғри келмайдиган авангард асарларни тўплай бошлаган.

Унинг ёрдами билан совет ҳукумати қора рўйхатига тушган рассомларнинг кўргазмалари уюштирилган ва Сталин даврида қатағонга учраган ва отилган рассомларнинг минглаб асарлари сақлаб қолинган.

Савицкий музейида 44 минг санъат асари борлиги айтилади.

Лекин, булар графика ва тасвирий санъат асарлари деб ишонилади.

Бошқа маълумотларга кўра эса, Қорақалпоқ амалий санъат асарлари билан қўшиб саналса, у ерда 90 мингга яқин асарлар сақланади.

2015 йили августида Савицкий музейига узоқ йиллар директорлик қилган Мариника Бабаназарова ишидан бўшатилди.

Шундан сўнг музейдаги асарлар тақдири борасида хавотирлар ҳам билдирилганди.

Пушкин музейидаги "Нукус хазинаси" кўргазмасининг 6 апрелдан 10 майгача давом этиши хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.