Стокгольм ҳужуми: "Ўзбеклигимизни айтишдан уяляпмиз"

Стокгольм Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Стокгольмда юк машинаси билан ҳужум ортида Ўзбекистон фуқароси гумон қилинаётгани ижтимоий тармоқларда акс-садо берди. Фикр билдирувчилар бу каби ҳужумларда ўзбек деган ном аралашаётгани боис бош кўтариб юриш қийин бўлиб қолганини ёзмоқда. Айримлар жиноят учун миллат эмас, ўша шахс айбдорлигини ва бунинг учун бутун миллат ўзини айбдор ҳис қилиши нотўғрилигини айтмоқда.

Ҳужумчининг Ўзбекистон фуқароси хақидаги хабарлар чиқиши билан ўзбекзабон ижтимоий тармоқлар ушбу ҳодисага жиддий эътибор қаратганини ва ҳужумни қаттиқ қоралашганини кузатиш мумкин.

Кўпчилик ушбу ҳужумчининг мақсади нима эканлигини сира тушунмаётганини айтган. Айримлар Ўзбекистонда диндорларга нисбатан қаттиққўл муносабат ва ҳуқуқларнинг топталиши мана шундай ҳужумларга сабаб бўлаётганини ёзган.

"Бу жиноятлар замирида фақатгина нотўғри сиёсат ётибди, холос. Сиз ҳолатимизни, сиёсатимизни уларга яхшилаб тушунтиринг, шундагини улар бизни осонгина тушуниб олишади", дейди Facebook иштирокчиси.

Норвегияда истиқомат қилувчи журналист Улуғбек Бакиров унга маҳаллий журналистлар мурожаат қилаётганини ва ҳужумда гумон қилинаётган шахс ўзбекистонлик бўлгани учун қаттиқ уялганини ёзди.

"Чет элдаги ўзбекларимизга нима бўляпти?! Бу кетишда хориждаги ўзбеклар бош кўтариб юришимиз қийин бўлади. Бугун эрталабдан Норвегиядаги етакчи газеталар мухбирлари менга қўнғироқ қилишиб, кеча Швецияда бўлган воқеа ҳақидаги муносабатларимни сўрашяпти. Худди бу ишни ўзим қилгандек, уялиб кетдим. Ер ёрилмади, ерга кириб кетсам... Нима бўляпти, ўзи миллатдошларимизга", - дейди у.

Ўзбеклар ёки ўзбекистонликларнинг номи террор ҳужумларда алоқадорлик бўйича бот-бот тилга олинадиган бўлиб қолди.

3 апрел куни Санкт-Петербург метросида портлаб ўн кишининг умрига зомин бўлган ҳужумда ҳам асосий гумондор шахс Қирғизистонда туғилиб ўсган миллати ўзбек Акбаржон Жалилов бўлиб чиқди.

Шу йилнинг 1 январ куни Истанбулнинг Reina тунги клубига ҳужум натижасида 39 киши умрига зомин бўлган ҳужумни асли ўзбекистонлик, 1983 йилда туғилган Абдуқодир Машарипов амалга оширганини эътироф этган.

"Илгари дунёнинг бирор жойида террористик ҳужум юз берса, "ишқилиб мусулмон бўлиб чиқмасин", деб хавотир олганлар энди "ишқилиб ўзбек бўлиб чиқмасин" деб ўйлайдиган бўлдилар", деб ёзади журналист Жаҳонгир Муҳаммад.

Туркияда истиқомат қиладиган Рустам ўзбеклигини айта олмай қолганини ёзди.

"Афсуски, ўзбеклигимизни айта олмай қолдик. 16 йилдан бери Туркияда яшайман, шу вақтга қадар ўзбек туркиман деб баралла айтардим. Йил бошидан бери ўзбеклигимни ҳам яшираман, ҳам кўрқаман. Бир онда шу ҳолга келдик", - дейди у.

Германияда истиқомат қилувчи айрим ўзбекистонликлар ҳам бу ҳужумлар дастидан бош кўтариб юролмай қолганини айтган.

Бироқ баъзилар бу каби ҳужумлар учун бутун бир миллатнинг ўзини айбдор ҳис қилиши тўғри эмаслигини ёзишган.

"Аслида, бошқа миллатлар ичидан террорчилар қанча чиқса, ўзбеклар ичидан ҳам шунча чиқяпти. Лекин биз, "ўзимга бекман" деб мақтанадиган ўзбеклар қилмаган айбимиз учун ҳам бўйнимизни қисиб, муте кайфиятда юришга ўрганиб қолибмиз. Бошқалар эса бундай эмас. Бировга ҳисоб бермайди", - деб ёзади Мусанниф Адҳам.

Унга кўра, террорчими, бошқа турдаги жиноятчими, миллати эмас, унинг шахси ва қилмиши муҳокама қилиниши керак.

"Ғарбда шундай: ўзларидан биронтаси жиноятга қўл урса, унинг миллати тилга олинмайди. Ваҳоланки, яхши биламиз: биронта ғарб давлати бир миллатли эмас. Лекин "учинчи дунё" - ғарбга Осиё ёки Африкадан бориб қолганлар нимадир қилиб қўйса, шов-шув кўтарилади. Айниқса, бизнинг бечора, ҳамма айбни ўзига олаверадиган ўзбеклар жуда яхши нишон", - дейди у.

Бизни Telegram каналимизда ҳам кузатиб боринг:https://t.me/bbcuzbek