Сабзавот экспортчиси Ўзбекистонда картошка қимматлади

картошка

Ўзбекистон бозорларида сўнгги кунларда картошка ва пиёз баҳоси янада қимматлашган. Картошканинг бир килоси ўртача 4,5 минг сўмдан (1.20 доллар) сотилмоқда, пиёз 2 минг сўмга чиққан. Картошка баҳосининг ошиши пенсионер, талаба ва камбағал оилаларни қийин аҳволга солиб қўйган.

Картошка билан бирга пиёз нархларида ҳам сезиларли ўсиш бўлган. Пиёзнинг бир килоси ўртача 2 минг сўмдан сотилмоқда.

Ушбу полиз маҳсулотлари асосан Ўзбекистонда етиштириб келинган.

"Ўтган йил қишда ўртача 1,5 минг сўмдан сотилганди. Бу йил қиши бўйича 2 мингдан тушмади. Энди 4,5 минг сўмга чиқиб кетди. Кам-камдан олиб жуда ҳам тежаб ишлатаяпмиз. Олмасангиз бўлмайди", - дейди талабалардан бири.

Яна бир уй бекасининг айтишича, Ўзбекистонда паловдан ташқари деярли барча таомлар картошка солиб пиширилади. Шунинг сабабдан унинг нархи кўтарилиши кўп оилаларни танг аҳволга солиб қўйган.

Podrobno.uz сайтининг маълум қилишича, "Ўзбекозиқовқатзаҳира" уюшмаси аҳолини узлуксиз таъминлаш учун бу йилги қиш-баҳор мавсумида мамлакатга 15 минг тонна картошка олиб кирган. Бироқ шунга қарамасдан бозорларда нарх барқарорлиги таъминланмаган.

Сайтга кўра, айни кунларда Ўзбекистон бозорларида Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва ҳатто минтақа учун янги бўлган Покистон картошкаларини кўриш мумкин. Маҳаллий аҳоли Ўзбекистонда етиштирилган картошкага ўргангани айтилади.

Олдин айрим бозорларда картошкани раста остидан сотиш ҳолатлари ҳам бўлгани айтилмоқда. Маълум бўлишича, маъмурият тужжорларга картошкани белгиланган арзонроқ нархда сотишни талаб қилган. Бироқ ўз зарарига сотишни истамаган савдогарлар уни раста остидан қимматроқ сотишган.

Ўзбекистон мева-сабзавот етиштириш бўйича минтақада етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ҳукумат ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш орқали давлат ғазнасига валюта туширишни устивор йўналишлардан бири сифатида кўради.

Бироқ айрим сабабларга кўра, мамлакат ичида кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган пиёз, картошка ва бошқа полиз ёки мева маҳсулотлари етишмаслиги учраб туради.

Бунга айрим ҳолатларда об-ҳаво сабаб қилиб кўрсатилса, бошқа ҳолатларда деҳқонларнинг полиз маҳсулотларини олдиндан белгилаб олинган режа ва буюртмалар асосида эмас, балки уюшмаган ҳолда экин экиши сабаб қилиб кўрсатилади.

Айрим кузатувчилар, полиз маҳсулотлари етишмовчилигида, деҳқонларнинг ишига давлат буюртмаси аралашаётгани ва бу аралашув бошқарувсизлик сабаб мана шундай ҳолатларни юзага олиб чиқаётганини айтишади.

Расмийлар бозорларда картошка ва пиёз нархларининг ошиб кетаётгани борасида бирор муносабат билдирмаган.

Бизни Telegram орқали ҳам кузатиб боринг: https://t.me/bbcuzbek