Кремл АҚШ зарбаларини қоралади

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Россия Президенти Владимир Путин АҚШнинг Сурияга ракета ҳужумларини мустақил давлатга қарши тажовуз деб ҳисоблайди.

Бу ҳақда Путиннинг матбуот котибии Дмитрий Песков маълум қилган.

"Ушбу қадам шундоқ ҳам аянчли аҳволда бўлган Россия-Америка муносабатларига қаттиқ зарар етказади", - дея таъкидлаган Песков.

Путиннинг фикрича, ракета ҳужумлари халқаро террорчиликка қарши курашдаги ниҳоий мақсадга яқинлаштирмайди, аксинча, террорчиликка қарши курашда халқаро иттифоқ яратиш саъй- ҳаракатларига жиддий тўсиқлар қўяди.

Фавқулодда йиғилиш

Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия Хавфсизлик Кенгаши бугун АҚШнинг Суриядаги ҳужумларини муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказади.

У Президент Трамп сайловолди тарғиботлари чоғида халқаро террорчиликка қарши иттифоқ тузиш ваъдасини бергани, аммо Суриядаги ҳужумлар бунинг том тексариси эканини айтган.

"Бизнинг жуда ҳам ҳафсаламиз пир бўлди ва чуқур хавотирдамиз", деган Песков.

Унга кўра, Қўшма Штатлар нима учун ҳаво ҳужумларини бошлагани ўзларига қоронғу.

"Бу ҳаво ҳужумлари фақат Жабҳат-ал Нусра, ИШИД ва бошқа террорчи гуруҳларнинг манфаатига тўғри келади", деган Песков.

Унга кўра, АҚШнинг ҳаво ҳужумлари "Россиянинг иттифоқичисига қарши тажовуз"дир.

Россия ҳужумлардан огоҳлантирилганмиди, деган саволга Песков "ҳа, тегишли каналлар орқали маълумот олинганди", деб жавоб берган.

Аввалроқ Россия ҳукуматига қарашли "Российская газета" Москва АҚШ ҳужумларига ҳарбий жавоб қайтармаслигини айтган.

Россия Давлат Думасининг вице-спикери Пётр Толстой "халқаро қонунларни ҳимоя қилиш учун хотиржам ва мантиқий" қадамларни қўйишга чақирган.

'Тажовуз'

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қўшма Штатларнинг Суриядаги ҳаракатларини 14 йил муқаддам Ироқ урушнинг бошланишига ўхшатган.

У АҚШ Сурия ҳарбий ҳаво базасига ҳужумни оқловчи биронта ҳам далил келтирмаганини урғулаган.

"Бу ёлғон баҳона билан бошланган тажовуз амалидир ва ҳамма нарса 2003 йилдаги вазиятни ёдга солади. Ўшанда АҚШ, Буюк Британия ва бошқа қатор иттифоқчилар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг маъқуллаши бўлмасдан, халқаро қонунчиликни оёқ ости қилган ҳолда Ироқни ишғол этишганди. Бироқ унда ҳеч бўлмаса, қандайдир далил кўрсатишга урингандилар", - деб айтган Лавров.

Унга кўра, Сергей Лавров Суриядаги рус ҳарбийлари орасидаги талофатлар борасида маълумотга эга эмаслигини айтган.

"Маълумотларга қараганда, ҳеч қандай талофат йўқ", - деган Лавров.

Айни пайтда Суриядаги АҚШ ракеталари ҳужумга тутган ҳарбий ҳаво базаси яқинида бўлган "Россия-24" канали мухбири Евгений Поддубнийнинг айтишича, ҳужум натижасида Сурия кучларига қарашли 9 ҳарбий самолёт йўқ қилинган.

Россиялик журналистнинг сўзларига кўра, ҳарбий аэропортнинг учиш йўлаги вайрон бўлмаган, аммо ўқ қолдиқлари билан тўла.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ