Навальний Усмонов таҳдидидан хавотирда эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters/AFP/Getty Images
Image caption Алишер Усмонов Навальнийни судга бермоқчи

Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний уни туҳматда айблаган ўзбек миллиардер Алишер Усмоновнинг таҳдидларига жавоб қайтарди.

"Сўзсиз, мен уни айблашда давом этаман ва ҳужжатларга таянаман. У Рублёвкадаги қиймати 5 миллиард доллар бўлган уйни "Соцгоспроект" жамғармасига совға қилгани юридик факт. Росреестрдан олинган қоғозда "совға" деб ёзилган. Қандайдир тушунарсиз жамғармаларга бекордан-бекорга уйлар совға қилинмайди. Мен буни пора деб биламан", - деди Навальний "Кактус" кўрсатувидаги чиқишида.

11 апрелга ўтар кечаси ТАСС агентлиги Алишер Усмонов Навальнийни судга беришга аҳд қилганини хабар қилди.

"Навальный одамларни чалғитмоқда ва унинг баёнотлари - туҳмат. Мен унга ортиқча пиар бўлмаслиги учун узоқ вақт унинг ёлғонларига эътибор бермай келдим, лекин охирги бўҳтонлари билан у қизил чизиқни кесиб ўтди, мени жиноят содир қилишда айблади. Шу сабабдан мен судга Навальний устидан арз қиляпман, ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам ариза билан мурожаат қиламан", - деб айтган тадбиркор ТАССга.

Шунингдек, Усмоновнинг айтишича, уни айблашга Навальнийнинг "маънавий ҳуқуқи" йўқ, чунки у ўз ишларини "шаффоф ва қонуний" олиб боради, 100 мингдан ошиқ одамни иш билан таъминлайди, хайрия харажатлари эса йилига 100 миллион доллардан ошади.

2 мартда Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси Бош вазир Дмитрий Медведевга гўёки боғлиқ бўлган катта миқдордаги мол-мулк ҳақида "У сизга Димон эмас" ("Он вам не Димон") номли терговини чоп қилди.

Терговга кўра, Россия бош вазири бу мулкка эгалик қилади, аммо уни ўз курсдошлари бошқарадиган нотижорий жамғармалар тармоғи орқали бошқаради.

Жумладан, Навальний таъкидлашича, Медведев фойдаланадиган Рублёвкадаги уйни шундай жамғармага Алишер Бурхонович Усмонов исмли киши совға қилган.

Бу исм Россиянинг энг бадавлат тадбиркорларидан бири, мамлакатдаги энг йирик тоғ-металлургия холдингларидан бўлган "Металлоинвест"нинг эгаси, миллиардер Алишер Усмоновнинг исмига буткул мос тушади.

Медведев Навальнийнинг тергови оммага тақдим қилинишидан бир ой ўтиб муносабат билдирди. Унинг айтишича, бу компроматнинг ортида "одамларни кўчаларга олиб чиқиш" ҳаракати турибди. Медведев тергов материалларини "сафсата ва қандайдир қоғозчалар" дея тасвирлаб, компотга қиёслади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар