"Ўзбекларнинг турли оқимлар таъсирига тушиши осонлашди"

Стокгольм ҳужуми қурбонлари хотирасига қўйилган гуллар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Стокгольм ҳужуми қурбонлари хотирасига қўйилган гуллар

Сўнгги ойлардаги Европада содир этилгани учун оммавий ахборот воситалари ва дунё ҳамжамиятини кўпроқ ўзига жалб этган зўравонликлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёга эътиборни қаратди.

Афғонистон ва Покистонда ҳам асли келиб чиқиши ўзбекистонлик жангарилар қўл урган қон тўкилиши ҳодисалари матбуотда ёритилган, бироқ ҳозиргидек акс-садо бермаган.

Туркия, Россия ва Швециядаги тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган ҳодисалар "нега ўзбеклар ёки Марказий осиёликлар бунча кўп зўравонликларга қўл урмоқдалар" деган саволни ҳам пайдо қилган.

2016 йилнинг 31 декабри - янги йил кечасида Истанбул шаҳридаги Reina тунги клубига ҳужум содир этилди.

Оқибатда 39 киши ҳалок бўлган, 40 одам яраланган.

Қурбонлар орасида 16 нафар хорижлик, жумладан, Саудия Арабистони, Исроил, Ливан, Иордания, Франция ва Белгия фуқаролари бўлган.

Ҳужум юз берган пайт клуб ичкарисида бир неча юз киши бўлган.

NTV телеканалининг хабар беришича, айрим одамлар ўзларини қутқариш учун ваҳима ичида Босфор бўғозига сакрашган.

"Исломий давлат" гуруҳи тунги клубга ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Қудрат Бобожонов: ўзбекларнинг оқимлар таъсирига тушиши осонлашди

16 январь куни Ўзбекистон фуқароси Абдулқодир Машарипов ҳибсга олинди.

Машариповнинг Афғонистонда махсус тайёргарликдан ўтгани, у Туркияга оиласи билан 2016 йил январида ноқонуний боргани хабар қилинди.

3 апрел куни тушки соат 14:30 ларда Санкт-Петербург метросининг "Сенная" ва "Технологический институт" бекатлари ўртасида бораётган поезд вагонида портлаш рўй берган.

Портлаш оқибатида 11 инсон ҳалок бўлган, қарийб 50 киши яраланган.

Шифохонада яна тўрт инсон ҳаётдан кўз юмди.

Портлашдан кейин метронинг "Қўзғолон майдони" бекатида ҳам портловчи модда топилгани ва уни зарарсизлантиришга муваффақ бўлингани ҳақида хабар тарқатдилар Россия расмийлари.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Пўлат Охунов: қийин аҳволдагиларни террорчиликка ёллаш осон

Россия Тергов қўмитаси портлашни содир этган шахс 1995 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган Акбаржон Жалилов деб эълон қилди.

Акбаржон Жалиловнинг 2011 йили Россия фуқаролигини олгани хабар қилинди.

7 апрел куни Швеция пойтахти Стокгольмнинг асосий пиёдалар юрадиган кўчаси - Дроттнинггатанда пиёдалар устига юк машинаси ҳайдалди.

Оқибатда тўрт инсон ҳалок бўлди, 15 киши жароҳатланган.

Ҳужумда фойдаланилган юк машинаси маҳаллий Spendrups пиво ишлаб чиқариш корхонасига тегишли бўлгани ва олиб қочилгани маълум бўлди.

Юк машинаси тротуар бўйлаб одамларни уриб кетган, сўнг Ahlens дўкони витринасига бориб урилган.

Шу куни Швед полицияси Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқиловни ҳибсга олди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Камолиддин Раббимов: аслида Стокгольмдаги терактми?

Маҳкамада 39 ёшли Раҳмат Оқилов 4 одамнинг ўлимига сабаб бўлган террор ҳужумидаги айбини бўйнига олган.

12 апрел куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба Раҳмат Оқиловга 2017 йил февралида халқаро жиноий қидирув эълон қилингани ҳақида хабар тарқатди.

Раҳмат Оқиловга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг "жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий тартиб учун таҳдид туғдирадиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш", "диний ва экстремистик ташкилотларга аъзолик", "вояга етмаган шахсни аксилижтимоий ҳаракатларга жалб қилиш" бандлари билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

"Самарқандда истиқомат қиладиган қариндошлари ва яқинларини сўраб-суриштириш натижасида шу нарса аниқландики, этник тожик Оқилов Швецияда бўлган пайти "Исломий Давлат"нинг тожик бўлими эмиссарлари таъсирига тушиб қолган, жангарилар тарафида Суриядаги жанговор ҳаракатларда иштирок этишга уринган. Хусусан, 2015 йили Оқилов Туркия-Сурия чегарасини кесиб ўтишга ҳаракат қилган, бироқ қўлга олинган. Унда "қочқин" мақоми борлиги сабабли ортга Швецияга депортация қилинган", деб хабар тарқатган Россиянинг РИА "Новости" ахборот агентлиги.

Хўш, нега ўзбеклар ёки Марказий осиёликларнинг зўравонликларга қўл уриши ҳодисалари кўпаймоқда?

Би-би-си ушбу савол билан Швецияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик мустақил журналист Қудрат Бобожонов, ўзбекистонлик мухолиф сиёсатчи Пўлат Охунов, Францияда яшайдиган сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг