Швеция Комилов сўзлари борасида нима дейди?

Швеция Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Агар, швед оммавий ахборот воситаларига таянилса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг бугун Тошкентда янграган сўзларига ҳам Швеция Ташқи, ҳам Ички ишлар вазирлиги ва ҳам Хавфсизлик Хизматининг жавоби жуда қисқа бўлган.

"Aftonbladet" нашридаги мақола Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Стокгольмдаги "теракт" гумондори, асли самарқандлик Раҳмат Оқилов билан алоқадор "Рейтер" ахборот агентлиги мухбири саволига берган жавобидан қисқа вақт ўтмай чоп этилган.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 08:26 да чоп этилгани англашилган бу мақола "Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири: Швецияни Раҳмат Оқилов борасида огоҳлантирганмиз", - дея номланган.

Халқаро Пресс-клубнинг Тошкентдаги сессияси чоғида Комилов, "швед томонини огоҳ этиши учун Раҳмат Оқиловнинг жиноий амалларига оид маълумотлар аввалроқ хавфсизлик хизматлари линияси орқали ғарблик ҳамкорларидан бирига етказилгани" ҳақида айтган.

Раҳмат Оқиловнинг 2014 йилда Ўзбекистонни тарк этиб, Швеция пойтахти Стокгольмда қўним топгач, ўша ерда интернет орқали ИШИД гуруҳи сафларига ёлланган бўлганини маълум қилганди.

Муносабатлар

"Биз бунга ўхшаш бирор бир маълумот олмаганмиз. Ташқи ишлар вазирлигида бу каби ҳужжат олингани қайд этилмаган", - деб айтган вазирлик матбуот хизмати вакиласи "Aftonbladet" нашрига.

Швед нашри Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг айни сўзлари юзасидан бу ҳақда Швеция Хавфсизлик Хизмати - SAPO нинг ҳам муносабатини олишга уринган.

Аммо, "Aftonbladet"нинг ёзишича, SAPO нинг коммуникация масалалари бўйича стратеги Карл Мелин, "гап бу каби маълумотларга келганда, улар юзасидан бирор бир шарҳ бера олмасликлари"ни айтиб, жавоб берган.

Нашрнинг, "ҳужумдан аввал бу шахс борасида Ўзбек масъуллари билан мулоқотда бўлишгани-йўқлиги" саволига жавобга келганда ҳам, стратег, яна бир бор "ўзларининг Оврўпо Хавфсизлик Хизматлари билан қандай иш олиб боришлари юзасидан бир сўз айтолмаслик"ларини айтиб, гапни калта кесган.

"Aftonbladet"нинг, "Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири берган маълумотларни тасдиқлай оласизми?", - деган саволига ҳам Карл Мелиннинг жавоби мухтасар бўлган.

Швеция Хавфсизлик Хизмати коммуникация масалалари бўйича стратеги яна бир бор, "бу каби маълумотларни на-да тасдиқлай ва на-да рад эта олишлари"ни таъкидлаган.

Аммо, аввал ҳам айтганларидек, 2016 йилда бу шахсга оид"айрим жосуслик маълумотларини қўлга киритганликлари"ни қўшимча қилган.

Стокгольмдаги сўнгги теракт манзарасида швед махсус хизматлари Раҳмат Оқилов ўзларининг кўз остларига ўтган йил тушгани, аммо уни "таҳдид" эмас, балки "маргинал" сифатида кўрганликларини эътироф этишган.

Аввалроқ

2016 йилда Оқиловга оид ҳам айрим жосуслик маълумотларини қўлга киритишгани, аммо уларни тасдиқлай олмаганликлари ва шу боис ҳам уни ўзлари учун муаммо, деб билмаганликларини айтишганди.

Ҳозирга келиб аён бўлишича, SAPO бу хусусда ўзининг расмий "Twitter" аккаунтида ҳам ёзган, махсус пресс-релиз ҳам чиқарган.

Аммо бу хусусда "маълумотлар ва миш-мишлар жуда кўп экани"ни айтган.

"Уларнинг турли форумларда кенг тарқалган ва турли мақсадларни кўзловчи турли манбалардан экани, моҳиятидан келиб чиқиб, бу каби кўплаб миш-мишларни Хавфсизлик Хизмати шарҳламаслиги"ни билдирган.

"Aftonbladet" бу хусусда Швеция Ички ишлар вазиридан ҳам расман изоҳ олишга уринган, Андрес Йгеман ҳам ўз матбуот воизи орқали бу каби маълумотларни "шарҳлай олмасликлари"ни баён қилган.

Воиз Фредрик Перссон, "Бу ҳақда мамлакат Хавфсизлик хизмати билан сўзлашиш"ни тавсия қилган, "фақат уларгина бунга ҳақли" эканликларини айтган.

Орада кечган бир неча соат вақт давомида айни масалага Швеция Давлат телевидениеси ҳам ўз эътиборини қаратган. Улар ҳам айни масаланинг тагига етиш, бу хусусда мамлакат масъул идораларининг муносабатларини олишга уринишган.

Раҳмат Оқилов

Стокгольм туман маҳкамаси сешанба куни Раҳмат Оқиловни ҳибс остида қолдиришга қарор қилган.

Швеция пойтахтидаги "теракт"дан бир ҳафта ўтиб, Тошкент расман Ўзбекистон фуқароси эканини тасдиқлаган Раҳмат Оқилов "террорчилик"ка алоқадор айбларда айбланмоқда.

Унинг адвокати эса, худди ўша куни мижозининг "ўз айбини тан олгани"ни маълум ҳам қилганди.

Агар, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг бугунги жавобига таянилса, Раҳмат Оқиловга нисбатан она вилояти Самарқандда ҳам аллақачон жиноий иш очилган.

Вазирга кўра, бу жиноий иш Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 127, 244 ва 244-1 моддалари бўйича олиб борилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг