Алишер Усмонов: Рублёвкадаги келишув айирбошлаш бўлган

Миллиардер Алишер Усмонов Алексей Навальнийнинг "Коррупцияга қарши жамғармаси"ни туҳмат қилишда айблайди. Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikhail Djaparidze/TASS
Image caption Миллиардер Алишер Усмонов Алексей Навальнийнинг "Коррупцияга қарши жамғармаси"ни туҳмат қилишда айблайди.

Миллиардер Алишер Усмонов Рублёвка деган ном билан машҳур бўлган жойдаги уйни нега Россия Бош вазири Дмитрий Медведевнинг курсдоши Илья Елисеев раҳбарлигидаги "Соцгоспроект" жамғармасига бергани сабабини тушунтирган.

Бу ҳақда Алишер Усмонов Россияда нашр этиладиган "Ведомости" рўзномасига берган интервьюсида айтган.

Рублёвка - Москва ғарбидаги Рублёво-Успенский шоссесига яқин Подмосковьедаги жойнинг халқ тилида аталиши бўлиб, ҳали СССР замонидан компартиянинг нуфузли лавозимларини эгаллаган шахсларнинг дала ҳовлилари жойлашгани билан таниқли бўлган.

СССР парчаланиб кетганидан кейин Рублёвка бой-бадавлат одамлар яшайдиган ҳудуд сифатида танилган.

Асли келиб чиқиши ўзбекистонлик Алишер Усмоновнинг уйи ҳам Рублёвкада жойлашган.

Рублёвкадаги уй россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг "Коррупцияга қарши кураш жамғармаси" - ФБК эълон қилган терговда тилга олинган.

2 март куни ФБК эълон қилган тергов "Он вам не Димон"("У сизга Димон эмас") деб сарлавҳаланган.

Бу терговда гўёки Россия Бош вазири Дмитрий Медведевга тегишли кўп сонли кўчмас ва бошқа мулклар ҳақида гапирилган.

"Коррупцияга қарши кураш жамғармаси"нинг маълумотларига кўра, Бош вазир Дмитрий Медведев курсдоши раҳбарлик қиладиган кўп сонли жамғармаларнинг активларини бошқаради.

Ана шундай жамғармалардан бири Илья Елисеев раҳбарлигидаги "Соцгоспроект" фондидир.

ФБК терговига кўра, Алишер Усмонов 2010 йили бу фондга Рублёвкадаги уйни берган.

"Ведомости" рўзномаси билан интервьюсида Алишер Усмоновнинг айтишича, Рублёвкадаги уй ва ерни активларни айирбошлаш келишуви асосида берган. Миллиардер Усмоновнинг сўзларига кўра, у Илья Елисеевни "Газпром инвестхолдинг" раҳбари бўлиб ишлаб юрган вақтларидан бери билган.

Елисеев Усмоновнинг ерига яқин жойда "Соцгоспроект" жамғармаси бешта ҳашаматли уй барпо этишни хоҳлаётгани ҳақида айтган.

Айни пайтда сал узоқроқ жойда Усмоновнинг синглисига тегишли 4 гектар ер ва уй бўлган ва Алишер Усмонов Елисеевга айирбошлашни таклиф қилган.

"Мен 20 йилдан ортиқ вақт яшаб келаётган ўз участкамни янада кенгайтириш имкониятларини анчадан буён излаб юрган эдим. Шунинг учун уларнинг 12 гектарлик участкасини мендан узоқроқ синглимнинг участкаси ва тайёр уйига амалштиришни таклиф қилдим", деб айтган Алишер Усмонов "Ведомости"га.

Бешта уй қуришнинг имкони йўқ 4 гектарлик ер "Соцгоспроект"га нега керак эди, деган саволга Алишер Усмонов, "бу фойдали келишув бўлган", деб айтган, чунки синглисининг участкасида баҳоси 30 миллион долларга тенг уй ҳам бўлган.

Жаноб Усмонов синглисининг участкасининг ўзи 15-20 миллион долларга баҳолаган.

"Соцгоспроект"дан олинган 12 гектарлик майдоннинг баҳосини 50 миллион доллар, деган у.

Миллиардер Усмонов Навальнийнинг айбловини ёлғон деб атаган.

Жаноб Усмоновнинг айтишича, бундан олдин Навальнийнинг чиқишларига муносабат билдирмаган, бироқ энди сукут сақламайди.

11 апрелда Алишер Усмонов Навальнийни судга беришга аҳд қилгани хабар қилинди.

"Навальный одамларни чалғитмоқда ва унинг баёнотлари - туҳмат. Мен унга ортиқча пиар бўлмаслиги учун узоқ вақт унинг ёлғонларига эътибор бермай келдим, лекин охирги бўҳтонлари билан у қизил чизиқни кесиб ўтди, мени жиноят содир қилишда айблади. Шу сабабдан мен судга Навальний устидан арз қиляпман, ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам ариза билан мурожаат қиламан", - деб айтган тадбиркор ТАСС ахборот агентлигига.

Алексей Навальний эса бундан кейин ҳам Алишер Усмоновни коррупцияда айблашда давом этавериши ҳақида айтган.

"Қандайдир тушунарсиз жамғармаларга бекордан-бекорга уйлар совға қилинмайди. Мен буни пора деб биламан", - деб айтган Алексей Навальний.

Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ