Ижтимоий фикр: Газ ва электр таъминоти яхшиланди

таппи Фото муаллифлик ҳуқуқи RFE/RL

"Ижтимоий фикр" ўтказган сўровнома иштирокчилари Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён газ ва электр энергияси таъминоти юқори даражага кўтарилганини маълум қилган. Шу билан бирга сўровномада аҳолининг ижроия идоралар фаолиятидан қониқмаётганлиги ўз аксини топган. "Ижтимоий фикр" бу вақтгача газ-чироқ муаммосини сўровномаларга киритмаганди.

Сўровнома иштирокчилари яхши маош топиши ва уни ўз вақтида олаётганини ҳам билдиришган.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар беришича, "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган навбатдаги сўровномада Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида фуқароларнинг хабардорлиги текширилган.

Унда қанча одам ва қайси табақа вакиллари иштирок этганлиги тўғрисида маълумот берилмаган.

Эътиборли томони бу сафарги сўровномага берилган жавоблар олдингиларга ўхшаб яққол устунлик билан ажралиб турмайди.

Фуқаролар ҳокимиятнинг ижроия органлари фаолиятидан 12,1 фоиз одам рози эмаслигини билдирган. Ҳар учинчи одам ушбу фаолиятдан қисман розилиги билдирган. Ҳар иккинчи респондент ҳокимият ижроия органлари ишидан мамнунлигини айтган.

Иштирокчиларнинг 33,9 фоизи ҳокимият ижроия органлари раҳбарлари фаолиятини фуқароларга очиқ эмас, дея баҳолаган. 40,7 фоиз респондентга кўра, барча маълумотлар очиқ ва етарли.

"Ижтимоий фикр" томонидан шу вақтгача ўтказилган сўровномаларнинг аксари аҳолининг ҳамма нарсадан мамнунлиги яққол устунлик билан кўрсатиб келинган.

Шу вақтгача ҳар доим камида 80 фоиз одам турмушидан, Президент олиб бораётган сиёсатдан мамнунлигини ва эртанги кунга ишончлари юқари эканлигини билдириб келган.

Бироқ кузатувчилар реаль ҳаётда ҳаммаси "Ижтимоий фикр" сўровномаларида кўрсатилганидек эмаслигини айтишади.

Маошлар камлиги ва ишсизлик туфайли миллионлаб ўзбекистонликлар хорижда меҳнат қилишга мажбур. Коррупция ва порахўрлик оддий одамлар қатори тадбиркорларнинг ҳам чарчатган.

Газ экспорти бўйича турли давлатлар билан кўп миллионлик шартнома имзолаётган Ўзбекистоннинг кўплаб жойларида газ танқислиги муаммоси кузатилиши айтилади.

Ўзбекистонннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида бир неча бор жамият ботиб қолган муаммоларни тилга олган. Ҳатто муаммолар ҳақида гапирмаётган "Ахборот" кўрсатувини ҳам танқид қилган эди.

Президент томонидан муаммоларнинг гапирила бошлаши "Ижтимоий фикр" маркази сўровномаси натижаларига ҳам таъсир қила бошлаган кўринади.

Бизни Telegram да ҳам кузатиб боринг: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ