Гулистонлик онахон пенсия учун тиқилинчда ўлди

Энди пенсия пулларини "Халқ банки" тарқатади Фото муаллифлик ҳуқуқи uz24.uz
Image caption Энди пенсия пулларини "Халқ банки" тарқатади

Гулистон шаҳрида янгича тартибда пенсия олиш учун навбатда турган 72 ёшли Мария Худойқулова юзага келган тиқилинчда вафот этган. Бу ҳақда ҳодисани атрофлича ўрганган kun.uz нашри хабар бермоқда. Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб пенсия пулларини почта ходимлари уйга олиб келмайди. Нафақа пулларини тарқатиш "Халқ банки" зиммасига юклатилган.

Kun.uz нинг ёзишича, Мария Худойқулова ва уч маҳаллада яшовчи бошқа пенсионерлар 6 апрел куни тушдан кейин нафақа пулини олиш учун "Навбаҳор" фуқаролар йиғинига борган. Пенсия учун 100 дан отиқ қариядан иборат одам тўпланган.

Пул олишга ҳаракат қилган оломон ичида тиқилинч юзага келган ва унинг орасида бўлган Мария Худойқуловада юрак хуружи рўй берган. Унинг атрофидагилар қарияга ўз билганларича ёрдам беришган, "тез ёрдам" чақирилган. Бироқ тиббиёт ходимлари етиб келгунча Худойқулованинг жони узилган.

Унинг ўғли kun.uz журналистига онаси шу йилнинг январ ойида юрак хасталиклари шифохонасида даволаниб чиққанини айтган.

Шу вақтгача ўзбекистонлик пенсионерларнинг пуллари почтачилар томонидан уйига етказиб берилар ёки почта алоқа бўлинмаларида тарқатиларди. Бироқ 1 апрелдан бошлаб янги тартиб бўйича пенсия пулларини тарқатиш "Халқ банки" зиммасига юкланган.

Kun.uzнинг ёзишича, «Халқ банки» ходими 6-8 апрель кунлари шаҳарнинг «Навбаҳор», «Сайқал», «Тараққиёт» маҳаллаларида яшовчи пенсионерларга пенсия тарқатилишини билдириб, маҳалла фуқаролар йиғини раисларига билдиришнома жўнатган.

Бу уч маҳаллада 1290 нафар пенсионер истиқомат қилиши айтилмоқда

Гулистон шаҳридаги пенсионерларга пенсия тарқатиш учун жавобгар бўлган банк ходими бахтсиз ҳодисада маҳалалар раисларини айблаган.

Банк ходимларига кўра, бир нафар кассирни қария ва бемор пенсионерларнинг пенсиясини уйига олиб бориш учун сафарбар қилади.

Тартиб бўйича, маҳалла фуқаролари йиғини бундай пенсионерларнинг рўйхатини банкка тақдим этиши керак. Бу рўйхатга марҳума Мария Худойқулова киритилмай қолган бўлиши мумкинлиги ва шу сабадан унинг ўзи қўшни маҳаллага пенсиясини олиш учун борганлиги айтилади.

Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг:https://t.me/bbcuzbek