Метродаги портлаш ва мигрантлар радикаллашуви

Фото муаллифлик ҳуқуқи OLGA MALTSEVA/AFP
Image caption Ҳужумни Акбаржон Жалилов қилгани тасдиқланса, у Россияда ҳудкуш ҳужум содир қилган илк марказий осиёлик бўлади

Россия, Қирғизистон ва Қозоғистон махсус хизматлари маълумотига асосланган терговга кўра, 3 апрель Санкт-Петербург метросидаги портлашни асли ўшлик Россия фуқароси Акбаржон Жалилов амалга оширган бўлиши мумкин.

Агар 22 ёшли Жалиловнинг айби исботланса, у Россияда ҳудкуш ҳужум содир қилган илк марказий осиёлик бўлади.

Бу минтақадан чиққан одамларнинг бошқа шов-шувли жиноятлари, масалан энага Бобоқулова ёки "ГТА бандаси" қилмишларига қаралса, улар аслида қандайдир мафкура туфайли пухта ишлаб чиқилган амаллар эмас, балки руҳий касал ёки жиноятчи одамларнинг иши экани аён бўлади.

Мени бу ажаблантиради, чунки 20 йилдан ошибдики биз Россияга миллионлаб марказий осиёликлар кириб келаётгани, бу ерда мушкул шароитларда яшаб ва ишлаб, тазйиқлар ва ёвқарашга учрашаётганига гувоҳ бўлар эканмиз, экспертлар радикализация ва экстремистик амалларнинг бутун бир тўлқинини ваъда қилишди. Лекин, бу башоратлар жуда-жуда секин амалга ошяпти ва тенденцияга ўхшамайди.

Ватанга қайтиш орзуси

Бу фактни қандай изоҳлаш мумкин? Ўйлайманки, Марказий Осиёдан кўплаб муҳожирлар Россияга иш топиш, пул ишлаб ватанга юбориш ва шу йўл билан уйда қолган яқинларини қўллаб-қувватлашдек аниқ режа билан келишади. Миграция оиланинг ижтимоий мавқеини кўтаришга хизмат қилади.

Муҳожирлар тасаввурида Марказий Осиё "ватан" ва "уй"ни англатади ва "кейин" ё "қачондир" унга қайтиш кўзланади. Улар бу режаларини амалга ошириш йўлида ҳар қандай хўрлашларга чидашга тайёрлар.

Миграция аввалги ижтимоий муносабатларни барбод қилмайди, аксинча кўп ҳолларда муҳожирлар ўз жамиятларининг аъзоси бўлиб қоладилар. Ўз юртдошлари қуршовида уларнинг ўзини тутишлари назорат қилинади, хусусан улар радикал қарашлар ва қилмишлардан ҳимоя қилинадилар.

Диннинг ўсиши

Муҳожирларнинг тақводорлиги ҳақида гап кетганда, бир неча жиҳатларни назарда тутиш керак.

Биринчидан: Марказий Осиё аҳолисининг ичида диндорликни изҳор қилиш усуллари жуда бир-биридан фарқ қилади. Пул топиш учун кетганларида улар шу усулларни ўзлари билан олиб кетадилар.

Муҳожирлар орасида диний амалларга кам мурожаат қиладиган одамлар бор. Улар, масалан, масжидда фақат жума ёки байрамда намоз ўқийдилар, тўла рўза тутмайдилар, озиқ-овқат чекловларини бузадилар.

Айни дамда улар орасида диний амалларга қаттиққўллик билан бўйсунувчи, жумладан ҳар куни беш вақт намоз ўқиб, рўзани мутлақо канда қилмайдиган мусулмонлар ҳам бор.

Иккинчи жиҳат: муҳожиратга чиққандан кейин тақводорликнинг ўсиши ёки сусайиши суратларида бирон мантиқни илғаб бўлмайди. У ҳам, бу ҳам юз беришига гувоҳ бўламиз - қайсидир муҳожирлар диний амалларни йиғиштириб қўядилар, бошқаларида эса диндорлик ошади, учинчи гуруҳ эса ўз уйида динга қандай амал қилган бўлса, шундай давом этади.

Муҳожирлар у ёки бу йўлни танлашларига бир қанча сабаблар бор. Уларнинг танловига улар қайси ҳудудда ва қандай ишда ишлашлари, кимнинг қуршовида экани ҳам таъсир қилади.

Муҳожирнинг миграцияда қанча вақт қолиши, иш ва турар жойини қанчалар тез-тез ўзгартириб туриши ҳам таъсир қилиши мумкин.

Масалан, Қофқоз мусулмонлари билан яқин муносабатда бўлган, уларнинг қўли остида ишлаган марказий осиёликларда тақводорлик ишоралари яққолроқ кўзга кўрина бошлайди. Маҳаллий халқ, айтайлик, руслар билан кўпроқ мулоқот қилган муҳожирларда эса бу камаяди.

Муҳожир муҳитга мослашади, ажралиб турмасликка уринади, чунки можаро ва тушунмовчиликлардан чўчийди.

Баъзи диний амаллар, масалан, рўза тутиш муҳожирлик шароитларида ноқулай ва хавфли бўлиши мумкин. Рўза тутган муҳожир касал бўлиб қолиш ёки молиявий йўқотишлар хавфига юз тутади.

Лекин, бошқа диний амаллар, масалан спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслик, иш берувчилар томонидан хуш қарши олинади.

Учинчи жиҳат: Ватанига қайтган муҳожир маҳаллий жамоатчиликка миграцияда, биринчидан, муваффақиятга эришгани, етарли пул ишлагани, омади чопгани ва, иккинчидан, "бузилмаган"ини намойиш қилишга уринади.

Муҳожир машина сотиб олади, уй қуради, тўй-марака қилади, ота-онасига, хотини, фарзандлари, яқинлари ва, умуман, маҳаллага эътибор беради. Тақводорлик бу каби стратегиянинг бир қисми бўлиши мумкин.

Муҳожир ўз ота-онасини Ҳаж зиёратига юбориши, ва ҳатто ўзи ҳам унга отланиши мумкин. Унинг масжид ё мозор таъмири ва бошқа жамоатчилик харажатларига пул ажратишини ҳам диний амал дея талқин қилса бўлади.

Бу амаллар муҳожир юз тутадиган жабр-зулм, руҳий сиқилиш ё яккаликка реакция эмас, балки ўз мавқеини ошириш ва атрофидагилар билан яхши муносабатларни ўрнатиш илинжидаги амаллардир.

Радикаллашув хавфи

Муҳожирнинг радикаллашуви муқаррар ва мантиқий оқибат эмас, балки ўрнашиб улгурган қонун-қоидалардан четга чиқишни англатади.

Муҳожирнинг ўз ватанидаги жамоатчилик ёки ватандошлари билан мулоқоти бузилса, унинг устидан назорат йўқотилса, унинг учун нормал ҳолат бузилади.

Ани дамда тақводорлик ҳар доим ҳам радикаллашувга олиб келмайди.

Радикал ғояларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг Россиядаги марказий осиёлик мигрантлар орасида тарқатилиши учун фақатгина миграцияда бўлиш етарли эмас. Ҳали тадқиқ этилиши керак бўлган кўплаб бошқа омиллар ҳам бор. Бу омиллар бири муҳожирнинг ўз жамиятидан ихоталаниб қолиши ҳам бўлиши мумкин.

Террор амалига нима туртки беради?

Агар Акбаржон Жалилов мисолига қайтадиган бўлсак, у - Россияга пул ишлашга эмас, балки 2010 йил Қирғизистон жанубида ўзбекларга қарши амалга оширилган хунрезликлардан қочиб келган қочқин.

У Россия фуқаролигини олган, Россияда коллежни тамомлаган, ва айтилишича, Россия армияси хизмат қилган, қонуний ишлаган ва унинг ҳаёти Россия жамиятнинг кундалик ҳаётига чамбарчас боғлиқ бўлган.

Агар ҳақиқатдан ҳам у ҳудкуш ҳужумчи бўлса, террор амалига уни нима етаклади ва қандай қилиб бу аҳволга тушганини аниқлаш балки бир кун келиб имконли бўлар, балки бўлмас.

Аммо, қандай бўлмасин, бу миграциянинг жуда ғайриоддий ҳолати. Айнан Жалилов мисолида ватанга қайтиш на орзу, ё на имконият бўлган. Пайдо бўлган бўшлиқни эса Россиядаги ҳаёт тўлдира олмаган ва у янги уйига мослаша олмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар