Тошкент халқаси бўйлаб тезюрар поезд қўйилади

карта Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube

Тошкент шаҳри катта халқа йўли бўйлаб 26 бекатдан ташкил топувчи тезюрар поезд рельслари ётқизилади. Йўловчилар бир соатнинг ичида пойтахтни айланиб чиқиш имконига эга бўлиши кутилмоқда. Поездлар оралиғи 7 дақиқани ташкил қилади.

Бу ҳақда "Ахборот" дастури хабар берган. Йўлнинг узунлиги 71,2 чақиримни ташкил қилади. Икки томонлама қатновчи поезд учун умумий ҳисобда 140 чақиримдан кўпроқ темир йўл ётқизилиши кутилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube

Лойиҳа қиймати 265 млн долларни ташкил қилиши ва 2020 йили фойдаланишга топширилиши айтилмоқда.

"Йўл қурилиши бугунги кунда вужудга келаётган тирбандиклардан қутилишга, йўловчилар оқими ҳаракатини тартибга солишга олиб келади. Биз автобус, маршрутка ва метрополитен йўловчи оқимини бирлаштирамиз", - деган "Ўзбекистон темир йўллари" бош муҳандиси Ҳусниддин Ҳосилов "Ахборот" кўрсатувига.

Ушбу турдаги транспорт воситасининг пайдо бўлиши бир тумандан иккинчи туманга бормоқчи бўлган йўловчиларнинг оғирини енгил қилиши кутилмоқда.

Пойтахт жанубида жойлашган "Отчопар", "Бек-Барака", "Ўрикзор" каби йирик улгуржи бозорларга бошқа томонлардан келиш мижозларнинг кўп вақтини олиши айтилади.

Айниқса, енгил турдаги автомобилларнинг йилдан йилга кўпаяётгани йўлларда автомобиллар тирбандликлар яратмоқда.

Янги темир йўлда юрувчи поезд вагонлари қулай бўлиши ва бошқа жамоат транспорти билан боғланиши айтилмоқда.