Андрей Грозин: 'Мирзиёев Каримовнинг юмшоқроқ кўриниши'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kremlin.ru

Москвага ташриф буюрган Президент Шавкат Мирзиёев Кремлда Президент Владимир Путин билан музокаралар олиб борган. Икки давлат раҳбарлари анъанавий дўстлик алоқалари, иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида гапирганлар. Ташриф чоғида жаъми 16 миллиард долларлик шартномаларнинг имзоланиши маълум қилинган. Ҳар икки томон асосан, иқтисодий ҳамкорликка урғу қаратмоқда. Аммо Путин-Мирзиёев учрашувнинг сиёсий кун тартиби ҳақида нималар маълум? Би-би-си Москвадаги МДҲ институти таҳлилчиси Андрей Грозин билан суҳбатлашган.

Андрей Грозин: Учрашувнинг сиёсий кун тартиби унчалик ҳам тиғиз эмас. Ҳар икки томоннинг сўнгги кунларда қилган баёнотларига кўра, асосан иқтисодий мавзудаги масалалар муҳокама этилади. Аммо албатта, сиёсатсиз иқтисод бўлмайди ва қандайдир сиёсий масалалар ҳам ечилиши табиий. Жумладан, ҳарбий-техник ҳамкорлик масаласи. Расмий Тошкент ўз Қуролли Кучлари ва ҳарбий саноатини тезлик билан замонавийлаштириш режасини эълон қилган. Бундан ташқари, хавфсизлик масаласи албатта кун тартибида бўлади. Бир томондан, анъанавий таҳдидлар, иккинчи томондан ҳозирги пайтда Ўзбекистонда янги шахс раҳбарлигида қарор топаётган янгича сиёсий тартиб дуч келиши мумкин бўлган янги чақириқлар ҳам бор.

Би-би-си: Москвага ташриф кутилганининг аксига, Мирзиёевнинг хорижга биринчи ҳам, иккинчи ҳам ташрифи бўлгани йўқ. Айрим таҳлилчилар Ўзбекистон ва Қозоғистон бир нави иттифоқ тузишга, Россиянинг минтақадаги таъсирини биргаликда мувозанатлашга уринмоқда, деган фикрларни ҳам айтишди. Ўзбекистоннинг минтақадаги фаоллашуви Кремл томонидан қандай қабул қилинмоқда?

Андрей Грозин: Бу каби эҳтимолни истисно қилиб бўлмайди албатта. Сабаби Тошкентдаги ва Остонадаги ўйинчилар анчайин идддаоли. Уларнинг ҳар иккаласи учун шубҳасиз, минтақавий сиёсий мавқеълари муҳим. Россия, АҚШ ёки Хитойнинг минтақадаги манфаатлари Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг мустақил сиёсат юритишлари учун маълум тўсиқларни пайдо қилади. Бу ҳамма вақт шундай бўлган ва бўлади. Ўзбекистоннинг янги раҳбари шубҳасиз, минтақада янги сиёсий конфигурацияни яратишга ҳаракат қилаяпти. Ҳозир бир томондан яқин қўшнилар билан, иккинчи томондан, дунёдаги етакчи қудрат марказлари-Москва, Пекин ҳамда Вашингтон билан алоқаларни янгидан йўлга қўйиш жараёни кетмоқда. Ички сиёсатда Шавкат Миромонович Ўзбекистон иқтисодининг ривожланиши учун туртки берадиган омилларни ишга туширишга ҳаракат қилаяпти. Чунки мамлакатда иқтисодий муаммолар тўпланиб қолган. Аммо аниқ сиёсий йўналишни танламасдан туриб, иқтисодий муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Ўзбекистон иқтисодини замонавийлаштириш учун катта сармоялар, технологиялар ва шубҳасиз, сиёсий дастак керак. Мирзиёев албатта тажрибали сиёсатчи, аммо халқаро сиёсатда ҳозир кўп нарсаларни ўрганаяпти. Шунинг учун Россияга ташриф кўпроқ танишув характерига эга ва ундан қандайдир сиёсий бурилишларни кутиб бўлмайди. Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати анчайин инерцион, шошилмас. Марҳум президент даврида кескин бурилишлар бўлган, аммо бу бурилишлар ҳам мамлакат ичи ва атрофидаги узоқ муддатли сиёсий трендлар натижасида юзага келганлигини унутмаслигимиз керак. Мен ҳозирча Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Россияга қарши қандайдир иттифоқи ҳақида гапирмаган бўлардим. Агар шу каби жараён бўлса ҳам, у жуда секинлик билан кечади. Чунки икки мамлакатнинг иқтисодлари бир-биридан буткул фарқ қилади ва ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлари ҳам анча фарқли. Бу ерда Қозоғистоннинг эски ва Ўзбекистоннинг янги раҳбарларининг сиёсий иродасининг ўзи етарли эмас.

Би-би-си: Каримов сиёсий саҳнадан кетиши ортидан Россияда мана энди Ўзбекистон Россияга кўпроқ яқинлашади, ОДКБ ёки Евросиё Иттифоқига аъзо бўлади қабилидаги кутишлар пайдо бўлган эди. Бу каби кутишлар ҳозир ҳам борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sputnik
Image caption Андрей Грозиннинг фикрича, Москва-Тошкент алоқаларида жиддий бурилишлар кутилмайди.

Андрей Грозин: Биласизми, ҳатто ўша пайтдаги кутишлар ҳам анчайин маргинал характерга эга эди. Ўзбекистон сиёсати билан яқиндан таниш бўлган жиддий таҳлилчилар бундай башоратлар қилишгани йўқ. Умуман олганда, буларнинг ҳаммаси сиёсий публицистика эди, холос. Менинг ўзим бошидан Тошкентнинг ташқи сиёсатида жиддий бурилишларни кутишга асос йўқлигини айтиб келаман. Бунинг бир қатор объектив ва субъектив сабаблари бор. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати анча муҳофазакор. Унда фавқулодда бурилишлар камдан-кам бўлади. Фақат Андижон сингари форс-мажор вазиятларда шу каби бурилишларга гувоҳ бўлганмиз. Ҳозир Ўзбекистондаги ички сиёсиё вазиятда бу каби манзара кузатилаётгани йўқ. Назарий жиҳатдан, Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги аъзолигини қайта тиклаши мумкин. Аммо бунинг учун жанубда мавжуд бўлган анъанавий таҳдидлар анча кескин тус олиши, Ўзбекистон ва минтақадаги сиёсий тизимларга жиддий хавф солиши керак бўлади. Ҳозирча буни кўрмаяпмиз. Албатта, Афғонистонда муаммолар етарли. Аммо Тошкент ОДКБнинг эшигини қоқадиган даражада эмас. Қолаверса, Тошкент Москва билан хавфсизлик кафолатларига доир икки томонлама шартномаларга эга. Бу шартномалар Андижон воқеаларидан сўнг имзоланган эди ва уларни ҳеч ким бекор қилгани йўқ.

Би-би-си: Биламизки, Каримов ўз вақтида Россиянинг минтақадаги таъсирига чираниб келган. Сизнингча, Путинга Мирзиёев билан музокара олиб бориш осонроқ ва Россия манфаатларини илгари суриш қулайроқ бўладими?

Андрей Грозин: Қисман осонроқ бўлади албата. Чунки Ислом Каримов билан музокара олиб бориш жуда қийин эди. Инсон сифатида у мураккаб характерга эга бўлган ва қўшнилар, ҳамкорлар билан қандай музокара олиб бориш юзасидан қатъий қарашлари бор эди. Албатта, Мирзиёев ҳам анойи эмас. Москвадаги таҳлилчилар унга нисбатан "Каримовнинг юмшоқроқ кўриниши" ва ҳатто "Karimov light" деган иборани ҳам ишлатишяпти. Шавкат Миромонович Каримовдан ёшроқ ва сал юмшоқроқ, холос. Аммо албатта, Мирзиёев янги одам ва янги одам билан муносабатларни ўрнатиш осонроқ. Айниқса, сиз бу одамни яхши билсангиз. Путин бош вазирлик даврида Мирзиёев билан яқиндан ишлаган ва уни яхши билади. Икки раҳбар ўртасида ўзига яраша шахсий алоқалар ҳам бор. Агар Ўзбекистон иқтисодий модернизация жараёнини бошлай олса, Россия бизнесининг бу жараёнда фаол иштирок этишига имконият пайдо бўлади. Россияда эса йирик бизнеснинг ҳаммаси, биласиз, Кремл билан алоқадор. Шу маънода ҳа, Москвада кутишлар бор. Аммо бу кутишларни мен бўрттирмаган бўлардим. Албатта, муносабатлар янгидан бошланади, янги саҳифа очилади. Аммо буларнинг ҳаммаси, таъбир жоиз бўлса, алоҳида фанатизмсиз қилинади, деб ўйлайман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.