Ўзбекистон Стокгольм ҳужумчиси юзасидан 'огоҳлантирган' бўлган

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, бу ҳақда бугун - жума куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов баён қилган.

Буюк Британиянинг нуфузли "Рейтер" ахборот агентлиги мухбири саволига жавоб бераркан, Комилов Швецияда 7 апрель кунги терактни содир этганлик гумони билан қўлга олинган Раҳмат Оқилов 1978 йилда Самарқандда туғилган Ўзбекистон фуқароси эканини айтган.

Раҳмат Оқиловнинг 2014 йилда Стокгольмга кетгани ва у ерда қурилиш ишларида ишлаганини билдирган.

Комилов Оқиловнинг чет элда экан, интернет орқали ИШИД халқаро "террорчи" гуруҳининг эмиссарлари томонидан улар сафларига ёлланган бўлганини маълум қилган.

"Ўзларида бўлган маълумотларга кўра, ИШИД сафларида жанг қилиш учун ватандошларини Сурияга сафар қилишга ундаган".

"Ўзбекистондаги давлат, бошқарув органлари ва ҳуқуқ-тартибот тизимлари ходимларига қарши зўравон амалларга ундашга уриниб кўриш учун кўп бор "террорчилик" мазмунидаги тарғибот мақсадини кўзда тутувчи видеороликларни интернет-мессенжерлар орқали Ўзбекистондаги яқинлари ва бошқа одамларига юборган".

Абдулазиз Комиловнинг жавобидан маълум бўлишича, Раҳмат Оқиловга қарши Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан жиноий иш қўзғатилган ва иш Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 127, 244 ва 244-1 моддалари бўйича олиб борилмоқда.

Раҳмат Оқилов, жумладан, ""вояга етмаганларни ғайри-ижтимоий хулқ-атворга жалб қилиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш, диний-экстремист, бўлгинчи, фундаменталь ва ёки бошқа тақиқланган ташкилотларга бошчилик қилиш ва улар фаолиятида иштирок этиш"да ҳам айбланмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг сўзларидан маълум бўлишича, "аввалроқ Раҳмат Оқиловнинг жиноий амалларига оид маълумотлар швед томонини огоҳ этиши учун хавфсизлик хизматлари линияси орқали ғарблик ҳамкорларидан бирига етказилган" бўлган.

Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги 12 апрель куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбасига таяниб, Швеция пойтахтидаги ҳужумда айбланаётган Раҳмат Оқилов февраль ойида халқаро қидирувга берилгани ҳақида ҳам хабар берганди.

Комиловга кўра, "мавжуд воқеълик террорчилик ва экстремизм таҳдиди глобал характер касб этиши ва бу каби чақириқларга қарши туриш ҳам худди шунга мувофиқ халқаро миқёсдаги кенг ва мувофиқлаштирилган чораларни талаб қилишига далолат қилиши"ни айтган.

Аён бўлишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг бу хусусдаги баёноти пойтахт Тошкентда, халқаро Пресс-клуб йиғини чоғида янграган.

Халқаро Пресс-клубнинг сессияси "Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичдаги долзарб масалалари" мавзусига бағишланган.

Хабарларга кўра, унда Абдулазиз Комиловдан ташқари Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам журналистларнинг саволларига жавоб қайтарган.

Тарихча ўрнида

Швеция пойтахти Стокгольмдаги "теракт" ўтган жума куни юз берган.

Дроттнинггатан кўчасида юк машинаси одамларнинг устига ҳайдалган, натижада тўрт киши қурбон бўлган, 15 нафари тан жароҳати олганди.

Ҳодиса билан алоқадорликда Швецияда икки киши қўлга олинган.

Хабарларда ҳар икки гумондорнинг ҳам Ўзбекистон фуқароси экани айтилган.

39 ёшли Раҳмат Оқилов ўша куни юк машинаси рулида бўлгани гумон қилинган.

Унинг устидан дастлабки маҳкама жараёни 11 апрель куни бўлиб ўтган.

Суд жараёнида Раҳмат Оқилов "ўз айбини тан олган".

Оқилов адвокатининг Би-би-сига маълум қилишича, ҳужум юзасидан 600 дан ортиқ гувоҳ сўроқ қилинган.

Раҳмат Оқилов ва "теракт"га алоқаси борлиги гумони билан қўлга олинган бошқа бир ўзбекистонликдан эса, гумондорлик олиб ташланган.

Бироқ уни Швециядан депортация қилиш қарори берилган.

Раҳмат Оқилов

Одноклассники ва VKontakte ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида Оқилов ўзининг Самарқандда туғилгани ва Самарқанд шаҳридаги 46-ўрта мактабда таҳсил олганини айтган.

Швед расмийларининг Би-би-сига айтишларича, Раҳмат Оқилов 2014 йилда Швециядан бошпана сўраган, аммо 2016 йил охирида рад жавобини олган.

Швеция полициясининг баёнотига кўра, ўтган йилнинг 16 декабрида Оқиловга Швецияни тарк этиши учун тўрт ҳафта муҳлат берилган.

Шундан сўнг Оқилов ғойиб бўлган ва Швецияда қидирувга берилган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Раҳмат Оқилов сўнгги пайтларда Стокгольмдаги ўзи рўйхатдан ўтган манзилда яшамаган.

Швед матбуотининг ёзишича, шу йил бошларида ўзининг собиқ ҳамкасбига йўлиққан Оқилов кунларини "уйқу ва чекиш билан" ўтказаётганиин айтган.

Хабарларга кўра, у Ўзбекистондан пул топиш мақсадида чиққан ва аёли ҳамда 4 нафар фарзандига пул жўнатиб туриши керак бўлган.

Қурилишда ишлаган Оқиловнинг бир неча ой аввал иш жойида ухлаб қолгани сабаб ишидан айрилгани айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг