Швеция ўзбеклар учун оҳанрабомиди?

Стокгольмда олча гуллади Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Швеция Миграция бўйича агентлигининг Би-би-си Ўзбек хизматига маълум қилишича, охирги беш йил мобайнида қарийб 2000 ўзбекистонлик Швециядан сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилган.

Мурожаат қилганларнинг аксарига рад жавоби берилган.

Швеция Миграция бўйича агентлиги 2012 йилдан 2017 йилнинг апрелигача жами 282 Ўзбекистон фуқаросига сиёсий бошпана берилганини тасдиқлади.

Аризаси рад этилганларга нима бўлган, неча киши депортация қилинган, бу ҳақда маълумот йўқ.

Швед расмийлари қарийб 200 ўзбекистонликни депортация кутаётгани ҳақида хабар бердилар.

500 га яқин Ўзбекистон фуқароси Швеция ҳудудида нолегал яшаб келаётгани айтилди.

Аммо Швецияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик фаоллар ушбу Скандинавия мамлакатида ноқонуний истиқомат қилаётган ватандошлари сонини бундан ҳам кўп деб тахмин қилишади.

Расман Швеция бошпана берган ўзбекистонликларнинг сони 5000 дана ортиқ деб кўрилади.

"Швецияга биринчи бўлиб келганлар Ўзбекистон демократик ҳаракатининг вакиллари бўлганлар", дейди Швецияда сиёсий бошпана топган мухолиф сиёсатчи Пўлат Охунов.

Ўзбекистонда 1990-йиллар ўрталаридан мусулмонларга нисбатан таъқиблар кучайганидан кейин ватанини тарк этган ўзбекистонликларни ҳам Швеция қабул қилган.

2005 йилги Андижон қирғинидан кейин кўплаб андижонлик қочқинлар ўша ерга бориб жойлашдилар.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Пўлат Охунов: қийин аҳволдагиларни террорчиликка ёллаш осон

Швециядаги ўзбекларни уч гуруҳга бўлиш мумкин: улар Ўзбек демократик мухолифати вакиллари, диний эътиқоди туфайли Ўзбек ҳукумати тазйиқларидан қочганлар ва ишлаб пул топиш мақсадида Швецияга борган меҳнат муҳожирлари.

Стокгольм марказида пиёдалар устига юк машинасини ҳайдаб тўрт инсон ўлимига, 40 одамнинг жароҳатланишига сабаб бўлган Раҳмат Оқилов 2014 йили Швецияга етиб борган.

1978 йил 14 февралда Самарқанд шаҳрида туғилган Раҳмат Оқиловнинг бошпана сўраб ёзган аризаси 2016 йили рад этилган.

Швеция полициясининг баёнотига кўра, ўтган йилнинг 16 декабрида Оқиловга Швецияни тарк этиши учун тўрт ҳафта муҳлат берилган.

Шундан сўнг Оқилов ғойиб бўлган ва Швецияда қидирувга берилган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Раҳмат Оқилов сўнгги пайтларда Стокгольмдаги ўзи рўйхатдан ўтган манзилда яшамаган.

Хабарларга кўра, у Ўзбекистондан пул топиш мақсадида чиққан, аёли ҳамда 4 нафар фарзандига пул жўнатиб туриши керак бўлган.

14 апрел куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Раҳмат Оқиловнинг Швецияда ИШИД сафларига ёллангани ҳақидаги маълумотни "ғарблик ҳамкорларидан бирига етказилган"ини айтган.

Швеция матбуоти мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги "бу каби ҳужжат олингани қайд этилмаган"и ҳақида хабар тарқатди.

Швециянинг Хавфсизлик Хизмати - SAPOнинг коммуникация масалалари бўйича стратеги Карл Мелин, "гап бу каби маълумотларга келганда, улар юзасидан бирор бир шарҳ бера олмасликлари"ни айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ