‘Ҳазрати палов’да Ўзбекистон ва ўзбек палови ғолиб

Палов Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook
Image caption Танлов ғолиби - "Изобилие"("Барака") палови (Москва шаҳар ўзбеклар миллий-маданий автономияси суратидан фойдаланилди).

Москвадан олинган хабарларга кўра, халқаро ҳайъат аъзолари нафақат мазаси, балки-да тайёрланиш техникаси, ташқи кўриниши ва тақдимотига ҳам қараб, бу каби хулосага келишган.

"Ҳазрати палов" танлови иштирокчиси бўлган тўққиз давлат: Тожикистон, Афғонистон, Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва курд жамоаси вакиллари орасидан устунликни Ўзбекистон жамоасига беришган.

Тафсилотлари яна видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Бу йилги халқаро хайрия танловининг биринчи босқичи шу дам олиш кунларида Россия пойтахти Москвада бўлиб ўтган.

Тадбир доирасида яна миллий либослар намойиш этилган, шарқона куй-қўшиқ, рақслар ижро этилган, турли кўргазмалар ҳам ташкил этилган.

"Ҳазрати палов" бу йил ҳам Москвада бўлган минглаб одамларнинг эътиборларини ўзига жалб қилган, хабарларга кўра, танлов иштирокчилари томонидан тайёрланган палов ва бошқа таомлар таъмини татиб кўриш учун узундан-узоқ навбатлар тизилиб кетган.

Россиянинг қоқ бағрида ғолиблик учун кураш олиб борган бу тўққиз давлатни танловда ўз миллий жамиятлари ва элчихоналари вакиллари намоён этишган.

Бирлари қўйнинг қовурғаси, бошқаси мол гўшти, яна нўхат, ҳўл ва қуруқ мевалар, каштан ёнғоғию турли сабзавотлар солиб, ҳар бир иштирокчи жамоа паловни фақат ўзларига хос услубда тайёрлашган.

Уларнинг "ижодлари маҳсули"ни баҳолаган турфа миллатли ҳайъат таркибига эса, Россиядаги етакчи кулинария танқидчилари, Шарқ ошхонасининг билимдонлари, санъат ва маданият арбоблари, таниқли журналистлар, айрим номдор чет эл ресторанлари Бош ошпазлари киришган.

Бу ҳайъатга раислик қилиш эса, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмасининг фахрий аъзоси, уста ошпаз, кўплаб машҳур таомлар китоби муаллифи Ҳаким Ғаниев зиммасига юклатилган.

"Тажриба"

Ўзбекистонлик таниқли ва истеъдодли ошпаз, "Chustiy cuisine" ресторанлар тармоғи раҳбари, Oshxona.uz сайти блоггери ва асосчиси Баҳриддин Чустий 2015 йилда уюштирилган "Ҳазрати палов" илк танловининг иштирокчиси бўлади.

Унинг Тошкентдан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу каби танловда ғалаба қозониш осон иш эмас.

"Адашмасам, етти-саккиз давлатдан жаъми 18 та жамоа бор эди. Уларнинг ичида Аргентина ҳам бор эди, ҳоказо ва ҳоказо...Ҳиндистон ҳам бор эди, Тожикистон ҳам...Рақобатчилар кўп эди, Ўзбекистоннинг ўзидан бир нечта иштирокчи бор эди. Рақобат жуда кучли эди. Мен, масалан, учинчи ўринни олишни хаёл ҳам қилмаган эдим аслида", - дейди Баҳриддин Чустий.

"Энг асосийси - ютуқ эмас, иштирок, дея борганмиз. Лекин ютуқли ўрин насиб қилган. Жудаям хурсанд бўлганмиз. Албатта ҳаяжон бўлган".

"Ўшанда пиширган паловим 90 фоизга ўзим истагандек чиққан, бир 10 фоизча ўхшамаган. У пайтда онлайн рўйхатдан ўтиларди. Ҳар бир иштирокчи ўзининг рецептини бериши керак эди. Кўрганимда ҳар хил ошлар бор эди: Тошкентча, Хоразмча, Самарқандча ва ҳоказо...Аммо девзира гуручидан бўлган водий оши йўқ эди. Шу боис ҳам, мен девзира гуручидан тайёрланувчи Фарғонача чойхона оши таклифини киритган эдим. Аммо Ўзбекистондан чақиртирган девзира гуручим ўша пайтда етиб келмаган. Ва гуручни Москвадаги Дорогомиловский бозоридан сотиб олишга мажбур бўлганман. Афсуски, гуруч биз истагандек бўлмаган. Бироз ҳисобда адашиб қолганман, яъни...", - дея ўзининг "Ҳазрати палов" танловидаги хотиралари билан ўртоқлашади бу суҳбатдошимиз.

Ғолиб палов

Аён бўлишича, бу йилги "Ҳазрати палов" танловида "Изобилие" - "Барака", номланувчи палов Ўзбекистон жамоасига ғалаба келтирган.

"Таъбир жоиз, Москва замонавий палов дунёсининг юлдузи бўлган Ҳаким Ғаниев шогирдлари тайёрлаган ошнинг ҳаммасидан зўр бўлиши табиий эди. Унга паловга солиниши мумкин бўлган ҳамма нарса солинганди. Алоҳида бўлиб турган қўйнинг қовурғаси дейсизми, бедананинг тухумлари, нўхат, анор доналари, беҳи, ҳамма, ҳаммаси...палов ҳақиқатан мазали эди", - дейди халқаро ҳайъат аъзоси, Москвадаги Фарғона.ру интернет нашри Бош муҳаррири Даниил Кислов.

"Ҳайъат аъзолари ҳамма нарсани инобатга олишди: таомнинг қандай идишда тақдим этилгани, қандай безак берилгани, "иш жойи"нинг қанчалик лозим меъёрлар асосида ташкил этилгани, (чунки очиқда тайёрлангани боис, ҳамма нарсани четдан келтириш лозим эди, сувни ҳам ва худди шунинг баробарида тозалик тартиб-қоидаларига риоя этишингиз, четдагиларга халақит бермаслигингиз ҳам тақозо этиларди) - баҳо беришда бу параметрларга ҳам диққат қилишди", - дея ўз сўзларида давом этади бу суҳбатдошимиз.

"Ўзбекистон, Марказий Осиёда туғилган ва ошпазликка уста ҳар қандай инсон яхши биладики, паловнинг қанчалик яхшилигини гуручи белгилайди. Агар, гуруч ёмон бўлса ва маромига етказиб, тайёрланмаса, уни ҳеч қандай безак ёки нарса билан яхшилай олмайсан. Ўзбекистон жамоаси тайёрлаган палов эса, қолганларидан ҳар бир жиҳатдан ажралиб турарди. Гуручи ҳам қиёмида, таъми ҳам ажойиб, кўриниши ҳам байрамона эди", - дея хулоса қилади Даниил Кислов.

Бу йилги "Ҳазрати палов" танловида 2-ўрин курд жамияти вакилларига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Тожикистон жамоаси вакиллари эгаллашади.

"Томошабинлар эътирофи мукофоти" эса, фестиваль аксарият меҳмонларининг якдил овозлари билан қўшни Қирғизистон жамоасига берилади.

"Бишкек, Жалол-Обод ва Қирғизистоннинг бошқа бир қанча вилоятларидан бўлган қирғиз йигитлари ростмана ўзбекча - Ўшча палов тайёрлашди. Фарғона водийсига хос бир палов, Ўзганнинг гуручидан тайёрланган ва "Эркак оши", деб номланганди. Бу палов ҳам менга ёқди. Москваликлар ҳам ёқтиришди. Кейин билсак, уни олқишлаган москваликлар паловни яхши тушунувчи асли Фарғона водийсиликлар бўлиб чиқишди", - дейди бу ош ҳақида сўз кетганда халқаро ҳайъат аъзоси бўлган суҳбатдошимиз Даниил Кислов кулгусини яшира олмай.

Палов

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Москва мезбонлик қилган бу йилги "Ҳазрати палов" танлови ўзбекча ва тожикча палов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ЮНЕСКО жамғармаси томонидан "Инсониятнинг номоддий маданий мероси" рўйхатига киритилишидан тўрт ой ўтиб уюштирилган.

Тадбир ташкилотчиси бўлган Россиянинг "Фабрика фестивалей" ширкатининг билдиришича, Москвадаги танлов бу йил ҳисобидан фақат бошланиши бўлади.

Жорий йил якунига қадар яна Сочи, Ростов-на-Дону, Санкт-Петербург, Уфа, Самара, Нелидово, Волгоград, Севастополь, Астрахань ва Кавминводыда "Ҳазрати палов" танловининг кейинги босқичларини ўтказиш режасидалар.

Сўнгги янгилик манзарасида Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси раиси Акбар Умаровнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу каби тадбирлар Ўзбек халқи маданиятини тарғиб этиш, Ўзбекистонни дунёга танитишда жудаям катта хизмат қилади.

"Биламизки, ҳар бир давлатнинг ўзининг тарихий обидалари бор. Ҳар бир халқнинг ўз маданияти бор. Албатта, бизлар ҳам шу палов орқали ўзимизнинг маданиятимиз, тарихимиз, керак бўлса, халқимизнинг қанчалик саховатли эканини танитиб борамиз...Меҳмондўстлигимиз шу таомларни тайёрлаб, кўпчиликни кутиб олиб, уларга тортиқ қилиш орқали етказишда кўринади. Албатта, бунақа тадбирлардан кейин бошқа халқларнинг юртимизга нисбатан, халқимизга нисбатан ҳурмати умуман чексиз бўлади", - дейди у киши.

Қанақа ош...

Худди шу манзарада узоқ йиллардан буён Москвада яшаб, меҳнат қилиб келаётган ўзбекистонлик суҳбатдошимизнинг ўз кузатувларидан келиб чиқиб айтишича, маҳаллий аҳоли ўзбекларнинг миллий паловини жуда яхши кўришади ва ҳозирга келиб, фарқлаш даражасигача ҳам боришган.

"Ҳатто, шу даражага боришганки, масалан, Самарқанд оши, Бухоро оши ёки Андижонча ош, ҳаммасининг фарқига боришади, оқ ош...".

"Аммо москваликлар орасида энг машҳур ўзбек ошлари Тошкент ва Марғилончаси бўлади", - дейди бу суҳбатдошимиз.

У кишининг айтишича, шу кунларда Россия пойтахти ресторанларида бир килограмм гуручдан тайёрланган ош 7-8 кишига 20-25 АҚШ долларига тушади.

Шу боис, тушликка бўладими ва ёки кечки овқатга, ўзбек паловини дўстларингиз билан бирга, бир даврада ўтириб танаввул қилмоқчи бўлсангиз, чўнтагингиз бемалол кўтаради, кишига оғирлик қилмайди- дейди бу суҳбатдошимиз.

Сўнгги йилларда Москвада ўзбек миллий таомлари тақдим этувчи ресторан ва емакхоналар сонининг кескин ортгани кузатилади.

Ўзбек таомларини хуш кўрувчи маҳаллий аҳоли назарда тутилмаганда ҳам, бутун Россия бўйлаб меҳнат қилаётган биргина марказий осиёлик муҳожирлар сонининг ўзи қарийб олти миллионга етиши айтилади.

Агар, тадбир расмий веб саҳифасида имконли бўлган маълумотларга таянилса, бу лойиҳадан мақсад - Шарқ ошхонасини оммалаштириш.

Россияликларни Шарқ маданияти билан янада яқиндан таништириш.

Россия ва бошқа қўшни давлатлар халқларини бир-бирлари билан имкон қадар жипслаштириш.

Кам таъминланган, эҳтиёжманд ва хаста инсонларга кўмак беришдир.