Алишер Усмонов "Пахтакор" клубини сотиб оладими?

Усмонов Фото муаллифлик ҳуқуқи Interfax.ru

Ўзбек сайтлари ва ижтимоий тармоқларда асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг "Пахтакор" футбол клуби акцияларини сотиб олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан. "Пахтакор" клуби матбуот котиби Беҳзод Назаров Би-би-си Ўзбек хизматига бу борада расмий хабар йўқлигини билдирди.

Усмоновнинг ўзбек футбол клуби акцияларини сотиб олиши мумкинлиги ҳақидаги хабарни футбол хабарларига ихтисослашган championat.asia сайти ёзди.

"Тошкентда миш-миш авжида. Эмишки «Арсенал» клубининг эгаларидан бири бўлган Алишер Усмонов «Пахтакор» акциядорига айланган. Куни кеча у илк маротаба Ўзбекистон давлат каналига ҳам интервью берган эди. Икки давлат ўртасида келишиланаётган лойиҳаларнинг истиқболи тўғрисида гапириб ўтган миллиардернинг, «Пахтакор»ни ростдан ҳам бошқарадим ёки йўқ, бу саволга клубдан ҳозирча ҳеч қандай расмий маълумот йўқ", - дейилади хабарда.

Клуб матбуот котиби Беҳзод Назаров Би-би-сига бу хабарларда жон йўқлигини билдирди.

"Биз ҳам шунақа миш-мишларни кўчадан эшитдик. Лекин бу борада клубда ҳеч қандай маълумот йўқ. Усмоновнинг "Пахаткор"га қизиқиш билдираётгани борасида ҳам ҳеч нарса айта олмайман", - дейди Беҳзод Назаров.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистонга қайтишни "исташи" ва "режалаётгани"ни айтган.

Бу ҳақда у ўтган йилнинг декабр ойида "Россия-24" телеканалига берган интервюсида маълум қилган.

63 ёшли Усмонов Россиянинг солиқ резиденти мақомига қайтиш-қайтмаслигини Ўзбекистон билан боғлаган.

"Россия солиқ резидентлигини агар қачондир алмаштирмоқчи бўлсам, фақат Ўзбекистонникига алмаштираман", - деган Усмонов.

У Россия солиқ резидентлигидан вақтинча чиқиш қарорини ўзи раҳбари бўлган Халқаро қиличбозлик федерациясидаги фаолияти билан боғлаган.

Федерация қароргоҳи Швейцарияда жойлашган ва Усмонов 2016 йили биринчи марта Швейцариянинг энг бой одамлари рўйхатидан ҳам ўрин олган.

USM Holdings хўжайини бўлган Алишер Усмонов нафақат Россияда, балки Британияда ҳам энг бадавлат шахслардан бири саналади.

'Ҳар доим тайёр'

Алишер Усмонов Ўзбекистон ва унинг раҳбариятига ёрдам беришга ҳар доим тайёрлигини изҳор қилган.

"Ўзбекистон, унинг раҳбарияти учун қўлимдан нима келса, қилишга тайёрман. Ҳар доим ва ҳар дақиқада", - деб айтган Алишер Усмонов.

У Ўзбекистонга сармоя киритиш режаси борлиги ва бунинг учун мамлакат раҳбариятининг таклифини кутаётганини билдирган.

"Айтмаган жойга борма, дейилган. Мен бошқа сармоядорлардан фарқли ўлароқ, ҳамиша таклиф қилинган жойга бораман. Бунгача фақат мендан сўрашсагина ёрдам қилишим мумкин", -деган у.

Аммо айни пайтда Усмонов ўз ватанида хайрия жамғармасини очиш учун Ўзбекистон раҳбариятидан рухсат сўрашдан тортинмаслигини ҳам айтган.

"Ҳеч бўлмаганда, у ерда (Ўзбекистонда-таҳр) хайрия жамғармасини очиш ниятим бор. Мақсад ҳозир Москвада қилаётган лойиҳаларимни у ерда ҳам қилиш.Мен буни албатта амалга оширишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун рухсат сўрайман", - деган Алишер Усмонов.

"Ўзбекистон иқтисодига ҳам сармоя киритасизми?" деган саволга Усмонов "бу алоҳида масала. Мен ҳар доим тайёрман", - деб жавоб берган.

У Президент Мирзиёевни "ҳар қандай вазифани уддалашга қодир раҳбар" деб таърифлаган.

"Ҳозир жуда катта бошқарув ва давлатчилик тажрибасига эга одам (президент этиб-таҳр.) сайланди. Менинг назаримда, у ҳар қандай вазифани уддасидан чиқади... Ўзбекистон, унинг

халқи ва президентига улкан муваффақиятлар тилайман",- деган Усмонов.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида Усмонов Ўзбекистонда президент бўлиш интилишлари борлигини рад этганди.

Каримовнинг вафотидан сўнг Кремл ва унинг хўжайини Путинга яқин миллиардернинг Ўзбекистонга бот-бот бораётгани айтилган.

Тошкентдаги айрим манбалар Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Усмоновнинг ташрифларидан мамнун эмаслигини айтган.

Алишер Усмоновнинг ўзи ҳозирга қадар Ўзбекистонга қайтиш режалари ҳақида бунчалик батафсил гапирмаганди.

Россия матбуоти Шавкат Мирзиёев билан қариндошлик ришталарига эга бўлган Алишер Усмонов Ўзбекистон раҳбариятига таъсир ўтказаётгани ҳақида ёзган.

Усмоновнинг вакили бу хабарларни рад этган.

Бизни Telegramканалимизда ҳам кузатиб боринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ