‘Медалларимни ҳалол курашда олганман’

Артур Таймазов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Риодаги сўнггисига қадар кетма-кет тўрт Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни намоён этган афсонавий эркин курашчи Артур Таймазов Халқаро Олимпия Қўмитасининг чоршанба куни қарорига худди ана шундай муносабат билдирди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси курашчининг 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадасида қўлга киритган олтин медали ва дипломи қайтарилиши кераклигини айтган.

Бунга қайта текширувлар натижасида Артур Таймазов намуналаридан тақиқланган туринабол ва станозолол препаратлар қолдиқлари аниқлангани сабаб бўлганини айтганди.

Артур Таймазов уч карра Ёзги Олимпиада Ўйинлари чемпиони ва 2000 йилдагисининг кумуш медали совриндори бўлади.

Бу афсонавий курашчининг айтишича, Халқаро Олимпия Қўмитасининг қарорини савол остига олади.

Артур Таймазов қўмита қарорига ўзининг бу каби муносабатини "Instagram'даги шахсий аккаунти орқали билдирган.

Муносабат

Курашчи "ўзининг барча медалларини ҳалол курашда қўлга киритгани"ни айтган.

"Ҳеч қачон маън қилинган препаратлар қабул қилмагани"ни билдирган.

"16 йил давомида мен бир неча бор допинг синовидан ўтганман, аммо ҳеч бир галгисида текширувлар ижобий натижа бермаган", - дея баён қилган Артур Таймазов.

"Қачонки чемпионга айланар экансан, ўз халқинг номини тарихга олтин ҳарфлар билан ёзасан. Бу каби онларда елкангдаги масъулиятни бошқача ҳис этасан: фақат якка ўзингга эмас, бутун халқингга кўз тикиб туришганини ҳис этасан. Шу боис ҳам, хато қилиш уёқда турсин, бирор бир қинғир иш қилишга ҳаққинг бўлмайди".

"Мен ўзим учун ҳам, менга ишонган, қўллаб-қувватлаган, кунда чеккан заҳматимга гувоҳ бўлганлар учун ҳам уч карра Олимпия чемпиони бўлиб қолавераман", - дея баён қилган Артур Таймазов.

Бу ҳақдаги илк хабар матбуотда ўтган йил август ойида пайдо бўлган.

'FloWrestling' "икки забардаст курашчидан бири қаторида Артур Таймазов ҳам 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадасида қўлга киритган олтин медалидан мосуво этилиши мумкин"лиги ҳақида ёзган.

Аммо ўшанда афсонавий курашчининг бу хабарга муносабатини қўлга киритиш имконсиз бўлганди.

2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадасининг эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасидаги курашчилар ўртасида бўлиб ўтган баҳсларининг олтин медалини Артур Таймазов финал жангида россиялик рақиби Бахтиёр Аҳмедовни енгиб, қўлга киритганди.

Артур Таймазов ва Ўзбекистон

Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган энг кўп медаллар бокс билан бир қаторда айнан кураш спорт тури ҳиссасига тўғри келади.

Бунгача Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп(4 та) олтин медалларни ҳам ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида айнан курашчилари қўлга киритишган.

Шундан учтасини афсонавий курашчиси Артур Таймазов жамоа ҳисобига келтирганди.

Артур Таймазов эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасида кетма-кет уч - Афина, Пекин ва Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медаллари соҳибига айланиб, кураш афсонаси сифатида тарихга ҳам кирганди.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ҳам Артур Таймазов Ўзбекистон ҳисобидаги ягона олтин медални келтирганди.

Ўзбекистонлик донгдор курашчи ўзининг сўнгги ютуғи билан 33 ёшида юнон-рум кураши бўйича собиқ Шўро курашчиси Александр Карелин ва эркин курашчиси Александр Медведлар билан тарихдаги учта буюк курашчидан бирига айланган.

Ўзбекистон марҳум Президенти Ислом Каримов Лондон Олимпиада Ўйинларида эришган ютуғи учун Артур Таймазовни "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлашга қарор қилган.

Ўзбекистонлик кураш афсонаси сўнгги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида эришган оламшумул ютуғи учун Осиё Олимпия Кенгашининг махсус мукофотига ҳам лойиқ, деб топилганди.

Асли осетиялик Артур Таймазов катта спортдаги фаолияти давомида Ўзбекистон ва жаҳоннинг энг кўп медал олган спортчиларидан бири саналади.

Бу номдор курашчи ўз вазн тоифасида бир неча бор Жаҳон рекорди ҳам ўрнатган.

Артур Таймазов, бундан ташқари, уч карра Осиё Ўйинлари чемпиони ва турли нуфузли халқаро турнирлар ғолиби ҳамдир.