Швеция ўзбеклари: "Бошимизни кўтариб юролмай қолдик"

Фото муаллифлик ҳуқуқи vkontakte
Image caption Раҳмат Оқилов

Стокгольм марказида 4 кишини ўлдирган ва 15 кишини яралаган ҳужумда ўзбекистонлик 39 яшар Раҳмат Оқилов гумон қилинар экан, мамлакатда яшовчи кўплаб ўзбекистонликлар ваҳима ва қўрқув ичида қолганлар.

Уларнинг баъзилари Би-би-сига ўз фикр ва қарашларини изҳор қилишди.

Наргиза, 32 ёш, Стокгольм

Бу болани таниганларни билмайман, лекин ўзбеклар орасида шунақа ҳар хил гаплар бўляпти. Кимдир айтади наркотик билан шуғулланар экан, кимдир унинг турмуш ўртоғи билан алоқаси яхши бўлмаганини айтади. Яна кимнингдир айтишича, ишхонасида унга ойликларини беришмаган ва у жаҳл устида шу ишни қилган. Самарқандлик экан, икки боласи Швецияда туғилган экан деб эшитдик.

Бу иши билан у ҳамманинг юрагига ғулғула солиб қўйди. Ҳодиса юз берган куни фарзандларимиз мактабдан уйга келишолмади. Болаларим мактаби воқеа содир бўлган жойга яқин. Йўллар ва жамоат транспорти ёпилиб қолгани учун ҳатто такси билан ҳам бора олмадик. Телефон алоқалари узиб қўйилди. Болаларим "мактабдан чиқдик" деб телефон қилишди, лекин кейин алоқа буткул узилди. Қаерда улар, ҳужумда жароҳатландими, ҳеч нима билмадик. Шок бўлганимдан икки кундирки яхши ухламаяпман. Америкалик дўстларимиз кейин болаларимни ўз уйларига олиб кетиб, ярим кечаси олиб келиб беришди. Болаларимиз энди қўрқиб, кўчага ҳам чиқишмаяпти. Дам олиш кунлари кўчага чиқардик, кинога ё сузишга олиб борардик...

Қизим ҳам, ўғлим ҳам "Ўзбекистон террористми?" деб сўрашди. Бундай одамлар ҳамма юртда борлигини тушунтиришга уриняпман. Ҳаммада ваҳима. Яхшиям бугундан пасха таътилига чиқишди.

Воқеа содир бўлган жойдан ҳар куни ўтаман. Ўқишим 15:00да тугайди, лекин ўша куни байрам деб 12:00да жавоб берди. Шу ерда катта савдо маркази бор, деярли ҳар куни айланардим, лекин бу сафар ҳамёним уйда қолиб кетган экан, вақтли уйга қайтдим.

Воқеа жойида ўзбеклар ҳам бўлган. Ҳомиладор ўзбек аёл уйига кетолмай қийналди. Телеграмда 300-400 одам бўлиб кетибди, у ёқдаман, бу ёқдаман, машина жўнатинглар, пулини бераман, уйга кетишим керак, болаларим қаерда, деб ёзганлар бўлди.

Ҳамма жойда, телевизорда, газеталарда Ўзбекистон тилга олиняпти... Кеча марказга 10 мингдан ошиқ одам йиғилди, ўзбеклар ҳам қурбонлар хотирасига гуллар қўйиб келишди.

Ҳужумда 11 ёшли қизча ўлди. Шу ҳужумни қилганида ўз боласи кўзига кўринмаганмикан? Биласизми, мен қандай ёмон аҳволдаман? Чунки бу қиз менинг қизим билан тенг. У қиз мажақланиб кетган, кимлиги икки кун аниқланмади.

Етти йилдан бери яшайман бу ерда, қандайдир жиҳодчи руҳдаги одамларни умуман кўрмаганман. Биз танийдиган одамлар ҳаммаси ишли, оилали, жиддий одамлар. Ҳамма иш билан юрибди, ишимиз тугагач ҳаммамиз ватанимизга қайтамиз. Лекин ҳозир келаётган ёш ўзбеклар орасида ҳужжати йўқ, иши йўқ, бекорчи юрган йигитлар ҳам бор. Ҳужжати йўқ ўзбеклар кўп бу ерда, фақат жиноят қилса қўлга тушиб қолади. Янги келган болалардан хафаман. Интернетга кириб, телефонларимизни топиб, тегажоқлик қилиб тунда телефон қилишади. Мен бирини полицияга бердим.

Ўзбекистон номига доғ тушмасин деб, биз шведлар билан дўстлашиб, маданиятини қўллаб-қувватлаймиз, маросимларида иштирок этамиз... Яқинда швед тили курсини тамомладим. Ўқитувчимга Ўзбекистонда эканлигимни айтсам, эшитмаган экан. Мана энди ҳамма биладиган бўлди. Юртимиз фақат яхши томондан танилишини хоҳлагандик. Барибир қора рўйхатга олиб қўйилди Ўзбекистон.

Шведларнинг нонини еяпмиз...

Ўзбеклар гапиряпти, уяляпмиз, худди ўзимиз шу қилмишни қилиб қўйгандек, кўчада бош кўтариб юролмаяпмиз. Кўчада кетяпман, одамларга Ўзбекистон ҳақида гапиргим келади, лекин қайси бирига, қанчасига гапирай? Ҳар бирини тўхтатолмайман-ку.

Кўчаларда ҳозир хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Метроларда автоматлар ушлаб аскарлар туришибди. Марказда ҳам қуролли полициячилар. Бир томондан хотиржам бўласан киши, лекин бошқа томондан қуролни кўриб қўрқасан.

Шведлар мамлакатга кириб келган одамнинг инсон ҳуқуқларини таъминлайди ва дарров ўзиники деб кўради. Четламайди. Лекин, ўтган йили ноябрда Парижда бўлган ҳужумдан кейин болаларим билан кемага чиққанимда шведлар бизга қарата кола шишаларини тепиб ташлагандилар. Биров айтса, ишонмасдим, лекин ўзимга ва икки боламга қилган. Шундай муносабат кучаймасин деб умид қиламиз.

Image caption Швецияликларни ҳужум ларзага келтирди.

Фазилат, 46 ёш, Стокгольм

Швециядаги матбуот бу ердаги террор амалини Санкт-Петербургдаги террор билан боғлашяпти. У ердагисини ҳам қирғизистонлик, лекин асли ўзбек киши қилгани ёзилди. Ундан аввалги Истанбулдаги тунги клуб ҳужумини ҳам ўзбек қилган деб ёзишмоқда. 2000дан 4000 минггача ўзбеклар Исломий давлатга ёлланиб кетган, буларнинг ичида террористлар кўп, деб бир-бирига занжирдек улашяпти.

Ёзишларича, бу йигит Германияда ҳам нимадир жиноят қилиб, бу ерга қочиб келган экан. Кўпдан бери полиция унинг изига тушган экан.

Ўзбекистонлик деган гапни қайтаришаверса, бизга катта таъсир қиляпти.

Фарзандларимиз эртага мактабга чиқишади, биз ишга чиқамиз. Сенинг ўзбекларинг шу ишни қилибди, дейди. Шаънимизга иснод бу. Бир одамни деб бутун ўзбек миллати жавоб бериши керакми? Швецияда ҳар хил миллатчи сиёсий партиялар бор. Афтонбладет газетасидаги мақолалар остига шарҳ қолдираётганлар "бизга учраб қолманглар!" дея пўписа қилишяпти очиқчасига. Ўзбеклар эмас, исломчилар деяпти. Бу бизни таҳликага соляпти.

Лўнда қилиб айтадиган бўлсам, бу воқеа бизнинг олдинги тинчлик-хотиржамлигимизни бузди. Бу ерда ҳеч қандай уруш ё террор йўқ деб жуда хотиржам ҳаётда яшардик биз. Бу ишончга дарз кетди. Ҳаммага жуда катта зарба бўлди.

Швецияда ўзбекларнинг ҳар хил жамоалари бор. Диндор ўзбеклар бошқаларга қўшилмайди. Биз ўзимиз замонавий ўзбеклар, ўзимизнинг миллий урф-одатларимизга асосланиб Наврўз ва бошқа миллий байрамларимизни ўтказамиз, йиғилиб турамиз. Лекин, улар келишмайди. Ҳар хил оқимдаги ўзбеклар Швецияга кириб қолган деган гапларни эшитардик, матбуотда чиқиб қоларди. Улар асосан Данияга яқин Мальмё шаҳри атрофларида яшайдилар деб эшитганман. Ўз жамоалари бор, жуда эҳтиёткор улар. Биз "вой ўзбегим" деб қабул қилиб олишимиз мумкин, лекин улар аралашгиси келмайди.

Стокгольм катта эмас, кўчада ўзбекларни кўриб қоламиз. Лекин, Стокгольмда яшаётгани айтилаётган Раҳмат Оқиловни ҳеч қандай тадбирда, ҳеч қаерда кўрмаганмиз. Ҳатто расмини телевизорда кўрсатишганида, ўзбек эканига ишонмадим. Бу одамни ҳеч қаерда кўрмаганмиз, қаердан келди бу одам, деб ҳайрон бўлдик... 10 йилдан бери Швецияда яшайман, жуда кўпчиликни танийман. Балки ўзи ўзбек бўлмай туриб, Ўзбекистон паспортини олиб олгандир деб ўйладим. Чунки ҳатто кийиниш стили ҳам ўзбекка ўхшамайди. Баъзида кўчада кетаётиб ўзбек йигитларни кийинишидан таниб оламан, лекин бу одам бизникиларга ўхшамайди... Ҳозир бу ердаги ўзбек жамоатчилиги "Илойим, бу ўзбек бўлиб чиқмасин" деб умид қилиб ўтирибди. Чунки полиция ҳозиргача уни гумондор деб кўряпти, ҳали айби тасдиқланмади.

У Стокгольмдан бир соатча наридаги чекка Машта деган туманда турган. Шу ердан тутиб олиб келишган. Мен таниган ўзбекларнинг биронтаси у ерда турмайди. Швеция матбуотида ёзилишича, у Швециядан бошпана сўраган, аммо аризаси рад этилган, ва ҳозирда иши қайтадан кўриб чиқилаётган бўлган. Қонунга биноан, ариза бир неча босқичда қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Бундай ҳужум Швецияда аввал бўлмаган, шунинг учун ҳамма шок ҳолатида. Мендан сўрашса, айтардим, агар жиҳод қилмоқчи бўлсанг, уруш бўлаётган жанг майдонига бориб кўрсат ўзингни. Бу ерда тинч аҳолини ўлдириш жиҳодга кирмайди-ку? Исломга ҳеч қандай тўғри келмайди бу. На ўзбекчилигимиз, на Исломга боғлаб бўлади буни...Бегуноҳ одамларни юк машина билан босиб кетиб, у нимага эришади? Аввалгилари ўзларини портлатган, бир-иккитасини олиб кетиб у дунёда нимагадир эришаман деб ўйлаган. Бу эса қочган. Балки у руҳий касалдир?

Швеция матбуотида ўзбеклар ҳақида жуда ижобий фикрлар билдириларди. Ўзбек халқи жуда меҳнаткаш бўлади, келиб давлат нафақасида ё ёрдам пулини сўраб ўтиргани кам, тиришиб ишлайди деб гапиришарди. Ҳақиқатдан ҳам бу ердаги ўзбеклар иш, ўқиш, уй, бола-чақа дейди, бу ернинг сиёсатига аралашмайди.

У одамни ўзбекистонлик дейишганида, жудаям ўзимизни йўқотиб қўйдик. Жуда қаттиқ таъсир қилди. Энг қўрқаётганимиз, бизга бўлган ишонч йўқолади.

Баъзи нарсалар унутилади. Францияда мусулмон ҳужум қилганида, ҳамма мусулмонга ёмон қаради, кейин секин-секин унутилгандек бўлди. Лекин, бу ерда бутун бир миллат кўрсатиляпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар